loader
Foto

Рейхстагга ким ўт қўйган?

Ушбу воқеа нацистлар учун аҳолининг фуқаролик эркинликларини чеклаш ва немис коммунистлари ва социал-демократларига қарши қатағонлар бошлаш учун баҳона бўлди.

Воқеадан олдинги тарих

1933 йил 30 январда Веймар республикаси президенти Пауль фон Гинденбург Гитлерни янги коалиция ҳукумати раҳбари — рейхсканцлер лавозимига тайинлади. Ундан ташқари, янги ҳукуматга унинг партиясидан фақат икки киши — ички ишлар рейх вазири сифатида Вильгельм Фрик ва портфелсиз вазир сифатида Герман Геринг (бунда у Германиядаги энг йирик ерлари — Пруссия Ички ишлар вазирлигини назорат қиларди) киритилди.

Икки кун ўтгач, 1 февралда Гитлер канцлер сифатида Гинденбургдан Рейхстагни (ўша пайт НСДАП аъзолари фақат 32%ни ташкил қиларди) тарқатиб юбориш ва НСДАП учун кўпчиликка эришиш мақсадида янги сайловлар белгилашни сўради. Гинденбург унинг илтимосини қабул қилди, Рейхстаг тарқатиб юборилди ва 1933 йил 5 март санасига янги сайловлар белгиланди.

Ёнғин

27 февраль соат 22 да Берлин ўт ўчирувчилари Рейхстаг биноси ёнаётгани ҳақида хабар олишди. Ўт ўчирувчиларнинг барча ҳаракатларига қарамай, бинони тўлиқ олов қамраб олди. Фақат 23:30 га келиб, ёнғин ўчирилди, олов ичидаги бинода голландиялик Маринус ван дер Люббе, собиқ мустақил коммунист қўлга олинди. Воқеа жойига Гитлер, Геббельс, вице-канцлер Франц фон Папен ва шаҳзода Генрих Гюнтер етиб келишди. Бу ерда уларни Пруссия полициясини бошқарган ва шу билан бир вақтда рейхстаг раиси бўлган Герман Геринг кутиб олди. Гитлер рейхстагга ўт қўйишн коммнистлар амалга оширган ва бу коммунистик тўнтариш учун сигнал бўлган деб айтди.

1960-йилларда Spiegel журнали ўз текширувин ўтказди ва Рейхстагга ўт қўйилиши дарҳақиқат ёлғиз ҳолда ҳаракат қилган пироманьяк ван дер Люббе томонидан содир этилган деган хулосага келди. Бироқ айрим тарихчилар Люббе билан бир вақтда бинога ер ости тоннели орқали Карл Эрнст бошчилигидаги штурмчилар отряди кириб келгани ва ҳамма жойга бензин сепиб, ўт қўйганини исботланган деб ҳисоблашади.

Уильям Ширернинг фикрига кўра, ван дер Люббенинг режаси ҳақида нацистлар тасодифан олдиндан билиб қолишган (ван дер Люббе барда ўз режалари билан мақтанган), шу сабабли ундан пиёда сифатида фойдаланишган.

1998 йилдан бошлаб кучга кирган нацист судларининг адолатсиз суд ҳукмлари ҳақидаги қонун асосида 2008 йил ван дер Люббе амнистия қилинди.

Оқибатлар

28 февралда Рейхспрезидентнинг «Давлат ва халқни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги фавқулодда фармони қабул қилиниб, шахс эркинлиги, йиғилишлар, иттифоқлар, сўз ва матбуот эркинлигини бекор қилиб, хат ёзишувлар сирлари ва хусусий мулк дахлсизлигини чеклаб қўйди. Германия Коммунистик партияси тақиқлаб қўйилди. Бир неча кун давомида тўрт мингга яқин коммунист ҳамда социал-демократ ва либерал ташкилотларнинг кўплаб раҳбарлари, жумладан, рейхстаг депутатлари ҳибсга олинди. Мухолифатчи газеталар ёпилиши (коммунистларнинг «Роте Фане» газетаси ёнғиндан олдин ёпилганди) бошланган айлов кампаниясини муваффақиятли якунлашга имкон берди.

Шунга қарамай, 1933 йил 5 мартда Рейхстагга ўтказилган сайловлар натижаларига кўра, национал-социалистлар яна мутлақ кўпчиликни олишмади - улар 647 дан атиги 288 мандатга эга бўлишди. Шунда Гитлернинг Рейх ички ишлар вазири Вилгелм Фрик таклифига биноан, сайлов якунларига кўра коммунистларга тегиши лозим бўлган 81 та мандат бекор қилинди. Шунингдек, СПДдан сайланган бир қатор депутатлар Рейхстаг ишида қатнашишга рухсат берилмаган.

Ушбу чоралар қатор ўнг қанот партияларининг депутатлари билан эришилган келишувлар билан биргаликда 1933 йил 24 мартда гитлерчиларга «Давлат ва халқ ҳалокатларини бартараф қилиш мақсадидаги қонун»ни ўтказишга имкон берди (қонунни Рейхстагнинг 441 депутати қўллаб-қувватлаган, фақат 84 социал-демократ депутат қарши овоз берган). Ушбу ҳужжат император ҳукуматига давлат қонунларини, шу жумладан "империя конституциясидан четга чиқиши мумкин бўлган" қонунларни чиқариш ҳуқуқини берди. Дастлаб қонун 4 йил давомида амал қилиши белгиланган эди, аммо кейинчалик унинг таъсири узайтирилди ва Гитлер ҳукмронлиги охиригача ўз кучида қолди. Гитлер диктатураси шу тариқа қонуний рўйхатдан ўтказилди.

Шу билан бир пайтда нацистлар томонидан жойларда ҳам ҳокимиятни қўлга киритиш борди. Национал-социалистлар ҳамма жойда «халқ ғазаби» манифестациялари ўтказишган. Нацистларнинг намойишчилари, асосан штурмчилар ёки партия фаоллари, шаҳар ратушалари ва ҳукумат бинолари олдида саф тортиб, свастикали байроқ билан баннер кўтаришни талаб қилишди ва биноларни қуршаб олиш ёки бостириш билан таҳдид қилишди. Ўз навбатида, Рейх ички ишлар вазири, фашист Фрик буни фавқулодда ҳолат тўғрисидаги қарорга асосланиб, аралашиш учун баҳона сифатида ишлатган. У ер ҳукуматини ишдан бўшатиб, ва ўз ваколати тегишли ер ёки бошқа етакчи национал-социалист, шунингдек ваколатли вакиллари - полиция президентлари (полиция бошлиқлари) бўлган НСДАПнинг гауляйтери бўлган комиссарни тайинларди.

Тез орада Германиянинг барча сиёсий партиялари, НСДАП ни истисно қилганда, ёки тарқатиб юборилган, ёки ўзини-ўзи тарқатиб юбориши ҳақида эълон қилган. 1933 йил 14 июлда «Янги партиялар ташкил қилинишига қарши қонун» қабул қилинди, у НСДАПни мамлакатга ягона партия деб эълон қилди ва бошқа партия ташкилотлари яратишга ҳаракат қилиш ёки мавжуд бўлишини қўллаб-қувватлаш учун жиноий жавобгарлик жорий қилди.

Лейпциг жараёни

Рейхстагга ўт қўйишда бевосита беш киши айбланди: ван дер Люббе, Германия компартияси парламент фракцияси етакчиси Эрнст Торглер ва уч нафар болгар коммунисти — Георгий Димитров, Васил Танев ва Благой Попов. Суд 1933 йил сентябрь-декабрь ойларида Лейпцигда бўлиб ўтди. Жараён матбуотда кенг ёритилди ва радио орқали трансляция қилинди. (Ўша пайтда  Совет-Германия муносабатларида "журналистлар можароси" рўй берган, жумладан Лейпциг жараёнига совет журналистларини аккредитация қилиш рад этилган. Совет ҳукумати уч кун ичида совет журналистларини Германиядан олиб чиқиб, немис журналистларини СССРдан ҳайдаб чиқаришга қарор қилган, бу дипломатик амалиётда мисли кўрилмаган тадбир эди. Германия фикридан қайтди ва 1933 йил 4 ноябрда совет журналистлари биринчи марта Лейпцигдаги суд мажлисида қатнашдилар).

Жараён вақтида Ван дер Люббе Рейхстагда «бошқалар ҳам бўлгани»ни таъкидлади. Торглер нацистларга қарши кескин фикр билдирмади. Танев ва Попов амалда немис тилини билмасди. Бироқ Димитров, маълум бўлишича, немис тилини яхши биларкан, у судни нацистларга қарши айблов жараёнига айлантириб юборди. Георгий Димитров 36 марта сўздан маҳрум қилинди, 5 марта суд залидан ҳайдаб чиқарилди. Жараёнинг нацистлар учун кўнгилдагидек бормаётгани сабабли уни радиотрансляция қилиш тўхтатилди.

Бешта айбланувчидан фақат Ван дер Люббе айбини тан олди. Торглер судда ўз алибисини исботлай олди — ёнғин пайти у ресторанда бўлган экан. Димитров, Танев ва Попов ҳам алибига эга эди — улар ёнғин пайти умуман Берлинда эмас, Мюнхенда бўлганликларини исботладилар.

Суд Ван дер Люббени айбдор деб топди ва уни ўлимга ҳукм қилди. Кўп ўтмай, Ван дер Люббе гильотинада қатл этилди. Қолган судланувчилар оқланди, аммо полиция уларни қамоқда қолдирди. Москва уч болгарга Совет фуқаролигини берганидан сўнг, улар СССРга депортация қилинди. Торглер концлагерга кўчирилди, лекин 1934 йилда у энди сиёсат билан шуғулланмасликка ваъда берди ва 1935 йилда озод қилинди. У Германия Коммунистик партияси сафидан чиқариб юборилди.

Лондонда антифашистлар параллел антижараён ташкил қилиб, унда рейхстагга ўт қўйишда нацистларнинг ўзини айбладилар. Тергов ишларини олиб борган қўмита британ, француз, америка, бельгиялик ва швейцар жамоат арбоблари иштирокида шундай хулосага келдики, ички ишлар вазири ва Рейхстаг раиси Герман Геринг Ван дер Люббе билан тил бириктирган. Алоҳида ташаббускор гуруҳ, Германия фашизми қурбонларига ёрдам Қўмитаси томонидан чоп этилган «Жигар ранг китоб»да Рейхстагга ўт қўйишда нацистлар ҳам айбланган ва Лейпциг жараёнида прокурор бу китобнинг алоҳида қисмларини инкор қилишга уринган.

Лейпциг жараёни натижасида сиёсий ишлар оддий суддан махсус ташкил қилинган Халқ суд палатаси тасарруфига ўтказилган. Очиқ сиёсий жараёнлар бошқа ўтказилмаган. нацистларнинг кўплаб рақиблари, жумладан, немис коммунистлари етакчиси Эрнст Тельман судсиз қамоқда ушланган ва кейинроқ судсиз қатл этилган.

Абу Муслим таржимаси