loader
Foto

Бусро ибн Абий Артоҳнинг Ҳижозга юборилиши

Муовия розияллоҳу анҳу 660 йили Бусро ибн Абу Артоҳ бошчилигида Ҳижозга қўшин жўнатди. Бу қўшин дастлаб Мадинага келди. Бу вақтда Мадинада Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу омил (Омил - Араб халифалигида кичикроқ маъмурий-бирликларни бошқарувчи) вазифасида ишлар эди. Шом қўшинининг хабарини эшитган Абу Айюб розияллоҳу анҳу Мадинадан Куфага жўнаб кетди. Мадиналиклар Бусрога таслим бўлиб, унга байъат бердилар. Байъат берганлар орасида Жобир ибн Абдуллоҳ, Абдуллоҳ ибн Замъа ва Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳум каби саҳобалар ҳам бор эди.

Мадинани бўйсундирган Бусро ибн Абий Артоҳ Маккага борди. Маккада ҳеч кимга зарар етказмай шаҳарни эгаллади ва Яман тарафга йўл олди. Бусронинг келаётганидан хабар топган Яман омили Убайдуллоҳ ибн Аббос Куфага жўнаб кетди. Бусро Яманни эгаллади ва Убайдуллоҳнинг икки ўғлини қатл қилди. Али розияллоҳу анҳу Бусро қўшинига қарши Жория ибн Қудома ва Ваҳб ибн Масъуд бошчилигида тўрт минг кишилик қўшин жўнатди. Жория Нажронга етиб келганида Бусро Маккага қочиб кетди. Жория уни таъқиб қилиб Маккага борди ва шаҳарни эгаллади. Шу вақтда Али розияллоҳу анҳунинг ўлдирилганидан хабар топган Жория Маккадан Мадинага келиб, унинг аҳолисидан Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу учун байъат олди.

С.Умматалиевнинг

"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан