35 ёшли Аҳамада Ммади Сен-Шамон масжидининг имом-хатиби бўлган, бироқ ҳозирда "Республика тамойиллари ва қонунларига тўғри келмайдиган изоҳлар" учун Франциядан ватани Комор оролларига ҳайдалган.
Ммади Аҳзоб сурасидан иқтибос келтиргани учун ҳукм қилинди, у ерда Аллоҳ Таоло аёлларга ишора қилиб: «Уйларингизда қарор топинг. Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ишончли ҳадис ҳақида ҳам масжиддаги намоз ўқиётганларга айтди: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Агар аёл беш вақт намоз ўқиса, Рамазон ойида рўза тутса, иффатли бўлса ва эрига итоат қилса, жаннатга хоҳлаган эшикдан киради".
Бироқ, Франциянинг Луара минтақасидаги расмийлар унинг ўтган йили байрам намозида ўқилган ваъзини "камситувчи" деб ҳисоблаган.
Ўтган июл ойида масжид уни "аёллар ва эркаклар ўртасидаги тенгликни камситувчи" ваъз қилгани учун маҳаллий ҳокимият талабига биноан диний вазифаларидан четлатган эди.
Октябр ойидан бери яшаш учун рухсатнома билан Францияда бўлган Ммади депортация ордери остида эди. Шунингдек, у 29 мартдан бери рафиқаси билан Сен-Шамонддаги уйида уй қамоғида бўлган.
Комор оролларига етиб келгач, Ммади ҳайдалганига муносабат билдирар экан, маҳаллий CMM Comores каналига шундай деди: "Мен ҳеч нарсадан афсусланмайман. Бу менинг сўзларим эмас, бу Пайғамбар ва Худонинг сўзлари. Мен фақат муқаддас китоблардаги нарсаларни такрорладим".
Франция Республикасининг фикрига кўра, мусулмон имоми нимадан иқтибос келтириши кераклигини тахмин қилишгина қолади. Вольтер ва Робеспьерданми?