loader
Foto

Абу Исҳоқ Иброҳим Шаҳриёр Козируний

Шайх Абу Исҳоқ Иброҳим Козируний 352/963 йилда Шероздан унча узоқ бўлмаган Козирун қишлоғида ўрмончи оиласида туғилган. У ёшлигиданоқ Қуръон ўрганишга жиддий киришган. Басралик Абу Исҳоқ Абу Тамим ва шомлик Абу Али Муҳаммад ибн Исҳокдан Куръонни мукаммал ўрганган. Шайх Муҳаммад Хафиф суҳбатида бўлиб, тариқат сирларидан воқиф бўлган.

Абу Исҳоқ Абу Али Ҳусайн Муҳаммад қўлидан хирқа кийган. Шайх Озар билан Ироқ ҳамда Ҳижозга сафар қилиб, унинг суҳбатидан файзу барака топган. Абу Исҳоқ 388/998 йилда ҳаж сафарига борган. Қайтиб келгач, Козирунда хонақоҳ, масжид ҳамда работ қурдирган. Қишлоқ аҳолисининг аксарияти зардуштий қавмидан бўлгани учун бу иш анча қийин кечиб, ҳатто икки томон ўртасида қуролли тўқнашув юз берган. Ниҳоят Абу Исҳоқ ўз ниятига эришган. Абу Исҳоқнинг вазирлик лавозимига кўтарилган сабоқдоши Абу Исҳоқни қўллаб-қувватлаш мақсадида унга кўп инъом-лар ҳадя этган. Лекин Абу Исҳоқ уларни қайтарган.

Вазир бир неча бандини озод қилиб, Абу Исҳоққа деди:

- Бунинг савобини сенга бағишладим.

Абу Исҳоқ унга миннатдорчилик билдириб деди:

- Яхшилигинг шукрини адо қилдим, лекин бандиларни озод қилиш менинг ишим эмас. Менинг ишим озодларни дўстлик ва эҳсон билан банди қилишдир (Ҳақ йўлга чорлашдир).

Абу Исҳоқнинг каромат ва риёзатлари ҳақида ҳикоят ҳамда нақллар халқ орасида кенг тарқалган. Улар Муҳаммад ибн ал-Хатиб томонидан араб тилида битилган. «Фирдавс ул-муршидий фий асрор ул-самдия», «Мурсал ул-аҳрор» китобларида тўпланган ва анча муфассал баён этилган.

Абу Исҳоқ 420/1029 йилда вафот этган. Қабри Козирун қишлоғида.



Ақлнинг энг паст даражаси дунёга махдиё бўлиш, ақлнинг ўрта даражаси дунёни тарк қилиш, ақлнинг юқори даражаси Аллоҳнинг зоти хусусида тафаккур қилмаслик, яъни Аллоҳ зотини ақл билан билишга уриниш бефойда эканини англаб етишдир.



Тасаввуф - даъволарни тарк этиш ва маъноларни яширишдир.



Оз ризққа қаноат қилиш кам амални ҳам поклайди.

Ҳамиджон Ҳомидийнинг

"Тасаввуф аломатлари" китобидан

ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

Иброҳим Адҳам

Ҳасан Басрий

Зуннун Мисрий