loader
Foto

Янги тафсирлар

Замон ўзгариб, одамлар қадимги китобларнинг услуби ва тилидан узоқлашиб қолдилар. Ушбу сабаб туфайли катта уламолардан бошқалар эски тафсирлардан фойдаланишни ўйламай ҳам қўйдилар. Шунда баъзи тушунган уламолар тафсир илмида ҳам янгиланиш бўлиши лозимлигини ўйлай бошладилар. Ўй-фикрлар ва маслаҳатлар тафсир бўйича янги, замона руҳини акс эттирадиган, мусулмонларнинг эҳтиёжларини қондирадиган тафсир ёзилиши замоннинг талаби эканига ишонч ҳосил қилиш билан якунланди.

Янги тафсир қилиш ва ёзиш Мисрдан бошланди. Бизга етиб келган маълумотларга қараганда, биринчи бўлиб Мисрнинг ислоҳотчи олимларидан шайх Муҳаммад Абдух «Амма» порасига тафсир ёзди. Шунингдек, Ал-Азҳардаги дарсларида Қуръони Каримнинг биринчи беш порасини тафсир қилди.

Кейин у кишининг шогирди шайх Муҳаммад Рашид Ризо «Ал-Манар» деб номланган тафсирини ёзди. У киши Қуръони Каримнинг ўн икки порасини тафсир қилди.

Шайх Абдулқодир Мағрибий 1920 йилда «Таборак» порасини тафсир қилди.

- Ал-Азҳарнинг шайхи Маҳмуд Шалтут биринчи ўн поpaгa тафсир ёзди.

Шайх Абдулжалил Ийсо «Айсарут-тафасир» деб номланган тафсирини ёзди. ,

Шайх Муҳаммад Абу Заҳра Намл сурасигача тафсир ёзди ва у ўн жузда нашр этилди.

Шайх Тантовий Жавҳарий «Ал-Жаваҳир» тафсирини ёзди. Бу тафсир жуда катта бўлиб, унда турли маълумотлар бор. Муаллиф мусулмонларни ҳаётнинг барча соҳаларида тараққиётга интилишга чорлаган. Шу мақсадда Қуръони Каримда зикри келган ҳар бир нарса ҳақида илмий маълумотлар беришга катта эътибор қаратган. Оқибатда ran чўзилиб кетган. Ҳаттоки шайх Тантовий Жавҳарийнинг танқидчилари «Ал-Жаваҳир» тафсирида тафсирдан бошқа ҳамма нарса бор, дейишган.

Жазоирнинг кўзга кўринган олимларидан бири бўлган шайх Абдулҳамид ибн Бадис Қуръони Каримнинг баъзи сура ва оятларини тафсир қилган ва у бир жилдда нашр этилган.

Баъзи янги тафсирлар ҳақида қисқача маълумотлар

«Тафсирул-Мароғий» - Ахмад Мустафо Мароғий.

Шайх Аҳмад Мустафо Мароғий ўзининг «Тафсирул-Мароғий» деб номланган китобини кичик ҳажмда ўттиз жуз қилиб ёзди. Бу тафсир катта ҳажмда ўн жилдда нашр этилган.

Шайх Аҳмад Мустафо Мароғий раҳматуллоҳи алайҳи ўз тафсирида аввал оятни келтириб, кейин алоҳида сўзларнинг тафсирини қилган. Кейин умумий маънони баён қилиб, сўнгра изоҳ беришга ўтган. Жумлаларни осон тил билан, кўпчиликка тушунарли бўлишини эътиборга олиб, тузган.

У киши китобнинг аввалида иш услубини ҳам баён қилган.

- Маълум оятлар мажмуасини аввал келтириб олиш.

Кейин ўша оятлардаги шарҳга эҳтиёжи бор сўзларни шарҳлаш.

Сўнгра мазкур оятларнинг умумий маъносини баён қилиш.

Сабаби нузул ҳақида саҳиҳ ривоят бўлса, ўшани келтириш.

Илмий ва мураккаб истилоҳларни четлаш.

Замон ва маконни эътиборга олиб, ушбу тафсирни ўқиши мумкин бўлган одамлар тушунадиган тил ва услубни қўллаш.

Муфассирлар келтирган ривоятларни саралаш.

Бу китобни чоп қилиш 1365 ҳижрий сананинг биринчи кунидан бошланган.

Муаллиф китобнинг аввалида уни ёзишда ўзи фойдаланган ўттизта манбанинг рўйхатини ҳам келтирган.

«Ат-Таҳрир ват-Танвир» – Тохир ибн Ошур.

Туниснинг кўзга кўринган олимларидан бири бўлмиш шайх Тоҳир ибн Ошур раҳматуллоҳи алайҳи «Ат-Таҳрир ват-Танвир» номли катта ва мукаммал тафсир ёзган. Шайх Тоҳир ибн Ошурнинг шогирдлари ва мутахассисларнинг таъкидлашларича, у киши ўз тафсирини йигирма йилда ёзиб битирган. Бу тафсирнинг эгаси ҳар бир нарсани эринмай, мукаммал баён қилган. Айниқса, у кишининг луғат бўйича олиб борган тадқиқотлари, шунингдек, илмий тадқиқотлари ҳам таҳсинга сазовор. Шайх Тоҳир ибн Ошур фиқҳий масалаларни ҳам батафсил ёритган. Янги пайдо бўлган ҳаётий муаммолар ва маданий қарашларни ҳам ўз жойида ҳал қилган.

Шайх Муҳаммад Тоҳир ибн Ошур раҳматуллоҳи алайҳининг ўзи муқаддимасида таъкидлашича, қуйидаги тафсирлар муҳим ҳисобланади:

«Ал-Кашшаф» – Замахшарий.

«Ал-Муҳаррар ал-Важийз» – Ибн Атийя.

«Мафатийҳул-ғойб» – Фахриддин Розий.

«Анварут-танзил ва асрорут-таъвил» имом Байзовий,

«Руҳул-маъаний» – имом Олусий.

Абу Саъуд тафсири.

Қуртубий тафсири.

Табарий тафсири.

Тийбий, Қазвийний, Қутб ва Тафтазоний тарафидан «Кашшоф»га ёзилган ҳошиялар.

Хафочининг Байзовий тафсирига ёзган ҳошияси.

Албатта, шайх Тоҳир ибн Ошур раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг тафсирида мазкур тафсирлардан фойдаланган. Аммо ўзининг айтишича, чўзилиб кетмаслиги учун қаердан олганини айтмаган.

Шайх Тоҳир ибн Ошур раҳматуллоҳи алайҳи Қуръони Карим эъжози турларига, балоғат нуқталарига, бадиий услубларга катта эътибор берган. Шунингдек, оятларнинг бир-бирига боғланиш муносабатларини ҳам баён қилган. Ҳар бир суранинг мақсадларини ҳам батафсил айтиб ўтган. Ҳар бир сўзнинг араб тилидаги маъноларини чуқур тушунтирган.

Шайх Тоҳир ибн Ошур раҳматуллоҳи алайҳининг айтишича, китобнинг тўлиқ номи «Таҳриру маънас-садид ва танвиру ақлил-жадид мин тафсири китабил-мажид»дир.

Муаллиф ўз тафсирининг аввалида Қуръони Карим ва унинг тафсирига оид ўнта муқаддима ёзган, сўнгра Фотиҳа сурасини тафсир қилишни бошлаган.

Ҳар бир суранинг исми, унинг нозил бўлиш вақти ва шароити ҳамда унга боғлиқ бошқа маълумотларни батаф-сил келтирган. Маълумотларнинг хулосасини айтган.

Бақара сурасининг тафсири аввалида «Алиф лаам мим» ҳарфларини келтириб, шу ва шунга ўхшаш ҳижо ҳарфлари ҳақидаги кўплаб маълумотларни тақдим қилган. Шу тариқа китоб катта маълумотлар тўпламига айланган.

Мен турли сабабларга кўра, шайх Тоҳир ибн Ошур раҳматуллоҳи алайҳининг баъзи шогирдлари билан суҳбатларда бўлдим. Уларнинг айтишларича, устозлари жуда ҳам талабчан киши экан. Тафсирни ёзгандан кейин ҳам ҳар варақнинг қўлёзмасини қайта-қайта кўрар, таҳрир қилар ва тузатишлар киритар экан.

Мен бу тафсир билан чет элда ўқиб юрган кезларимда танишган эдим. Кейинроқ, айниқса Қуръони Карим маъноларини ва «Тафсири Ҳилол»ни рус тилига ўгириш жараёнида уни асосий манбалардан қилиб олдим. Шу тариқа ушбу китоб билан жуда яқиндан танишдим ва унинг ҳақиқатда ҳам мақтовга сазовор илмий иш эканига тўла ишонч хосил қилдим.

Аллоҳ бу тафсирнинг муаллифи Шайх Тоҳир ибн Ошурни Ўз раҳматига олган бўлсин.

«Маҳасинут-таъвил» – Муҳаммад Жамолиддин Қосимий.

Бу тафсирнинг иккинчи номи «Тафсирул Қосимий»дир. Тафсирнинг муаллифи эса Шомнинг машҳур уламолари-дан бири Муҳаммад Жамолуддин Қосимийдир. У киши ўз тафсирини ёзишни ҳижрий 1316 йилда Шаввол ойининг биринчи ўн кунлигида бошлаган. Китобнинг биринчи жузи тафсир илми борасидаги қоидалардан иборат. Унда Қуръони Карим ва унинг тафсири бўйича жуда кўп маълумотлар жамланган.

«Ат-Тафсирул-вадиҳ» - Муҳаммад Махмуд Ҳижозий.

Бу тафсирнинг муаллифи Ал-Азҳар университетининг олимларидан бўлиб, у киши аввал тафсирини бир жуздан тайёрлаб, ёзиб бўлинганини нашр этиб бораверган. Кейин эса алоҳида қилиб, катта ҳажмда уч жузда чоп эттирган.

Бу тафсирнинг тили осон ва равон бўлиб, кўпчиликка мўлжалланган. Унда аввал сўзларнинг луғатдаги маъноси берилган. Кейин эса оятнинг тўлиқ маъноси енгил услуб-да баён этилган. Оятларнинг маълум мажмуасига алоҳида сарлавҳалар ҳам қўйилган. Араб тилини биладиган ҳар бир киши ўқиса, тушунадиган даражада тафсир қилинган.

Мен ҳам талабалик пайтимда ушбу тафсирни аввалидан охиригача қизиқиш билан ўқиб чиққанман. Жуда кўп фойда олса бўладиган тафсир.

«Ал-Асас фит-тафсир» - Саъид Ҳавво.

Иорданиялик ҳамаср олимлардан Саъид Ҳавво раҳматуллоҳи алайҳи уч қисмдан иборат асарлар силсиласини режалаштирган. Бу силсила қуйидаги асарлардан иборат бўлган;

«Ал-Асас фит-тафсир» («Тафсир асоси»).

«Ал-Асас фис-сунна ва фиқҳиҳа» («Суннат ва унинг фиқҳи асоси»).

«Ал-Асас фи қоваъидил-маърифа ва довабитил-фаҳми лин-нусус». («Маърифат қоидалари ва матнларни фаҳм-лаш асослари»).

Муаллифнинг тафсир муқаддимасида ёзишича, шахсий сабабларга кўра, бу асарни ёзиш жараёнида асосан «Тафсиру Ибн Касир» ва «Тафсиру Насафий»дан фойдаланган.

Саъид Ҳавво раҳматуллоҳи алайҳи Қуръони Каримнинг суралари ва оятлари орасидаги боғланишларга алоҳида эътибор берган. Бу мақсадни амалга ошириш ниятида оятларнинг бир-бирига боғланиши ҳам, сураларнинг бир-бирига боғланиши ҳам эринмасдан баён қилинган. Аммо аввалида катта аҳамият билан баён қилиб борилган суралар орасидаги боғланиш кейинроқ заифлашган ва тўхтаб ҳам қолган.

Тафсир ёзиш тўхтаб, янги тафсир ёзиш йўлга қўйилгунча ўтган даврда ер юзида жуда кўп илмлар, тушунчалар, назариялар пайдо бўлди, ҳодиса ва воқеалар бўлйб ўтди. Ушбу тафсирда ана ўша нарсаларга Қуръони Карим ва Исломнинг муносабати қандай, деган саволга жавоб беришга ҳаракат қилинган.

Бизнинг асримизда Қуръони Каримга нисбатан турли шубҳалар ва эътирозлар пайдо бўлди. Шунингдек, унга қарши тушунчалар ва йўналишлар ҳам юзага чиқди. «Ал-Асас фит-тафсир» китобида мусулмон инсон мазкурларга нисбатан қандай муносабатда бўлиши кераклиги баён қилинган.

Утган давр ичида мусулмонлар Қуръони Каримдан ва Ислом таълимотларидан анча узоқлашиб кетган эдилар.

Саъид Ҳавво раҳматуллоҳи алайҳи ўз китобида мусулмон ларнинг Қуръони Каримга ва Исломга қандай яқинлашишлари йўлларини баён қилишга ҳаракат қилган.

Ҳаёт тарзи ўзгариши туфайли мусулмонлар ҳар бир мавзу бўйича тайёр хулосани излайдиган бўлиб қолдилар. Узлари изланишни, таҳлил қилиш ва хулоса чиқаришни ўйламай қўйдилар. Эски тафсирлардан эса тайёр хулосани топиш қийин. «Ал-Асас фит-тафсир» бу масалани ҳам ўрнига қўйиш ҳаракатида бўлган.

Ақийда ва дин масалалари бўйича мусулмонларнинг турли қарашлари пайдо бўлган эди. Ҳар ким ўз фикрини қўллаб, бошқаникини рад этар эди. Саъид Ҳавво раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг ушбу китобида бу масала бўйича ҳам таҳлиллар олиб борди.

«Ал-Асас фит-тафсир» асари ҳижрий 1397 йилда нашрга берилган. Унинг биринчи нашри «Дарус-Салам» наш-риёти томонидан ҳижрий 1405 – милодий 1985 йилда ўн бир жилд қилиб чоп этилган.

«Ат-Тафсир ал-Мунир фил-ақидати ваш-шариъа-ти вал-манҳаж» - Ваҳба Мустафо Зуҳайлий.

Машҳур олим ва фақиҳ, доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий ҳазратлари ўзининг биз ҳозир у ҳақда сўз юритмоқчи бўлган «Ат-Тафсир ал-Мунир» номли китобининг муқаддимасида айтишича, ушбу тафсирни ёзишга катта илмий ишларни амалга ошириб бўлганидан кейингина журъат қилган. Аввал усули фиқҳ бўйича икки жилдли катта китоб ёзган. Кейин ҳаммага машҳур бўлган «Ал-Фиқҳул-исламийю ва адиллатуҳу» деб номланган барча мазҳабларни ўз ичига олган саккиз жилдли қомусий асарини чиқарган. Олий ўқув юртларида ўттиз йил устозлик қилган. Имом Самарқандийнинг «Туҳфатул-фуқоҳа» китобидаги ҳадисларни таҳқиқ қилган. Бир минг тўрт юзга яқин ҳадисларни ўз ичига олган «Ал-Мустофа мин аҳадиси Мустофа» номли китобни ёзган. Яна бошқа ўттиздан ортиқ энциклопедик асарларни битган.

Шайх Ваҳба Мустафо Зуҳайлий ҳазратлари «Ат-Тафсир ал-Мунир»нинг муқаддимасида қайд этишича, бу тафсирни ёзишдан мақсад мусулмонни ҳам, мусулмон эмасни ҳам ҳозирда бус-бутун турган ягона илоҳий ваҳий билан боғлашдир.

У киши ўз тафсирида нақл билан ақлни жамлаган. Янги ва эски мўътабар тафсирлардан фойдаланган. Шунингдек, Қуръони Карим, унинг нозил бўлиш сабаблари ҳақидаги бошқа ёзувлардан ҳам истифода қилган.

Шайх Ваҳба Мустафо Зуҳайлий «Ат-Тафсир ал-Мунир»ни ёзишда қуйидаги режа асосида иш юритган:

Қуръони Карим оятларини мавзуга қараб тақсимлаб, сарлавҳалар қўйиш.

Ҳар бир суранинг умумий маъносини баён қилиш.

Луғавий изоҳлар бериш.

Оятларнинг нозил бўлиши ҳақидаги саҳиҳ ривоятларни келтириш. Заифларини тарк этиш.

Набийлар қиссалари, Бадр ва Уҳуд жанглари каби катта Ислом ҳодисаларини энг ишончли сийрат китоблари асосида ёритиш.

Тафсир ва баён қилиш.

Оятлардан чиқарилган ҳукмлар ҳақида сўз юритиш.

Балоғат ва эъробга оид маълумотларни келтириш.

Тафсир осон ва равон тил билан ёзилган. Унда ҳамма нарса гўзал ва мукаммал тартиб билан келтирилгани учун, маълумотларни ўзлаштириб олиш осон.

Шайх Ваҳба Мустафо Зуҳайлий ҳазратларининг «Ат-Тафсир ал-Мунир» деб аталган ушбу тафсири ўттиз жуздан иборат бўлиб, ўн беш жилдда чоп этилган. Уттиз биринчи ва ўттиз иккинчи жузлар алоҳида ўн олтинчи жилдда бў-либ, тафсирнинг фиҳристидан (мундарижасидан) иборатдир. У орқали тафсирдаги истаган мавзуни осонлик билан топиб олиш имкони мавжуд.

«Тайсирут-тафсир» - Иброҳим Қаттон.

Иордания давлатида қозилар раиси бўлиб ишлаган шайх Иброҳим Қаттон раҳматуллоҳи алайҳи «Тайсирут-Тафсир» деб номланган бир китоб ёзган. Китобнинг номи бизнинг тилимизга «Тафсирни осонлаштириш» деб таржима қилинади. Шунинг ўзидан муаллифнинг кўзлаган мақсади нима эканини билиб олиш қийин эмас.

Шайх Иброҳим Қаттон раҳматуллоҳи алайҳи ўз тафсирига ёзган муқаддимасида Қуръони Каримнинг мусулмонларга таъсири ҳақида анчагина маълумотлар келтирган. Кейин бу илоҳий Китоб нафақат мусулмонларга, балки мусулмон бўлмаган бошқа инсонларга ҳам таъсир кўрсатаётгани ҳақида сўз юритиб, Қуръони Каримдан таъсирланган ғайримусулмон кишиларнинг бу илоҳий Китоб ҳақидаги сўзларидан намуналар келтирган. Шайх Иброҳим Қаттон раҳматуллоҳи алайҳи бу китобида франциялик машҳур табиб Морис Букайнинг гапларига алоҳида эътибор қаратади.

Кейин доктор Мустафо Маҳмуднинг Қуръони Карим услуби ҳақидаги «Қуръон тирик мавжудотдир» деган ажойиб илмий баҳсини келтиради. Сўнг яна бир қанча қўшимча маълумотлар тақдим қилинганидан кейин бевосита тафсирни бошлайди.

Шайх Иброҳим Қаттон раҳматуллоҳи алайҳи аввал ҳар бир суранинг умумий маъносини келтиради. Кейин эса оятларни тафсир қилишга ўтади.

Бу тафсирнинг тили равон бўлиб, ўқувчининг малол олишига йўл қўймайди. Тафсир тўрт жилдда нашр қилинган.

«Фи риҳабит-тафсир» - Абдулҳамид Кишк.

Шайх Абдулҳамид Кишк бу тафсирни ёзишни 1981 йилда бошлаган. Ёзиб битирилган жузларни нашрга бериб, қолганларини ёзишда давом этаверган.

Тафсирнинг муқаддимасида Қуръони Каримга оид кўпгина фойдали маълумотларни келтирган. Кейин сураларни тафсир қилишни бошлаган. Ҳар бир сурага унинг ҳақидаги алоҳида маълумотларни қўшиб, муқаддима қилган. Суралар орасидаги боғланишлар ҳақида ҳам баҳс юритган. Бир мавзудаги оятлар мажмуасига алоҳида сарлавҳа қўйган.

Шайх Абдулҳамид Кишк ўз тафсирида жуда кўп маълумотларни келтирган. Бу тафсир катта ҳажмда, саккиз жилдда чоп этилган. Биринчи жилднинг ўзи минг бетдан кўп бўлган.

«Ҳидаятул-баян фи тафсирил-Қуръан» - Рошид Абдуллоҳ Фарҳон.

Муаллиф билан бўлган шахсий суҳбатда у киши бу китобни аввал девонияда одамларга тақдим қилганини, кейин эса китоб шаклида чоп этилганини айтиб ўтган эди. «Девония» Кувайтга хос сўз бўлиб, биздаги баъзи кишиларнинг улфат бўлиб, уйларида навбат билан ўтказадиган суҳбатла-рига ўхшаш мажлис у ерда шундай аталади. Фарқ шундаки, уларда бир киши уйида девония очилганини эълон қилади ва маълум кунларда кишилар мазкур девонияга келадилар. Рошид Абдуллоҳ Фарҳон жаноблари Қуръони Каримни ўз девониясига келган кишиларга тафсир қилиб берган.

Муаллиф муқаддимада ўз тафсирини ўртача қилишни, унинг олимга ҳам, илм толибига ҳам мос бўлишини ирода қилганини таъкидлаган.

Рошид Абдуллоҳ Фарҳон жаноблари ўз тафсирида изоҳга эҳтиёжи бор ҳар бир сўзни шарҳлашга ҳаракат қилган. Бунда араб тили луғат илми уламоларининг гапларидан кенг фойдаланган. Шунингдек, сўзларнинг балоғат ва фасоҳат, эъробга тегишли жойларини ҳам баён қилган.

Муаллиф ўз китобида қироатларга оид маълумотларни ҳам ўз ўрнида тушунтириб кетган. Оятларнинг нозил бўлиш сабаблари ҳам баён қилинган. Шахслар ва маконларнинг номлари ҳам шарҳланган. Фиқҳий масалаларга ҳам керагича аҳамият берилган.

Рошид Абдуллоҳ Фарҳон жаноблари ўз тафсирларини ёзишда кўплаб мўътабар манбалардан фойдаланганлар.

Китоб 1993 йилда тўрт жилдда чоп этилган.

«Ат-Тафсирул-Кашиф» - Мухаммад Жавод Мағния.

Бу тафсир шиа мазҳабидаги мўътадил замонавий тафсирнинг намунасидир. Тафсир муаллифи Муҳаммад Жавод Мағния бир неча китоблар нашр қилганидан сўнг ушбу тафсирни таълиф қилган. Тафсир осон, равон тил билан замонавий услубда ёзилган. Муаллиф ҳозирги замон ўқувчисига Ислом ва Қуръон ҳақиқатини англатишга ҳаракат қилган. Уларнинг ҳозирги замон талабларига қандай жавоб беришини ёрқин мисоллар билан кўрсатган.

Оят ёки оятлар мажмуасини келтиргандан кейин аввал луғатга оид баҳс юритган, кейин эъробни баён қилган, сўнгра умумий маънони айтган.

«Ат-Тафсирул-Кашиф» етти жилдда чоп этилган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг

«Қуръон илмлари» китобларидан