loader
Foto

Ҳадисларни инкор қилувчилар тоифалари

Ҳадис илмида бир қанча баҳслар бор. Улардан бири «Ҳужжийат ал-ҳадис» деб аталади. Яъни ҳадиснинг ҳужжатлиги, унинг ҳужжатликка яраши борасидаги мавзу.

Бутун ислом умматининг ижмоъси, иттифоқи шуки, Қуръони каримдан кейинги диннинг энг катта манбаси ҳадиси шарифдир. Бунга Ислом уламоларининг барчаси, барча мазҳаб олимлари, ҳақ мазҳаблар ҳам, ботил мазҳаблар ҳам ижмоъ қилганлар. Бироқ замонлар ўтиши билан, XX асрнинг бошларига келиб ғарбнинг таъсири кенгайиб кетганидан сўнг мусулмонлар давлатларидаги айрим имони заиф мусулмонларга ҳам уларнинг таъсири сезила бошлади. Ана ўша ғарб мафкураларидан қаттиқ таъсирланганлари ғарб назарияларига тўғри келмайдиган, мухолиф бўлган Ислом динидаги айрим қарашларни ўзгартиришга, «ислоҳ» қилишга, таҳрифга, нотўғри талқин этишга киришдилар, уларни ғарбнинг мафкурасига мослаштиришга ҳаракат қила бошладилар. Гўё исломий фикрларнинг ғарб фикрларига мувофиқ эканини айта бошладилар. Улар ўзларини «аҳли тажаддуд» деб атадилар. Бизнинг юртимиздаги кишиларнинг айримлари ҳам уларнинг фикрларидан таъсирланган бўлишлари мумкин. Лекин булар тўғрисида алоҳида изланиш ва тадқиқотлар зарур бўлади.

Бундай «ислоҳ» ва ўзгартиришга уринишлар ислом диёрларида: Ҳиндистонда, Покистонда, Туркияда, Мисрда ҳар хил кўринишда юз берди. Булар ўз даврида ислом илмлари кучайган диёрлар эди. Ҳиндистонда Сарсаййид Аҳмадхон, Мисрда Тоҳо Ҳусайн, Туркияда Зиёгук Алаф биз айтмоқчи бўлган назарияга раҳнамо бўлган кимсалар бўлган. Ғарб фикрларига мослашиш учун уларда ҳадисларни инкор этишдан бошқа чора йўқ эди. Уларнинг йўлига асосий тўсиқ бўлаётган нарса ҳадис эди.

Қуръони каримда барча ҳукмлар батафсил баён қилинмаган. Ҳукмларнинг барча тафсилотлари ҳадиси шарифларда баён қилинган. Ҳадиси шарифларда мусулмонларнинг кундалик ҳаётида юз берадиган барча жиҳатлар, ҳамма томонларга оид ҳукмлар келган. Бу ғарбнинг айрим назарияларига тўғри келмас эди, албатта. Шунинг учун улар ҳадисларни инкор эта бошладилар. Уларнинг ҳам табақаси ҳар хил бўлди.

Биринчилари ҳадисни тамоман ҳужжатлигини инкор қилдилар. Ҳали айтганимиз Сарсаййид Аҳмадхон шериги Мавлавий Суроҳ Али деган кимса билан бирга бунинг илк даъвогари бўлишди. Булар яшаётган диёрларда ҳам кучли ислом уламолари бор эди. Шунинг учун улар ҳадисларни ошкора инкор этолмадилар. Балки шундай йўл танладилар: агар бирор ҳадис уларнинг фикрларига тўғри келмайдиган бўлса, ўша ҳадиснинг саҳиҳлигини инкор этдилар. Ўша ҳадис қанчалик саҳиҳ санад билан ривоят қилиниши-дан қатъи назар, инкор этардилар. Уларга ҳозирги сохта салафийлар ҳам ўхшаб кетишади. Салафийлар ҳам бизнинг ота-боболаримиз минг йиллардан бери амал қилиб келаётган анъанавий диний-миллий қадриятларимизни йўққа чиқариш учун шу йўлни танлайдилар. Ота-боболаримиз ўз диний анъаналарига асос сифатида келтирган ҳадиси шарифларни инкор этиш, мавзуъ - тўқимага чиқариш ёки ҳеч илож қила олмасалар, уни заифга чиқариш уларнинг энг кўзга кўринган қилмишларидандир.

Сарсаййид Аҳмадхонга эргашганлар ҳамма ҳадисларнинг саҳиҳлигини инкор эта олмасдилар, шунингучун баъзи ҳадисларни: «Улар ҳозирги замонамизга тўғри келмайди, уларга амал қилиш замонага мос эмас», - дер эдилар. Ҳозир бизнинг орамизда юрган, ўзларини «маданиятли» деб ҳисоблайдиган айрим кимсалардан ҳам шу хилдаги фикрларни эшитиб қоламиз. Энг қизиғи, айрим даъволарини исботлаш учун улар ҳадислар билан ҳам далилланишади, ҳадисларни ҳужжат тариқасида ҳам келтиришади. Бунинг натижасида тижоратда судхўрликни ҳалол дейишди, яна пайғамбарлар мўъжизасини инкор ҳам қилишди.

Сарсаййид Аҳмадхон ўзича Қуръони каримга тафсир ҳам ёзган. Унда Мусо алайҳиссаломнинг мўъжизаларини инкор этган. У зот ҳассасини тошга урганида ўн иккита чашма отилиб чиққан мўъжизани инкор этиб, «чашма ўзи бор эди-ю, унинг оғзини харсанг тош бекитиб турган эди. Ҳасса билан уни суриб, чашма оғзини очган. Бу ерда одатдан ташқаридаги иш бўлмаган» деган. Афсуски, Ислом тарихида шундай ботил фирқалар ҳам секин-аста пайдо бўлди. Улар мўъжизаларни рад қилишди, ҳатто оят билан собит бўлган буйруқларнинг фарзлигини ҳам инкор этишди.

Абдуллоҳ Чакролвий деган кимса «аҳли Қуръон» деган фирқани юзага чиқарди. Қозоғистонда ҳам эшитилаётган «қуръонийлар» деган тоифа шу бўлса, эҳтимол. Анавилар ҳадисни батамом инкор этмаган бўлсалар, бу «аҳли Қуръон»лар тамоман ҳадиси шарифларни инкор этдилар. Ҳадисларни ва суннатларни инкор этавериши билан танилгани сабабли улар бизда «бесуннатлар» деб аталди. Туркия томонларда бўй кўрсатган «шоҳидийлар», «маърифатчилар» сингари тоифалар ҳам мана шу «бесуннатлар»нинг сувини ичганлардир.

Яна Аслам Эъражпурий деган кимса чиққан. Бу «аҳли Қуръон»лардан ҳам юқорига чиқиб, ҳадисларни масхара қила бошлаган. Буларнинг меваси сифатида кейинчалик Ғулом Аҳмад Қодиёний деган кимса чиққан. Бутун дунё уламолари унинг йўлини - «қодиёний» ёки «аҳмадия» деган фирқани ноисломий фирқа деб эълон қилишган. У кимсанинг қалами ниҳоятда ўткирлигидан ўз давридаги ёшларга таъсири ғоятда катта бўлган.

«Мазҳабларга эргашмаслик охири динсизликка олиб боради», - деган ҳаётда ўз исботини топган ҳикматга биноан, бу ботил фирқалар аҳли аввал аҳли суннат ва жамоат йўлидан чиқади, сўнг ҳадисларни инкор этади, кейин Қуръонни ҳам беҳурмат қилиб, бутунлай диндан чиқиб кетади. Ғулом Аҳмад Қодиёний мисоли мана шунга тўғри келади.

Мана шунга ўхшаган тоифаларнинг айримлари интернетда ин қуриб олиб, мусулмонларни бузиш билан овора бўлишмоқда. Уларнинг фикр ва ғоялари билан мусулмонларнинг уламолари фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиб келмоқдалар.

Абу Исо Ат-Термизийнинг

"Сунании Термизий шарҳи" китобидан