“Шарт” сўзи луғатда “аломат” деган маънони англатади. Шариатда бир нарсанинг вужудга келиши унга боғлиқ бўлган ва ўзи ўша нарсадан ташқарида бўлган нарса “шарт”дир.
Намознинг қуйидаги олти шартини бажаргандан кейингина намоз ўқиш мумкин. Улар ушбулардир:
1. Намоз ўқувчининг бадани таҳоратсизлик ва нажосатдан тоза бўлиши.
2. Кийим ва намоз ўқиладиган жойнинг нажосатдан тоза бўлиши.
3. Аврат("Аврат” сўзи луғатда “нуқсон”, “айб” деган маъноларни билдиради. Шариатда эса беркитиши вожиб ва назар солиш ҳаром бўлган нарса авратдир.
4. Қибла тарафга юзланиш. Каъбани кўриб турганлар унинг ўзига юзланадилар.
5. Намоз ўқишни ният қилиш.
6. Намоз вақтининг кириши.
Эркак кишиларнинг аврати киндик остидан икки тизза остигачадир. Тиззанинг кўзи ҳам аврат ҳисобланади. Эркакларда аврат ҳисобланган жойлар билан бир қаторда чўриларнинг қорни ва орқаси ҳам авратдир. Озод аёлларнинг юзи, қўли ва қадамлари, яъни тўпиқдан пастидан ташқари бутун вужудлари авратдир.
Кийим остидан бадан ранги кўриниб турса, аврат беркитилган ҳисобланмайди. Уламоларнинг фикрларига кўра, аврат жойларнинг авратлиги уларнинг эгаси учун бўлмай, балки бошқалар учундир. Масалан, намоз давомида бошқалар қараши ҳаром бўлган аъзога ёқадан ёки этакдан кишининг ўз назари тушса, намозга ҳеч зарар етмайди.
Намозда аврат ҳисобланган аъзолардан бирининг тўртдан бири очилиб қолса, намоз бузилади. Бироқ уч тасбеҳ айтгунча вақтда ёпиб олса, зарари йўқ.
Болдир, яъни тиззадан тўпиққача бўлган жойнинг ўзи бир аъзо, сон бир аъзо, олат(Эркак жинсий аъзоси.) бир аъзо, моякнинг иккиси бир аъзо, аёлнинг бошидан осилиб тушган соч ҳам бир аъзо ҳисобланади.
Кийим, бадан ёки намоз ўқилаётган жойда намозга монелик қиладиган миқдорда нажосат бўлиб, уни тозалайдиган восита сув ёки бошқа суюқлик мавжуд бўлмаса, ўша нажосат билан бўлса ҳам, намоз ўқилаверади. Намозни ўқиб бўлгач, тозалаш имкони туғилганда намоз қайта ўқилмайди. Бир кишининг кийимига нажосат теккан бўлиб, тўртдан бири тоза бўлса, шу кийимида намоз ўқийверади. Аммо кийимнинг тоза ери тўртдан бирдан кам бўлса, бу кийимни ечиб, яланғоч намоз ўқиса ҳам бўлаверади. Бироқ нажас кийимда бўлса ҳам намоз ўқиш, яланғоч ҳолда намоз ўқишдан афзалроқдир.
Кийими йўқ киши кийими бор намозхонлардек тик туриб намоз ўқиши мумкин. Аммо ўтириб, оёқларини қибла тарафга узатиб, руку ва саждаларни бош ишораси билан адо этиши мустаҳабдир. Агар кўпчилик бўлса, бир-бирларидан узоқроқ туриб, ёлғиз-ёлғиз намоз ўқийдилар.
Аврат жойининг бир қисмини ёпишга етадиган матони топган одамнинг ўшандан фойдаланиши вожибдир. Ҳеч бўлмаса олди ва орқасини беркитади. Фақат бир томонини ёпишга етадиган бўлса, орқасини, баъзи уламо-ларга кўра эса, олдини беркитади.
Авратини тўсишга ҳеч нарса топа олмаган одам, ҳеч бўлмаса лой билан бўлса ҳам уни тўсади, юқорида айтилганидек, ўтириб намоз ўқиши мумкин.
“Қибла” - луғатда “қаршида, рўпарада турган нарса”, дегани. Намозда Каъбаи муаззама намозхоннинг юзланадиган томонида бўлгани учун қибла дейилади. Фуқаҳолар намознинг тўғри бўлиши учун қиблага юзланиш шарт эканига иттифоқ қилганлар. Намозхон бадани ва назари билан Каъбага юзланади. Уламолар: “Баъзи масжидларнинг қибласи 45 градусгача ўнг ёки чап томонга бурилган бўлса, у масжидда намоз ўқиш жоиз. Лекин 45 градус ёки ундан ортиқ бўлса, жоиз эмас. Чунки бунда намозхон қибла тарафдан бошқа тарафга юзланиб қолган бўлади”, деганлар.
Касаллиги туфайли ёки минган уловидан туша олмаслиги ёки бирор душмандан қўрққани учун қиблага юзлана олмайдиган киши қодир бўлган тарафга қараб намоз ўқийди.
Намоз ўқимоқчи бўлган одам қибланинг қайси томондалигини билмаса ва ёнида айтиб берадиган киши ёки меҳроб бўлмаса, изланади ва қалби мойил бўлган томонга қараб намоз ўқийди. Намоз ўқиб бўлганидан кейин янглиш томонга юзланганини билса ҳам, намозини такрор ўқимайди. Бордию намоз давомида хато қилганини билса, тўғри томонга юзланиб, намозни давом эттиради.
Қиблани қайси тарафдалиги борасида изланмай, яъни бор ақлий имкониятини ишга солмай, суриштирмай намозни бошлаган одам намоз давомида қиблага нотўғри юзланганини билса, қайтадан ўқийди. Агар намозни тугатгач, қиблани тўғри топгани аён бўлса, намозни қайта ўқимайди. Лекин намоз ўқиб бўлганидан кейин ёки намоз ўқиётганида хато томонга юзланганини билса, икки ҳолда ҳам намозни қайтадан ўқийди.
Қоронғи жойда имом билан намоз ўқиётган одам қалби мойил бўлган томонга юзлангач, имомдан олдинга ўтиб кетмаганини аниқ билса, имомнинг қайси тарафга қараб турганини билмаса ҳам, намози дуруст бўлади. Бироқ имом юзланган тарафдан бошқа тарафга юзланиб турганини ёки имомдан олдинга ўтиб кетганини билса, намози дуруст бўлмайди.
Имомга эргашиб - иқтидо қилиб намоз ўқиётган одам намозга ният қилиш билан бирга имомга иқтидо қилишни ҳам ният қилади. Ниятдан сўнг дарҳол такбири таҳрима, яъни, намоз бошида қулоқ қоқаётиб айтиладиган такбирни айтади. Дилдаги ниятни тил билан ҳам айтиш афзалдир.
Фарз ёки вожиб бўлмаган намозларни ўқишга киришаётганда унинг қайси намозлигини тайин этмай, умуман намоз ўқишни ният қилишнингўзи кифоядир. Яъни, «Намоз ўқишни ният қилдим» деб ният қилса, кифоя қилади.
Аммо фарз ва вожиб намозларни ўқиш учун унинг қайси фарз ёки вожиб намози эканини тайин қилиб қўйиш вожибдир. Масалан, «Ушбу куннинг фарз бўлган пешин намозини ўқишни ният қилдим» каби. Ракатлар сонини тайин қилиши шарт эмас. Чунки фарз ва вожиб намозларнинг қай бири неча ракатлиги маълум ва машҳурдир.
Музаффар Комилов ва Акмал Миравазларнинг
"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан