loader
Foto

Ҳадисларни инкор қилувчиларнинг далиллари

Ҳадисларни инкор қилувчиларнинг ноқис ақлларига яраша далиллари, жавоблари ҳам бор, албатта. Улар ўзларига Қуръони карим оятларидан далил келтирадилар. Шулардан биринчиси мана бу ояти карима:

«Ҳақиқатан, Биз Қуръонни зикр (эслатма) учун осон қилиб қўйдик. Бас, эслатма олувчи борми?!» (Қамар, 17).

Улар ушбу оятдан Қуръон мутлақо осон қилинган дейдилар. Шунинг учун уни тушунишга, билиб амал қилишга таълим олиш, бировнинг ўргатиши шарт эмас дейишади.

Бунга жавоб шуки, Қуръони карим мазмун жиҳатидан асосан икки қисмга бўлинади. Биринчи қисмдаги оятларда Аллоҳ таоло жаннату дўзах, яхшилигу ёмонлик, яхши хулқлар, ибодатлар ҳақида баёнот беради. Бу оятлар умумий маънода насиҳат мазмунига эга. Кейинги қисмда эса аҳкомлар, уларнинг шарт-шароитлари, бажариш усуллари ҳақидаги оятлар ўрин олади. Ана энди юқоридаги «Ва лақод йассарна-л-Қуръана»ояти каримаси қайси қисмга те-гишли? Ўз-ўзидан маълумки, бу биринчи қисмга тегишли бўлиб, бунга оятнинг ўзида»ли-з-зикри» («зикр (эслатма) учун») деб қайд қилинган. Бу оят мавъиза-насиҳатлар борасидаги оятларга тааллуқлидир. Агар аҳкомларни истин-бот қилиш, Қуръон оятларидан ҳукмларни чиқариб олиш осон бўлганида эди, Аллоҳ таоло «ли-з-зикри» қайдини қилмаган бўларди. Бунга қўшимча равишда оятда «фа-ҳал мин муддакир?!» деган, «фаҳал мин мустанбит?!» ёки «фаҳал мин мужтаҳид?!» дейилмаган. «Эслатма олгувчи борми?» - дейилмоқда оятда, «Истинбот қилувчи, оятдан ҳукм чиқарувчи борми?!», «Оятлар (га асосан) ижтиҳод қилувчи борми?!» - дейилмаган.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга:

«Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар) ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик» (Наҳл, 44), - деган.

Бу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг елкаларига табйин - баён қилиш ва тушунтириш вазифаси юкланди. Яъни Қуръони каримни тушуниш осон бўлгани-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу вазифа юклатилмаган бўларди. Демак, Қуръони каримни тушунишимиз ва тўлиқ англашимиз учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳтожмиз!

Ҳадисни инкор қилувчиларнинг яна бир далили Қуръони карим борасида унинг «баййинат» деб таъриф берилганидир. Қуръони каримни баййин - очиқ, равшан деб номланган, яъни унда ҳеч қандай мушкуллик, тушуниш қийин мазмунлар йўқ дейилган. Бундан маълум бўляпти-ки, Қуръони каримнинг ўзи возиҳ - равшан қилувчи, унинг ўзи тавзиҳга эҳтёжи йўқ дейдилар.

Бунга жавоб шу: мазкур «баййинат» таърифи қайд этилган оятларни кузатсак, уларнинг барчаси, одатда, эътиқод ва ақида борасидаги оятларга тааллуқли эканини кўрамиз. Қуръони каримда ақоидга тааллуқли оятлар борасида «баййинат» деб таъриф берилган. Бу нима дегани? Тавҳид, рисолат, охират ҳақидаги тушунчалар шунчалик равшан-ки, инсоннинг ақли уларни дарҳол тушуниб, қабул қилади. Уларни ҳар қандай одам тушуниши осон. Насронийларнинг таслис - уч худолик каби ақидаларига ўхшаш тушунилиши қийин ақидалар бизда йўқ. Таслис масаласини насронийларнинг ўзлари ҳам мукаммал ва муфассал тушунмай-дилар. Шунингучун Қуръони каримдаги ақида борасидаги оятлар муғлақ эмас, балки равшан ва возиҳдир. Ана ўшандай оятларга изоҳлар шарт эмас. Улар ўз-ўзидан тушунарли бўлаверади.

Ҳадисни инкор қилувчиларнинг учинчи далиллари «Каҳф» сурасининг охирги оятидан олинган:

(Эй Муҳаммад! Уларга) айтинг: «Дарҳақиқат, мен ҳам сизлар каби бир башардирман. (Фақат) менга илоҳингиз ёлғиз Илоҳ экани ҳақида ваҳий этилмоқда. Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умид-вор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!» (Каҳф, 110).

Мазкур оятнинг «Иннама ана башарун мислукум йуҳа илаййа» («Дарҳақиқат, мен ҳам сизлар каби бир башардирман») деган жойини ушлаб олиб, Пайғамбаримиз алайҳис-салом ҳам бошқа инсонлар каби оддий бир инсондир деб далилланишади. Яна ушбу оятдаги «йуҳа илаййа» («менга ваҳий қилинади») қайдидан фақат тиловат қилинадиган оятлар мурод, демак, тиловат қилинмайдиган оятларга амал қилиш вожиб эмас дейдилар. Унинг зикри Қуръонда ўтгани йўқ, тиловат қилинмайдиган оятлар ҳадисдан олингани учун унга амал қилиш лозим эмас дейдилар.

Бунга жавоб шуки, оят билан бу хилда далилланиш жоиз эмас. Чунки оятнинг бир қисми билан далилланиб, қолганини эътиборга олмаслик ёки унинг умумий мазмуни, нозил бўлиш сабабини ўрганмасдан ҳукм чиқариш мумкин эмас. Оят мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мўъжиза талаб қилганларида нозил бўлган. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам оддий инсон эканлиги, унга ваҳий юборилиши, у истаган вақтда мустақил мўъжиза кўрсата олмаслиги баён этилган. Бу оятда гўё: «Мен ҳам сизларга ўхшаган оддий инсонман. Сизлардан фарқим - менга ваҳий қилинади, холос. Менга мўъжиза кўрсатиш фақат Парвардигорим изни билан бўлади деб айтинг», - дейилган. Оятдаги «мислукум» («сизга ўхшаш») қайдидан «ихтиёрий ва мустақил равишда мўъжиза кўрсата олмасликда сизга ўхшаган оддий инсонман, Аллоҳнинг хоҳишисиз мен ҳам мўъжиза кўрсата олмайман» деган маъно чиқади. Энди оятда яна бир қайд - «йуҳа илаййа» («менга ваҳий қилинади») бор. Бу ерда «ваҳий» сўзи умумий билдирилган. Яъни бундан ваҳийнинг барча турлари - ваҳий матлув ва ғайриматлув қамраб олинади.

Лекин бу ерда эътибор бериш керак бўлган нарса бор: ҳадисларни инкор қилувчиларнинг ўзлари ваҳийи ғайри-матлувга амал қилмаймиз демоқдалар. Бу билан унинг борлигини эътироф этмоқдалар. Биз эса бу ерда «ваҳий»-мутлақ қайд қилиняпти, унда икки хилдаги ваҳий ҳам назарда тутилган деймиз.

Ҳадисларни инкор этувчиларнинг тўртинчи далиллари ҳам бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларида ул зотдан дарахтлар гулини урчитиш борасида маслаҳат сўрайдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундай қилмаслик ҳақида маслаҳат берадилар. Шу йили дарахтлар мева бермай қолади. Шунда ул зоти шариф:    - «Антум аъламу

би-умури дунёкум» («Сизлар дунёвий ишларда билгувчироқсиз»), - деганлар. Шундан келиб чиқиб ул зотнинг амр ва буйруқларига амал қилиш вожиб эмас дейдилар.

Бунга жавоб бериб шундай деймиз: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иршодларининг икки жиҳати бор. Бири - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўрсатмалари пайғамбарлик жиҳатидан айтилган бўлади, иккинчиси - шахсий суннатлари, маслаҳат ва тавсиялари.

Энди «Антум аъламу би-умури дунёкум» иккинчи тоифадаги иршодларига боғлиқ. Шунда улар бир савол беришлари мумкин: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлик ва шахсий кўрсатмаларини қандай фарқлаб оламиз? Ўзимизча уларни ажратиб ололмаймиз-ку! Жавоб шуки, аслида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатмаларининг барчаси пайғамбарлик жиҳатидан бўлади. Пайғамбарлик одамларнинг дунёвий ишлари учун эмас, диний ишларини ҳал қилиш учун юборилган. Баъзи ўринларда дунёвий маслаҳат учун айтилаётгани умумий маъно ва ҳодисалардан билиб олинади. Бу ердаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Сизлар дунёвий ишларда билгувчироқсиз» деган гаплари бу борадаги фикр у зот-нинг шахсий маслаҳатлари сабабидан бўлаётганини билдиради.

Ҳадисларни инкор этувчиларнинг бешинчи далиллари Қуръони каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қилинган итоб, маломат ва танбеҳлардир. Бадр жангида асир тушганлар фидя эвазига озод қилинганидан кейин Қуръони каримда итоб нозил бўлди:

«Бирор Пайғамбар учун то ерда (душманларга) зарба бермагунича асирларга эга бўлиш мумкин эмас.

(Сиз - мўминлар) дунё матоҳини истайсиз. Аллоҳ эса (сизлар учун) охиратни раво кўради. Аллоҳ қудратли ва ҳикматли зотдир. Агар Аллоҳнинг (тақдирда хатони кечириши тўғрисидаги) битиги бўлмаганида, албатта, сизларга олган (товон)ларингиз учун улкан азоб етган бўлур эди» (Анфол, 67 - 68).

Мазкур оятда ерга мустаҳкам ўрнашиб олгунга қадар асирларни ўлдириш буюрилган, уларни озод этмай туриш амр қилинган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларича қилган ижтиҳодларига шу тариқа итоб бўлди. Шунга биноан, унинг гапларига амал қилиш лозим эмас деб хулоса чиқаришади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан бу ҳолатда ижтиҳодий чалғиш бўлганлиги тўғри. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло томонидан огоҳлантирилганлар. Аслида, агар мана шундай итоб оятларига эътибор қилинса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг феъллари ва қавллари умматга ҳужжат ва далил экани билинади. Зотан, ўша итоб оятлари нозил қилинишидан аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур итобга сабаб бўлган ижтиҳодларига саҳобаи киромлар амал қилганлар. Кейин Аллоҳ таоло бу ижтиҳоддан норози эканлиги ҳақидаги оятни нозил қилган. Ундаги итоб кимга бўлган? Фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларига бўлган, унга амал қилган саҳобаларга итоб бўлмаган. Чунки итоб келгунга қадар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур кўрсатмаларига амал қилиш саҳобаларга вожиб бўлган. Шунинг учун улар мажбуран Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига эргашганлар. Аллоҳ таоло бу ерда саҳобаларни амал қилдирувчиси бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тўғри йўлга бошлаб, у зотгагина итоб қилди.

Ҳадисларни инкор этувчиларнинг иккинчи фикрлари

Ҳадиси шарифларни инкор этувчиларнинг иккинчи гаплари шуки, улар ҳадисларни саҳобаларга, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрганларнинг ўзларигагина ҳужжат, кейингиларга эса ҳужжат бўлолмайди дейдилар. Агар шундай бўлганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликлари фақат саҳобалар даврига хос бўлиб қоларди. Ҳолбуки, ул зотнинг пайғамбарликлари қиёматгача келадиган умматлар учундир. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак сўзлари саҳобаларга далил бўлганидек, қиёматгача келадиган умматнинг ҳаммасига ҳам далилдир. Бунга бир неча оятларни исбот сифатида келтириш мумкин:

«Эй одамлар! Мен сизларнинг ҳаммангизга Аллоҳнинг расулиман», - деб айтинг» (Аъроф, 158).

Мазкур оятдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча инсониятга, фақат саҳобалар даври учун эмас, балки қиёматгача бўлган одамларнинг барчасига пайғамбар эканликлари маълум бўляпти.

«(Эй Муҳаммад!) Биз Сизни ҳақиқатан барча одамларга хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи бўлган ҳолингизда (пайғамбар қилиб) юбордик. Лекин одамларнинг аксарияти (бу ҳақиқатни) билмаслар» (Сабъа, 28).

«(Эй Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз» (Анбиё, 107).

Қуйидаги далил ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча даврлардаги бутун инсониятга пайғамбар қилиб юборилганини тасдиқлайди:

«Оламлар (инсонлар ва жинлар)га огоҳлантирувчи бўлиши учун Ўз бандаси (Муҳаммад)га Фурқон (Қуръон) ни нозил этган зот баракотли (буюк)дир» (Фурқон, 1).

Шу ерда бир савол туғилади. Қуръони каримни тушуниш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таълимлари ва тушунтиришларига эҳтиёж борми ёки йўқ? Агар Қуръон таълими учун Пайғамбарнинг зарурати бўлмаса, унда Пайғамбарнинг юборилишида нима мақсад бор, нима зарурат бор? Саҳобаларга Қуръондан таълим бериш лозим бўлганидек, кейингилар учун ҳам таълим шартдир.

Чунки саҳобалар Қуръон нозил бўлиш даврида яшаганлар, ваҳий муҳитида истиқомат қилганлар, ҳар бир оятнинг нозил бўлиш жараёнига гувоҳ бўлганлар, оятлар нозил бўлишига бевосита сабабчи ҳам бўлганлар, сабаби, нузулни ҳаммадан кўра яхши билардилар. Улар ана шу Қуръонни мукаммал равишда тушунишлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таълимларига муҳтож эканлар, демак, улардан кейингилар бундай таълимга муҳтож бўлишлари шубҳасиздир. Қуръондан таълим олишга саҳобаларгина муҳтож, кейингиларнинг унга эҳтиёжлари йўқ дейиш мантиққа тўғри келмайди.

Ҳадисларни инкор этувчиларнинг учинчи фикрлари

Ҳадисларни инкор этувчиларнинг учинчи нотўғри ва ботил фикрлари шуни ҳадиси шарифлар аслида ҳужжат-у, лекин бизнинг давримизгача ишончли ва эътимодли тарзда етиб келмаган дейишларидир. Бундан ҳадислар ҳужжат ва далил бўлишга ярамайди деган гап чиқади. Ундан эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари замонасида ҳамда саҳобалар даврида ҳадислар ҳужжат бўларди, бироқ бизнинг давримизгача улар саҳиҳ тарзда етиб келмаганлиги боис ҳужжат бўлолмайди деган даъво чиқади. Улар Қуръони каримнинг ўзгартиришлардан холи, ишончли китоблигини тан олишади. Бунга далил сифатида «Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз» (Ҳижр, 9) оятини далил қилишади. Аслида, мана шу ва бошқа оятлар ҳам ҳадиси шарифларга ўхшаш йўл билан, ровийлар силсиласи орқали етиб келган. Демак, Қуръон ҳозирда ишончли экан, ҳадислар ҳам ишончли бўлади. Қуръоннинг мазкур ояти ўзгартирилмаган экан, демак, ҳадиси шарифлар ҳам ўзгартирилмаган бўлиб чиқади.

Қуръони карим лафз ҳамда маънони ўзида қамраган муқаддас китобдир. Унинг маъносини ҳадиси шарифлар очиб беради. Демак, ўз-ўзидан «Ҳижр» сурасининг 9-оятига Қуръон маъносини очиб берадиган ҳадислар ҳам киради. Зотан, Қуръоннинг лафзи ва маъносини сақлаш учун маънони очиб берадиган ҳадисларни ҳам сақлаш лозим бўлади.

Ҳадисларни инкор этувчилар Қуръоннинг ишончли эканини унинг балоғати ва эъжозлиги - мўъжизавийлигидан биламиз, ҳадисларда эса бу нарса йўқ дейдилар. Қуръоннинг асли эъжозлигини ҳозирги инсоният яхши англай олмайди. Уни Қуръоннинг ўзи «таҳаддий» оятлари билан тушунтирган. Яъни Қуръонни инкор этувчиларга Қуръонга ўхшаш китоб қилиш, ўнта сура битиш, сўнг эса ақалли битта сура битиш ҳақида таклиф берилган. Улар бунга ожиз қолганлар. Ана шу билан Қуръоннинг эъжози маълум бўлди. Мана шу «таҳаддий» оятлари ҳам юқорида айтилган ҳадисларга ўхшаш силсила тариқасида етиб келган. Агар йўл-тариқ, силсила ишончли бўлмайдиган бўлса, мазкур оятларга ҳам ишонч қолмайди. Бу эса фосид хаёлдан ўзга эмас!

Абу Исо Ат-Термизийнинг

"Сунании Термизий шарҳи" китобидан

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР