loader
Foto

Норозилик намойишига 700 минг киши чиқди

Исроилда Ғазо секторида ўт очишни дарҳол тўхтатиш ва гаровдагиларни озод қилиш талаби билан чиққан оммавий норозилик намойишчилари сони 700 мингга етди. Бу ҳақда Исроилнинг “Ynet” хабар портали хабар бермоқда.

Ташкилотчилар маълумотига кўра, Тел-Авивдаги намойишларда 550 минг киши қатнашган.

Оммавий норозилик намойишлари 330 кундан бери Хамас тарафидан гаровда тутилган олти нафар исроилликнинг ўлимидан кейин ташкил этилганди.

Аввалроқ маҳаллий полиция матбуот хизмати минглаб намойишчилар Тел-Авив марказида тартибсизликлар уюштирганини хабар берганди. Улар шаҳарнинг марказий кўчасини тўсиб қўйиб, тартиб бузарларни ҳибсга олган полиция билан тўқнашувга киришган.

Якшанба куни Исроил армияси олти нафар гаровда тутилган исроилликнинг жонсиз танасини топганди. Исроил армияси уларни Хамас ўлдирган деб тахмин қилмоқда.

Фаластин озодлик ҳаракати эса гаровдагилар Исроилнинг бомбардимони туфайли ҳалок бўлганини таъкидламоқда. Хамас сиёсий бюро аъзоси Халил ал-Хаё ўз интервьюсида “Босқинчи Исроил армиясининг агрессияси ва экстремист ҳукумати гаровдаги одамларнинг ўлимига сабаб бўлди” деб маълум қилди.