Дин холис Аллоҳники экани ҳақида
Муҳтадий Абу Шакур Солимий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: Билингки, дин хослик ва холисликка кўра Аллоҳ таолоникидир. Бунга далил “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширқдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир”(Баййина сураси, 5-оят.)ва “(Эй инсонлар!) Огоҳ бўлинг, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир...”(Зумар сураси, 3-оят.) оятлари. Бу дин - Аллоҳ таолонинг дини, фаришталари, расуллари ва пайғамбарларнинг дини, Аллоҳ таолонинг авлиёлари ва мусулмонларнинг динидир. Ким бу жамоатдан ажраб чиқса, диндан адашган бўлади. Бунга далил: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг...”(Оли Имрон сураси, 103-оят.) ояти. Аллоҳ таолонинг динини, яъни суннат ва жамоатни маҳкам тутинглар.
Суннат ва жамоатдан ажраб чиқиш бидъат ва адашишдир ҳамда ажраб чиққан киши дўзах аҳлидандир. Бунга далил “Ҳужжатлар келгандан кейин ҳам бўлиниб, ўзаро ихтилофга берилган кимсаларга ўхшаманг! Ана ўшаларга улкан азоб бордир”(Оли Имрон сураси, 105-оят.)ояти. Пайғамбардан (алайҳиссалом) ривоят қилинади: “Умматим мендан кейин етмиш уч фирқага бўлиниб кетади. Уларнинг биттасидан ташқари барчаси дўзахда бўлади”. Мана шу биттаси аҳли сунна вал жамоа бўлиб, уларга Пайғамбар (алайҳиссалом) жаннатий деб гувоҳлик бердилар. “Зеро шайтон бир киши билан бўлади, икки кишидан узоқроқ бўлади...”. Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) Пайғамбардан (алайҳиссалом) ривоят қилади: “Аллоҳтаоло бу умматни залолат устида жамламайди. Аллоҳ таолонинг яди жамоат билан бирга ва жамоат устида мана бундай. Катта жамоатга эргашинглар. Ким катта жамоатдан ажралиб, якка ҳолда бўлса, дўзахда ҳам якка ҳолда бўлади”(Ҳоким "Мустадрак”да ривоят қилган.). Жамоат - бу катта қоралик (жамоат)га тўпланган кишилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) битта тўғри чизиқ чизиб, айтдилар: “Бу Аллоҳ таолонинг дини”, деб кейин ушбу чизиқнинг ўнг ва чап томонига бир нечта чизиқлар чизиб, айтдилар: “Булар ҳам йўллар бўлиб, ҳар бир йўлнинг бошида унга даъват қиладиган шайтон бўлади”. Сўнг ушбу оятни тиловат қилдилар: “Албатта, мана шу (Менинг) Тўғри йўлимдир. Унга эргашинг! (Бошқа турли) йўлларга эргашманг Акс ҳолда, улар сизларни Унинг йўлидан айириб қўяди...”(Анъом сураси, 153-оят.).
Катта жамоат аҳли - булар Абу Саид Худрий, Ҳасан ибн Абу Саид Басрий, Суфён Саврий, Авзоъий(Абдураҳмон ибн Авзоий фиқҳ ва зоҳидликда Шом диёрининг имоми бўлиб, Баълабакка шаҳрида туғилган. Байрутда яшаган ва ўша ерда вафот этган (Қаранг: Зирклий. Аълом. -Ж. 3. - С. 320 ).), Алқама(Унинг тўлиқ исми Алқама ибн Қайс ибн Абдуллоҳ ибн Молик Абу Шиблий Нахаъий Ҳамодоний тобеинлардан бўлиб, Ироқ фақиҳи бўлган 62/681 йилда Куфада вафот этган (Қаранг: Зирклий. Аълом. -Ж. 4. - С. 248).), Асвад(Асвад ибн Язид ибн Қайс Нахаъий тобеин фақиҳларидан бўлиб ўз даврида Куфа олими бўлган.У 75/694 йилда вафот этган (Қаранг: Зирклий. Аълом. -Ж. 1. -С. 330).), Иброҳим Нахаъий, Шаъбий(Унинг тўлиқ исми Абу Амр Омир ибн Шураҳбил ибн Абду Зи кибор Шаъбий Ҳумайрий бўлиб, Куфа шаҳрида туғилиб, ўша ерда 103/721 йилда вафот этган. У тобеин фақиҳларидан бўлган (Қаранг: Зирклий. Аълом. -Ж. 3. - С. 251).), Молик, Ҳаммод, Ибн Абу Лайло(Унинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Абу Лайло Ансорий Куфийдир. У қози ва фақиҳ бўлган. 148/765 йилда Куфада вафот этган (Қаранг: Зирклий. Аълом. -Ж. 4. - С. 189).), Абу Ҳанифа каби саҳобалар, тобеинлар ва таба-тобеинлар ҳамда уларнинг издошлари ва шогирдларидан Қози Абу Юсуф, Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний, Зуфар(Унинг тўлиқ исми Зуфар ибн Ҳузайл ибн Қайс Абул Ҳузайл Анбарий бўлиб кат-та фақиҳлардан бўлиб Имом Абу Ҳанифанинг шогирди бўлган. Басрада яшаган ва ўша ерда қозиликка тайинланган. 158/775 йилда Басрада вафот этган (Қаранг: Зирклий. Аълом. -Ж. 4. - С. 45).), Ҳасан ибн Зиёд(Унинг тўлиқ исми Ҳасан ибн Зиёд Абу Али Луълуий Куфийдир. У фақиҳ ва Куфа қозиси бўлган. У 204/819 йилда Куфада вафот этган (Қаранг: Зирклий. Аълом. -Ж. 2.-Б. 191).), Довуд Тоий(Унинг тўлиқ исми Абу Сулаймон Довуд ибн Нусайр Тоий бўлиб, тасаввуф имом-ларидан бўлган. Куфада туғилган ваўша ерда 165/781 йилда вафот этган (Қаранг: Зирклий. Аълом. -Ж. 2. - С. 335).), Муҳаммад ибн Идрис Шофиъий, Абу Абдуллоҳ Музаний(Исмоил ибн Яҳё Музаний Имом Шофиий шогирдларидан бўлиб, Миср аҳлидан бўлган ва 264/878 йилда вафот этган (Қаранг: Зирклий. Аълом. -Ж. 3. - С. 171).), Хуросон фақиҳларидан Абу Мутеъ Балхий, Абу Сулаймон Жузжоний, Абу Ҳафс Жаъфар Кабир Бухорий, Шақиқ ибн Иброҳим(Унинг тўлиқ исми Шақиқ ибн Иброҳим ибн Али Абу Али Аздий Балхийдир. У зоҳид сўфий бўлган ва 194/810 йилда вафот этган (Қаранг: Зирклий. Аълом. -Ж. 1.-С.329).) ва Иброҳим ибн Адҳам ка-билар. Буларнинг барчаси Жаъфар Содиқ ва Абу Ҳанифанинг шогирдларидир. Улардан кейин издошлари, яъни Пайғамбар (алайҳиссалом) вақтидан бошлаб ҳозирги кунга қадар мусул-монлардан иборат дин фақиҳлари ва жамоати катта жамоат аҳли ҳисобланади. Булар динни саҳобалар ва бошқалардан иборат жамоанинг оғизлари ва қўлларидан олганлар ва бу нарса ҳеч қандай низосиз ва инкорсиз нақл қилинган.
Али суннат вал жамоа аҳли мазкур саҳобалар ва имомлар ҳамда уларнинг издошлари бўлган мусулмонлар ва имомлардан иборат эканига далил - ҳавои нафс ва бидъат аҳли етмиш иккита фирқага бўлинди. Улардан бир фирқа бирор масалада бизга хилоф қилса, қолган етмиш битта фирқа биз билан ҳамфикр бўлса, мана шу битта фирқа ўз сўзида хато қилувчи ва динида бидъатчи бўлади. Шунингдек, иккинчи фирқа бирор масалада бизга қарши бўлса, биринчи фирқа унинг хатоси ва бидъатида бизга ҳамфикр бўлса, мана шу иккинчи фирқа ўз сўзида хато қилувчи ва динида бидъатчи бўлади. Шунингдек, барча бидъатчи фирқалар умматга ва жамоатга бирор-бир масалада хилоф қила олмайдилар. Балки ўзларидан бирортасига хилоф қилиши мумкин, бошқага хилоф қилолмайди. Бирор-бир масалада улардан битта фирқанинг хилофи эътиборга олинмайди ва ўзига қайтарилади. Бундан маълум бўладики, жамоат ва суннат саҳобалар, тобеинлар ва таба-тобеинлар ҳамда қиёмат кунигача бўладиган уларнинг издошлари бўлган фақиҳлар ва мусулмонлар билан бирга бўлган.
Ҳақиқатда сунна ва жамоатга эргашиш ва улар билан ҳам-фикр бўлиш юқорида зикр қилинган имомлар ва саҳобаларда мавжуд. Хуросон ва Мовароуннаҳр, Ғазна шаҳарлари ва Турк диёрларидан иборат Шарқ ва Хитой шаҳарларидаги тўғри йўл имомлари - машойихларимиздан ҳам бу нарса амалга ошган. Улар Аллоҳ таолонинг китоби, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннати ва юқорида зикр қилинган саҳобалар ва тобеинлар сийратидан иборат ҳужжатлари ва далиллари билан дин қоидалари ва рукнларини ягона йўл ва суннатга кўра исбот қилдилар. Бу Аллоҳ таолонинг, мурсалин ва мусулмонларнинг йўлидир. Алоҳ таоло бу ҳақда: “Айтинг: «Менинг йўлим - шу! Мен ва менга эргашганлар аниқ ҳужжат билан Аллоҳга даъват этамиз...”(Юсуф сураси, 108-оят.) деб марҳамат қилади. Мазкур оят: “Айтинг: Бу - ҳужжат, ривоят, далил, нур, зиё ва аниқ ҳужжат билан бўлган менинг диним. Мен ва менга эргашганлар аниқ ҳужжат билан Аллоҳга даъват этаман” маъносига далолат қилади. Сўнг ким ҳужжатсиз бирор йўлни танласа, адашган бўлади ҳамда хато қилувчи ва бидъатчи бўлади.
Абу Шакур ас-Солимий ал-Кешийнинг
“Ат-Тамҳид фи баёнит тавҳид” китобидан
таржимон “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири С.Примов