loader
Foto

Мусулмон биродарига «эй кофир», деган кишининг ҳукми

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши биродарини кофирга чиқарса, албатта, иккисидан бири куфрга дучор бўлади», дедилар».

Шарҳ: (боа) сўзи «қайтиш» маъносини англатади. Бошқа ривоятда унинг ўрнига (ҳора) сўзи ишлатилган. Аслида, унинг маъноси ҳам айнан (боа) сўзининг маъноси билан бир хил. Шунда ҳадиснинг маъноси қуйидагича бўлади: «Қайси киши ўзининг мўмин биродарини кофир деса, ўзи ёки биродари кофир бўлади».

Бу ҳадиси шарифнинг зоҳиридан гуноҳи кабира қилган кишининг кофир бўлиши тушунилади. Аслида, аҳли сунна вал жамоа мазҳабида гуноҳи кабира қилган киши кофир бўлмаслиги керак. Бир киши кимнидир кофир деса, унинг эътиқодида «Ислом дини ботил» деган тушунча бўлмайди. Шунинг учун у кофир дейилмайди. Бундай дейиш гуноҳи кабира бўлса, нима учун ҳадиси шарифда кофир бўлади, дейилмоқда. Бу саволга бир неча жавоблар берилган:

Биринчи жавоб: Ким, мўмин биродарини кофир дейиш мумкин, деган эътиқодда кофир деса, ўзи кофир бўлади. Чунки ҳалолни ҳаром деб билиш куфр бўлади. Бу ҳолатда кимнингдир иймонига, шаҳодатига ҳамла қилиб, уни кофирга чиқармоқда. Натижада унинг ўзи кофир бўлади.

Иккинчи жавоб: Бировни «Эй кофир», дейиш кишини куфрга олиб боради. Яъни бундай дейишда кофир бўлиб қолиш хавфи бор. Бу инсон бугун кофир бўлмаса-да, бора-бора бир кун диндан чиқиб қолади.

Учинчи жавоб: Ҳадисдаги «қайтади», деган сўздан қуйидаги

маъно тушунилади: «Кишини бу айтган сўзи осмонга кўтарилади ва у ердан ўзига жой топмагач, ким ҳақида у сўз айтилган бўлса ўша инсонга тушади. Лекин у инсон кофир деган сўзга лойиқ бўлмаса, ундан ҳам кўтарилиб, у сўзни айтган кишига бориб тушади ва у гуноҳкор бўлади. Бу маънода бир ҳадис ҳам бор.

Тўртинчи жавоб: Бу ердаги куфрдан куфрсиз куфр деган маъно тушунилади. «Куфрун дуна куфрин» истилоҳини Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо жорий қилган. Бу нарса бугунги кунгача давом этиб келади.

Бешинчи жавоб: Бу ҳукм зажр, танбеҳ юзасидан айтилган. Ушбу жавоб яхшироқ. Чунки унда ҳеч қандай таъвилга зарурат йўқ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси киши биродарини «Эй кофир», деса, иккисидан бири у билан қайтади. Агар айтгани каби бўлса (ўша биродари кофир). Бўлмаса ўзига қайтади», дедилар».

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси киши билиб туриб, отасидан бошқасига ўзини мансуб қилса, кофир бўлибди. Ким ўзиники бўлмаган нарсани даъво қилса, биздан эмас. У жойини дўзахдан тайёрлабди. Ким бир кишини кофир, деб чақирса ёки: «Аллоҳнинг душмани», деса-ю, аслида у бундай бўлмаса, (айтган сўзи) ўзига қайтади», дедилар»

Шарҳ:

Ҳадисда: «билиб туриб», дейилди. Яъни ҳақиқатни билиб туриб ўзини бошқа инсонга нисбат берса ҳадисдаги тахдидга гирифтор бўлади. Масалан, бир кишининг отаси машҳур бўлмаса ва у ўзини машҳурроқ кишининг ўғли сифатида кўрсатишни хоҳлаб, бошқасига ўзини мансуб қилади. Аксинча, кимдир билмай ўзини кимгадир нисбатласа, у киши ҳадис мазмунига алоқадор бўлмайди. Ҳадисдаги «кофир бўлади» сўзининг бир таъвили, нисбатлашни ҳалол санаб қилса, кофир бўлади, деган маънода. Иккинчи таъвили, бундай қилган киши нонкўрлик қилган бўлади. Шунда ҳадис куфрсиз куфр (ёки куфрдан бошқа куфр) тарзида талқин қилинган бўлади. Ҳадисдаги «ўзиники бўлмаган нарсани даъво қилса», яъни ўзини қайсидир оилага ёки насабга нисбатлаши мумкин эмас. Масалан, бир киши ансорий эмас, лекин у ўзини ансорийларга мансуб қилади. Қассоб киши ўзини қурайшлик, деб даъво қилиши ёки олим, пир бўлмаган киши жуббаларни кийиб олиб, ўзини-ўзи олим, фозил, пир қилиб кўрсатиши ёки бир киши ҳеч қандай камолотга етмаган, лекин у ўзини камолот соҳиби деб даъво қилиши каби ҳолатлар бунга мисол бўлади.

Ҳадисдаги «у биздан эмас», яъни у қилаётган иш мусулмонлар сийратидан эмас. Бундан Исломдан чиқди, деган тушунчага бормаслик керак. Бу сўзни қайтариққа буриш ҳам мумкин. Ҳадисдаги «жойини дўзахдан тайёрлабди» ибораси буйруқ майлида бўлса ҳам дарак гап маъносида. Яъни маълум бўлсинки, у жойни жаҳаннамдан олибди.

Ҳадисдаги «Аллоҳнинг душмани» иборасидан аввал нидо ҳарфи тушиб қолган, асл ибора (я адувваллоҳ) «эй Аллоҳнинг душмани» шаклида бўлади. Бу сўзларнинг барчаси ноҳақ айтилган бўлса, айтувчининг ўзига қайтади.

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг

"Саҳиҳи Муслим шарҳи" китобидан