loader
Foto

"Сустлашманглар ва ғамгин ҳам булманглар, ваҳоланки, сизлар олийсизлар"

Ҳа, биз олиймиз, ақидамиз олий, тоғлардек мустаҳкам, унда ёлғон йўқ, тонгдек рост, уни олиб келган пайғамбардай комилдир.

Бандалигимиз олий, биз қулмиз, Роббимиз, илоҳимиз, ёрдамчимиз, кифоя қилувчимиз, ризқ берувчимиз Аллоҳдир. У бутун оламлар Роббисидир.

Ўрнак бўлишда олиймиз, тарбиямиз барча таълимлар қаймоғи, ўтган умматлар хулосаси, муқаддас китоблар етган чўққидадир.

Китобимиз олийдир, у ҳеч ботил аралаша олмайдиган ваҳийдир, қанча ўқисангиз малолланмайсиз, ажойиботлари тугамайди, ибрати адо бўлмайди.

Вазифамиз ҳам олий, у бутун оламни қамраб оладиган илоҳий вазифа, у оламни қутқариш сири, инсон бахти унга яширинган, инсоният у билан бу дунё-ю у дунё нажот топади.

Етакчимиз олий, у хатолардан сақланган, ваҳий билан қувватланган, ҳужжати кучли, адолат билан ҳукм қилувчи, ҳақни олиб юрувчи, фазилат тарқатувчи, халқнинг пешқадамидир.

Тарихимиз олий, ўтмишимизни безаб турган имомларимиз бор: Абу Бакр Сиддиқ, Умар ул-Форуқ, Усмон Зиннурайн, Али - Пайғамбар алайҳиссалом невараларининг отаси, Холид - Аллоҳнинг қиличи, Саъд - Пайғамбар алайҳиссалом хаворийси, Абу Убайда - умматнинг амини ва бошқалар.

Фидокорлигимиз ҳам олий, ушбу жанглар ёрқин мисол: Бадр, Уҳуд, Қодисия, Ярмук, Хаттин, Айни Жолут. Қанча ботирларнинг бошлари кесилди, қанча паҳлавонлар қони тўкилди, қанча покиза руҳлар фидо қилинди.

Илмий меросимиз ҳам олий, бизда "Минг бир кеча” йўқ, Афлотун васвасалари йўқ, Шекспирнинг тушлари ҳам йўқ, бизда тиловат қиладиган Китоб, эргашадиган суннат, гўзал мавъизалар, кучли ҳужжат, қалбларга шифо бор.

Доктор Оиз Қарнийнинг

"Қалблар тизгини" китобидан