Бу ҳақда «Ҳадис ва Ҳаёт» туркумининг 13-жузида қуйидаги маълумотларни ўқиш мумкин:
«Идда» сўзи луғатда «санаш», «ҳисоблаш» деган маъноларни билдиради. Шариатда эса аёл киши эрининг вафотидан кейин ёки эри билан ажрашганидан кейин сақлаши лозим бўлган муддатга айтилади.
Бу ҳукмнинг шариатга киритилиши бир неча ҳикматларга эга:
Биринчиси - эридан ажраган аёл ҳомиладорми, йўқми эканлиги аниқланади. Шу билан насл-насаб аралаш-қуралаш бўлиб кетишининг олди олинади.
Иккинчиси - ўлган эрнинг ҳурмати бажо келтирилади.
Учинчиси - эр билан бирга ўтказилган оилавий ҳаётнинг ҳурмати юзасидан ҳам дарров бошқа эрга тегиб кетмай, идда ўтирилади. Бу ҳукмнинг яна бошқа ҳикматлари ҳам бор.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«Уларга имконингиз борича, ўзингиз яшаб турган жойдан жой беринг. Уларга сиқиштириш мақсадида зарар етказманг. Агар ҳомиладор бўлсалар, то ҳомилаларини қўйгунларича уларга нафақа беринглар», деган (Талоқ сураси, 6-оят).
Ушбу ояти каримада талоқ қилинган аёлларнинг турар жой ва нафақаси ҳақида сўз кетмоқда. Оятдаги амр хотинини талоқ қилган эрларга қаратилгандир. Талоқ содир бўлганидан кейин икки хил ҳолат юзага келади ва икки хил иш тутилади.
1. Талоқ қилинган хотин ҳомиладор бўлмаса, иддаси чиққунча эри унга маскан ва нафақа бериши вожиб бўлади.
2. Талоқ қилинган хотин ҳомиладор бўлса, ўша ҳомиласини туққунича эр уни нафақа билан таъминлаши вожибдир.
Фуройъа бинт Молик Худрий розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Бану Худрадаги ўз аҳлига қайтишни сўраб келди. Чунки эри қочиб кетган қулларини қувлаб бориб, Қаддум томонда уларга етиб олганда улар томонидан қатл этилган эди.
Шунда мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўз ахдимга қайтишимни сўрадим. Чунки у менга ўзи молик бўлган маскан ҳам, нафақа ҳам қолдирмаган эди.
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳа», дедилар. Мен чиқиб, ҳужрага ёки масжидга етганимда у зот мени чакирдилар ёки (чақириб келишга) амр қилдилар.
Мен у зот ҳузурларига чақирилдим. У зот менга:
«Нима дединг?» дедилар.
Мен эрим ҳақидаги қиссани у зотга такрорладим. Шунда у зот:
«Токи Китобда ёзилган нарса - белгиланган муддат етгунча уйингда тур», дедилар.
Мен у ерда тўрт ою ўн кун идда ўтирдим. Бу ҳақда Усмонга хабар бердим. У ҳам шунга эргашди ва шунга биноан ҳукм чиқарди».
«Сунан» эгалари ривоят қилган.
Ушбу ривоятда эри ўлган аёл қаерда идда ўтириши ҳақида сўз кетмоқда. Эри ўлган аёл тўрт ою ўн кун муддат ичида эрининг уйида идда ўтириши керак. Уни биров чиқариб юбора олмайди, ўзи ҳам чиқиб кетиш ҳаққига эга эмас. Шу билан бирга, аёл ўлган эри ҳисобидан нафақа ҳам олмайди.
Фуройъа розияллоҳу анҳонинг ҳадислари шунга далолат қилади. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу халифалик даврларида у кишини чақириб, ушбу масала ҳақида сўраган эканлар. Шунда Фуройъа розияллоҳу анҳо у кишига бу ҳақда хабар берганларида халифа Усмон розияллоҳу анҳу ҳам шунга мувофиқ ҳукм чиқарганлар.
Фотима бинт Қайс розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Абу Амр ибн Ҳафс ўзи ғойиб бўла туриб, уни боин талоқ қилди. Сўнг вакили орқали арпа юборди. У (аёл) ундан ғазабланди.
Шунда у (эр):
«Аллоҳга қасамки, сенинг бизда ҳеч қандай ҳаққинг йўқ», деди.
Аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, бу нарсани хабар қилди. Бас, у зот:
«Сенинг унда нафақа ҳаққинг йўқ», дедилар ва Умму Шарийкнинг уйида идда ўтиришга амр қилдилар.
Сўнгра:
«У аёлнинг олдига асҳобларим кириб турадилар. Яхшиси, Ибн Умму Мактумнинг олдида идда ўтириб қўя қол. Кийимингни ечишинг бор. У аъмо одам. Қачон ҳалол бўлсанг, менга хабар бер», дедилар.
Ҳалол бўлганимда у зотга Муовия билан Абу Жаҳм совчи қўйганларини зикр қилдим. Шунда у зот:
«Абу Жаҳм асосини елкасидан туширмайди, Муовия бўлса ялангоёқ, ҳеч моли йўқ. Яхшиси, Усома ибн Зайдга никоҳлан», дедилар.
Мен уни ёқтирмадим. Шунда у зот: «Сен Усомага никоҳлан!» дедилар.
Бас, мен унга никоҳландим, Аллоҳ менга ундан яхшилик берди. У сабабли ҳавас қилиндим».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган».
Абу Исҳоқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Асвад ибн Язийд билан катта масжидда ўтирган эдим. Биз билан Шаъбий ҳам бирга эди. Шаъбий Фотима бинту Қайснинг ҳадисини айтиб, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга маскан ҳам, нафақа ҳам буюрмаганлар», деди.
Шунда Асвад бир кафт майда тошни олиб, уларни унга отдида:
«Шўринг қурисин! Шундай гапни ҳам айтасанми?! Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Ёд олгани ёки унутганини билмаганимиз бир аёлнинг гапи деб, Аллоҳнинг Китобини ва Набийимизнинг суннатини тарк қилмаймиз. Ундай аёлга маскан ҳам, нафақа ҳам берилади. Аллоҳ азза ва жалла: «Уларни уйларидан чиқарманг ва ўзлари ҳам чиқмасинлар. Магар очиқ-ойдин фаҳш иш келтирсалар», деган», деди», деб айтди».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Ҳанафийлар мазҳабида худди шу ривоятга амал қилинади ва боин талоқ қилинган аёлга унинг иддаси чиққунча талоқ қилган эр томонидан маскан ва нафақа берилиши вожиб, дейилади.
Ушбу ривоятдан баъзи уламолар боин талоқ қилинган аёл иддаси ичида ташқарига чиқса бўлади, деган ҳукмни олганлар.
Ҳанафий мазҳаби эса бундай аёл иддаси ичида уйидан чиқмагани маъқул, чунки оятда «Чиқмасин», дейилган, дейди.
Талоқ қилинган аёлга маскан ва нафақа бериш эрга вожиб бўлиш-бўлмаслиги ҳақида қуйидаги ҳукмлар бор:
1. Ражъий талоқ қилинган аёлга иддаси чиққунча маскан ва нафақа бериш вожиб.
2. Талоқ қилинган аёл ҳомиладор бўлса, ҳомиласини туққунича маскан ва нафақа бериш вожиб.
3. Эри ўлган аёлга иддаси чиққунча маскан бериш вожиб».
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг
"Нозик хилқат" китобидан