loader
Foto

Бангладешда ҳукумат истеъфосини талаб қилган намойишда 70 дан ортиқ одам ҳалок бўлди

Бангладеш полицияси Бош вазир Шайх Ҳасинанинг истеъфосини талаб қилиб кўчаларга чиққан ўн минглаб намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва гранаталардан фойдаланган. Оқибатда камида 76 киши, жумладан, 13 нафар полициячи ҳалок бўлган, ўнлаб кишилар яраланган. Бу ҳақда Al-Jazeera хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, мамлакат пойтахти Дакка ва шимолдаги Богра, Пабна ва Рангпур, ғарбдаги Магура, шарқдаги Комилла ва жанубдаги Барисал ва Фени шаҳарларида вазият ёмонлашган. Намойишчилар июл ойи бошида ҳукумат ишлари учун квота тизимини бекор қилишни талаб қилган намойишлар зўравонликка айланиб, юзлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлганидан кейин Ҳасинанинг истеъфосини талаб қилишди. Ҳукумат истеъфога чиқмагунича тўхтамаймиз, дейишади.

Кортеж яна давом этди, кўчалар одамларга тўлди. Кўплаб ҳудудлар зарар кўрди. Дакканинг Шоҳбоғ туманидаги йирик давлат шифохонаси бўлмиш Бангабандҳу Шайх Мужиб тиббиёт университетига ҳужум уюштирилиб, бир неча автомобил ёқиб юборилди. Пойтахтнинг Уттара туманида катта магистрални тўсиб қўйган юзлаб одамларни тарқатиш учун полиция ҳам кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган.

Намойишчилар тумандаги ҳукмрон партиянинг юзлаб фаоллари жойлашган уйларга ҳужум қилиб, ижтимоий ёрдам идорасини вайрон қилган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, бир нечта қўлбола портловчи қурилмалар ишга туширилган ва отишма овозлари эшитилган.

Намойишлар ҳозирда тахминан 170 миллион кишилик Жанубий Осиё давлатида ҳукуматга қарши кенгроқ ҳаракатга айланди. Кейинги ҳафтада камида 11 000 киши ҳибсга олинди.

Абу Муслим таржимаси (қозоқ тилидан)