loader
Foto

Мусулмон шахс жанозага қатнашади

Мусулмон буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига бўйсунгани учун қилади: “Мусулмоннинг мусулмон устида беш ҳаққи бор: Саломга алик қайтаради, касални кўради, жанозага қатнашади, чақириққа жавоб беради, (яъни, бирор маросимга айтилса - боради), акса урганга ярҳамукаллоҳ дейди” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Жаноза кунида одамлар орасида авж олган бақир-чақир килиб йиғлаш, жаноза намозига бепарво бўлиш ва шу каби маъсият, бидъат ишларга беэътибор бўлмай, уларни тузатишга ҳаракат қилиш зарур. Кўпилик маййитни кўмгани тайёрлаш, хонадон ахдидан мусибатни енгиллатиш ишлари билан бўлиб, бу гуноҳларни қайтаришга бепарво бўлиб қолади.

Жон чиқар вақти бўлиб, касални ўлиши яқинлашганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига амал қилган ҳолда унга шаҳодат калимасини талқин қилади: “Маййитингларга шаҳодат калимасини талқин қилинглар” (Муслим ривояти).

Касал руҳини топширгач, унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Саламага ўлими пайтида қилган дуони қилади: “Аллоҳим, Абу Саламани мағфират қил, уни маҳдийлар даражасига кўтар, унинг ортида қолган яқинларига Ўзинг ўринбосар бўлгин, бизларни ва уни мағфират қил, эй оламлар Парвардигори, унинг қабрини кенг, нурли қилгин” (Муслим ривояти).

Кейин мусибатланганларнинг мусибатини енгиллаштирадиган бу йўқотишга, бу ўлимга сабр қилишнинг Аллоҳнинг ҳузуридаги савобини, фазилатини ва Аллоҳ таоло савоб умид қилувчи сабрлиларга тайёрлаган буюк ажрини баён қилувчи ҳадиси шарифларни айтади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ таоло айтади: Бирор мўмин бандамнинг яқинларидан бирортасининг жонини олсам ва у савоб умидида бу мусибатга сабр қилса, унга жаннатдан бошқа мукофотим йўқ” (Бухорий ривояти).

Яна, у мусибат аҳлларига яқини ўлган одам ўзини қандай тутиши лозимлигини зикр килади. Усома ибн Зайддан ривоят қилинади, айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизларидан бири у зотга қизлари чақираётганини, унинг бир гўдаги ёки ўғли ўлим тўшагида ётганини хабарини етказгани бир одам жўнатди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар олиб келган одамга: “Унга қайтиб бориб хабар бергин, бергани ҳам, олгани ҳам Аллоҳникидир. Унинг ҳузуридаги ҳар бир нарса белгилангандир, унга буюр, сабр қилсин, савоб умид қилсин” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Яна мусулмон одам мусибат эгаларига фарёд қилиб йиғлаш, кийимларни йиртиш, юзга уриш, айтиб йиғлашнинг ҳаромлигини, бу ишлар маййитга қабрда азоб беришини, буни қилувчи кимса катта гуноҳ қилаётганини айтиши лозим. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Маййит унга фарёд урилганлиги учун...”. Яна бир ривоят-да “..модомики унга фарёд урилса - азобланади” (Бухорий ва Муслим ривояти).

“Юзига урган, кийимини йиртган, жоҳилият даври дуосини қилган - биздан эмас” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Умму Атийя Нусайба розияллоҳу анҳодан ривоят килинади, айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизлар билан ўлганга фарёд урмасликка байъат қилганлар”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Фарёд уриб йиғловчи ўлимидан аввал тавба қилмаса, Қиёмат куни устида қорамойдан иборат иштон ва қўтир кўйлак кийган ҳолда турғизилади” (Муслим ривояти).

Аммо кўздан оқувчи ёш қалбдаги алам ўтини ифодалайди. Ундай йиғловчилар, агар фарёд урмасалар, ҳаром қилинган ишларни қилмасалар гуноҳкор бўлмайдилар. Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд нбн Убодани кўргани бордилар. У зот билан бирга Абдурраҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумлар ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар, буни кўрган қавм ҳам йиғлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эшитяпсизларми, Аллоҳ таоло кўз ёш учун қалб қайғуси учун азобламайди, лекин у зот мана бу сабабли азоблайди ёки раҳм қилади”, дедилар ва тилларига ишора қилдилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Усома ибн Зайддан ривоят қилинади, Расулул-лоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қизларининг ўғли жони чиққан ҳолда берилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзларидан ёш чикди. Буни кўрган Саъд: “Ё Расулуллоҳ, бу нима?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу раҳматдир. Аллоҳ таоло уни бандаларининг қалбларига жо қилган. У Зот раҳмли бандаларигагина раҳм қилади”, дедилар” (Бухорий ва Муслим ривоятй).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўғли Иброҳим-нинг олдига кирди. Иброҳим сўнгги нафасини олаётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзларидан ёш оқа бошлади. Абдурраҳмон ибн Авф: “Сиз йиғлаяпсизми, ё Расулуллоҳ”, - деди. Шунда у зот: “Эй ибн Авф, бу раҳмат ёшидир”, - дедилар, сўнгра яна йиғладилар ва: “Кўздан ёш оқади, қалб маҳзун бўлади. Бизлар фақат Парвардигоримиз рози бўладиган сўзни айтамиз. Бизлар сендан ажралганимиз учун қайғудамиз, эй Иброҳим”, дедилар.

Тақводор мусулмон жанозага қатнашишда буюк савоб борлиги сабаб, жанозага ҳатто дафн қилингунча қатнашмоққа ҳарис бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар бердилар: “Ким жанозага қатнашиб, намоз ўқиса, бир қийрот савоб олади, дафн қилингунча қатнашса - икки қийрот ёзилади”. Сўралди: “Икки қийрот нима?” Жавоб бердилар: “Икки буюк тоғ” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Маййит билан видолашиш маросимига қатнашишга Исломнинг бунчалик тарғиб қилишидан мақсад, мусулмонлар ўртасидаги биродарлик алоқалари, вафо туйғуларини мустаҳкамлашдир. Хусусан, улар-нинг маййитга жаноза ўқиш учун тизилган сафдагиларнинг шафоатлари қабул қилинишини билсалар, бундай хамдардликлардан кейин мусибат эгалари чиройли сабр қиладилар, ҳамдардликни сезадилар.

Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Бирор-бир мусулмон киши ўлиб, унинг жанозасида Аллоҳга ширк келтирмаган қирқ киши турса, Аллоҳ таоло уларнинг ўлик ҳақидаги оқловларини қабул қилади” (Муслим ривояти).

Мусулмон одам жаноза намозининг аҳкомларини билмоғи, ундаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган дуоларни ёд олмоғи керак. Мурда кўндаланг қўйилиб, одамлар намозга саф тортганларидан кейин имом такбири увлони айтади. Кейин сано дуосиии ўқийди. Кейин иккинчи такбирни айтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Иброҳимия салавотларини айтади. Кейин учинчи такбирни айтиб, маййитга ва мусулмонларга дуо қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан колган маййитга ўқиладиган энг саҳиҳ дуо Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган дуодир: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жаноза намозини ўқидилар. Мен у зотнинг ўқиган дуоларини ёдлаб олдим. У зот шу дуони ўқидилар: “Аллоҳим, уни мағфират қил, унга раҳм эт, уни афв қилгин, жойини мукаррам айла. Қабрини кенг қил, уни сув, қор ва дўл билан ювгин. Уни оқ кийимни кирдан тозалагандек хатолардан тоза қилгин, унга унинг уйи ўрнига уйдан яхшироқ ҳовли, ахди ўрнига яхширок оилани, аёли ўрнига яхшироқ аёлни алмаштириб бергин. Уни жаннатга киргизгин. Уни қабр азобидан, дўзах азобидан сақла”. Авф ибн Молик айтади: Ўша пайтда ўша маййит мен бўлиб қолишимни орзу қилдим. Сўнг тўртинчи такбирни айтиб салом беради. Маййитни кабрга қўйилади. Дафн маросими тугагач, маййитга мағфират сўраб, унинг ҳақига дуо қилади. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган ва буюрган амалдир. Бу ҳақда Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу хабар беради, айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дафндан бўшагач, у ерда турдилар ва: “Биродарингларга мағфират тиланглар, унга барқарорлик сўранглар. Ҳозир у сўроқ қилинмоқда”, дедилар. Амр ибнул Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, айтади: “Мени дафн килганинглардан кейин, то мен сизлар билан овуниб, Парвардигоримнинг элчиларга қандай жавоб қайтаришимни билиб олгунимча, қабрим атрофида бир туяни сўйиб, гўштларини тақсимлаган муддат миқдорича туринглар”.

Шофеъий розияллоҳу анҳу айтади: “Маййит дафн қилингач, у ерда Қуръони Каримдан оятлар ўқилиши мустаҳабдир. Агар Қуръон хатм қилса, яна ҳам яхши бўлади. Мусулмоннинг бундай муносабатлар-да қатнашиши унинг ижтимоий ҳаётни тўла идрок қилишига далил бўлади. Яъни, ҳаёт фақат ҳурсандчилик, бахтли кунлардан иборат эмас. Унда шодлик хам, қайғу хам, сурур ҳам, маҳзунлик хам, кенглик ҳам, торлик ҳам, табассум ҳам, кўзёш ҳам бордир. Бунинг ҳаммасида мусулмоннинг ўз ўрни бўлиб, бирортаси ундан ўтиб кетмайди. Буларнинг ҳар бирида у бажарадиган вазифа, айтадиган сўз, қиладиган вожиблар бордир.

Муҳаммад Али Ҳошимийнинг

"Мусулмон ахлоқи" китобидан