Унинг сабаби, Ибн Саъд ва бошқаларнинг ривоятига кўра, мусулмонларга савдогарлар орқали румликлар катта қўшин тўплагани ва ударга румнинг қўл остида бўлган Луҳам ва Жузом қабилаларидан иборат насроний арабларнинг ҳам қўшилганлиги хабари етиб келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса уларга қарши чиқишга амр қилдилар. Табароний ривоят қилишича, Рум лашкарининг адади қирқ мингта бўлган. Бу ғазот ҳижрий тўққизинчи йилида бўлиб, ёз фасли эди. Ҳарорат жуда баланд эди. Мадина мевалари ғарқ пишган палла эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одатда ғазотга чиқишдан олдин бошқа томонга чиқмоқчи эканликларини эълон қилар, амалда эса кўзлаган томонга юрар эдилар. Бу гал одатларига хилоф равишда одамлар яхшироқ тайёргарлик кўришлари учун айни чиқиладиган тарафни эълон қилдилар.
Сафар жуда қийин бўлгани сабаб, чин мўмин киму, мунофиқ ким ажралиб қолди. Мунофиқларнинг айримлари бир-бирларига бундай иссиқда жангга чиқманглар дейишса, бошқалари Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи ва салламга: "Менга жангдан қолишга изн беринг, мени фитнага - балога солманг, Оллоҳ номига қасамки, қавмим мени яхши билади, мендан кўра аёлларга қизиққанроқ киши йўқдир, Бани Асфар қабиласининг аёлларини кўрганда сабр қилолмайман деб қўрқаман", деди. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи ва саллам ундан юзларини ўгириб олдилар ва истаганини қилишга изн бердилар.
Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул (мунофиқларнинг каттаси) Мадина чеккасида ўзининг ҳамтовоқлари ва иттифоқдошлари билан аскаргоҳ қурди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юришни бошлаганларида эса ўзининг одамлари билан ортда қолиб кетди. Бу ҳақда Оллоҳ таоло ушбу оятни нозил бўлган:
"(Жиҳодга чиқишдан) қолган (қочган мунофиқлар) Оллоҳнинг Пайғамбарига хилоф қилиб қолганларидан хурсанд бўлдилар ва молу жонлари билан Оллоҳ Йўлида жиҳод қилишни ёмон кўрдилар ҳамда (бир-бирларига): "Бу иссиқда урушга чиқманглар", дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: "Агар улар англай олсалар жаҳаннам оташи янада иссиқроқдир" (Тавба сураси, 81-оят).
"Уларнинг орасида: "Менга (жангдан қолиш учун) изн бергин, мени фитнага — балога солмагин", дейдиган кимсалар ҳам бордир. Огоҳ бўлингизким, улар (жангдан қолишлари сабабли) фитнанинг ўзига тушдилар. Шак-шубҳасиз, жаҳаннам (бундай) кофирларни ўраб олгувчидир" (Тавба сураси, 49-оят).
Мўминлар эса ҳар тарафдан келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг атрофларига жамландилар. У зот бой, бадавлат кишиларни инфоқ, эҳсон қилишга, ҳузурларидаги уловларини аскарларга тақдим қилишга ундаган эдилар. Кўпчилик имконлари борича мол, қуролларни тақдим қилдилар. Усмон розияллоҳу анҳу уч юз туя билан минг динор тақдим қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Усмонга бундан кейин қилган (хато, гуноҳлари) зиён қилмайди", дедилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу бутун молини, Умар розияллоҳу анҳу эса молининг ярмини тақдим қилди. Термизий Зайд ибн Асламдан, у эса отасидан ривоят қилади, Зайднинг отаси Аслам айтади: Мен Умар ибн Хаттобни шундай деганини эшитдим: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни садақа қилишга буюрдилар. Ҳузуримда кўп мол бор эди. Ўзимга ўзим дедим: Агар Абу Бакрдан ўзадиган бўлсам, бутун ўзишим мумкин, дедимда, молимнинг ярмини олиб келдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Аҳли оилангга қанчасини қолдирдинг", дедилар. Мен: "Ярмини, дедим. Кейин Абу Бакр молининг ҳаммасини олиб келди. Шунда у зот: "Эй Абу Бакр, аҳли оилангга нима қолдирдинг", дедилар. Абу Бакр: "Уларга Оллоҳни ва Расулини қолдирдим", деди. Шунда мен ўзимга: "Абу Бакрдан ҳеч қачон ўза олмас эканман", дедим".
Мусулмонлардан яна бир қанча киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жиҳодгачиқиш учун улов сўраб келишди. У зот: "Сизларга улов топа олмаяпман", деб жавоб қилдилар. Улар жангга чиқиш таъминотига эга бўла олмаганларидан хафа бўлиб, кўзларида жиққа ёш билан ортларига қайтишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жангга тақрибан ўттиз минг мусулмон билан чиқдилар. Мусулмонлардан бир қанчаси - Каъб ибн Молик, Мурора ибн Робиъ, Ҳилол ибн Умайя ва Абу Ҳайсамалар жангга чиқолмай қолиб кетдилар. Улар ибн Исҳоқнинг айтишича, Исломларида шак бўлмаган, чин мўминлар эди. Лекин уларнинг ичидан Абу Ҳайсама Табукка етиб борди.
Табароний, Ибн Исҳоқ ва Воқидийларнинг ривоят қилишларича, Абу Ҳайсама Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи ва саллам жангга кетганларидан бир неча кун кейин куннинг иссиқ пай-тида аҳлининг олдига келди. Унинг икки аёли ўзининг боғидаги икки чодирда, атрофга сувлар сепиб, салқинлатиб, эрлари учун таом ҳозирлаб кутиб туришган экан. Абу Ҳайсама чодир эшиги олдига келиб аёлларига ва улар ҳозирлаган нарсаларга қараб туриб шундай деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуёшда, шамолда ва иссиқда юрсалар, Абу Ҳайсама эса салқин соя, тайёр таом, тузал аёл ва мол-дунё ичида ўтирса, бу Оллоҳ номига қасам, адолатдан эмас, иккалангиздан биронтангизнинг чодирингизга кирмайман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб оламан, деди. Аёллари унга сафар анжомларини тайёрлашди, у туясини миниб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортидан излаб бориб, у зотга Ҳунайнга тушган пайтларида етиб олди. Абу Ҳайсама яқинлашгач, саҳобалар биз томонга бир киши келяпти, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Абу Ҳайсама бўлсайди", дедилар. Саҳобалар: "Оллоҳ номига қасамки, бу Абу Ҳайсамаку, эй Расулуллоҳ", дейишди.
У туясини чўктириб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб бўлган ишларни айтиб берди. У зот унга дуойи хайр қилдилар.
Бу сафарда мусулмонлар қаттиқ машаққатларни бошларидан ўтказдилар. Имом Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Табук ғазотида одамларга қаттиқ очлик етди. Шунда одамлар: Эй Расулуллоҳ, рухсат берсангиз туя-уловларимизни сўйиб есак, дейишди. У зот: Майли, шундай қилаверинглар, дедилар. Шу пайт Умар розияллоҳу анҳу келиб: Эй Расулуллоҳ, агар бундай қиладиган бўлсак, уловларимиз камайиб кетади, шунинг учун уларга буюринг, ортган зодироҳилаларини келтириб, йиғсинлар, сўнг Сиз уларга баракот тилаб дуо қилинг, шояд Оллоҳ барака ато қилса, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир чарм тўшамани ерга тўшашни ва унга ортган зо-дироҳилаларини келтиришларини буюрдилар. Бас, биров бир ховуч жуҳори, бошқа биров бир кафт хурмо келтира бошлади. Шундай қилиб озроқ нарса тўпланди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи ва саллам жамланган нарсаларга баракот тилаб дуо қилдилар. Кейин одамларга: "Идишларингизга олаверинглар", дедилар. Аскаргоҳдаги биронта идишни ҳам қолдирмай тўлдиришди, ўзлари ҳам еб тўйишди. Тўшамадаги нарса эса ортиб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва ўзимнинг Оллоҳнинг Элчиси эканимга тувоҳлик бераман. Ким Оллоҳга ушбу калималар билан, (У Зотга) ширк келтирмасдан йўлиқса, унга жаннат очиқдир", дедилар.
Табукка боргач, ҳеч қандай жангга дуч келмадилар. Жанг қилиш учун жамланганлар яши-риниб, тарқалиб кетишибди. Бир оздан кейин Айла ҳокими келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан жизя - солиқ тўлаш асосида сулҳ тузди. Жирбо ва азраҳликлар ҳам келишиб у зотга жизя тўладилар. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи ва саллам бу ҳақда уларга нома ёзиб бердилар.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага қайтдилар. Мадинага киргач, у зот ўз саҳобаларига: "Бу Тобадир, мана бу биз севадиган, бизни ҳам севадиган Уҳуд тоғидир", дедилар. Яна сўзларида давом этиб: "Мадинада шундай қавм қолган эдики, сизлар қаерда юрсангизлар, қайси водийни кесиб ўтсангизлар, улар сизлар билан бирга бўлдилар", дедилар. Саҳобалар:
"Эй Расулуллоҳ, улар Мадинадалар", дейишди. У зот: "Ҳа, улар Мадинадалар, уларни узр тўсиб қолган", дедилар.
Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом ўша йилнинг ўзида, Рамазон ойида Мадинага қайтдилар. Шунда у зот Мадинада мавжуд бўлмаган вақт тақрибан икки ойни ташкил этади.
Шайх Рамазон Бутийнинг
"Фиқҳус-сийра - Сийратни англаш" китобидан
Зиёуддин Мансур ҳафизаҳуллоҳ таржимаси