loader
Foto

Малайзиянинг собиқ раҳбари, 99 ёшли Маҳатхир Муҳаммад шифохонадан чиқарилди

Малайзиянинг собиқ бош вазири Маҳатхир Муҳаммад нафас йўллари инфекцияси туфайли шифохонага ётқизилгандан сўнг шифохонадан чиқарилди, деб хабар берди унинг офиси.



Июл ойида 99 ёшга тўлган Маҳатхир 15 октябрда пастки нафас йўллари инфекцияси билан шифохонага ётқизилган эди.



Кекса сиёсатчи аввалдан юрак билан боғлиқ муаммоларга эга бўлиб, сўнгги йилларда бир неча марта шифохонага ётқизилган.

Куала-Лумпурдаги Миллий Юрак Институтига ётқизилиши уни мамлакатнинг бош вазир ўринбосарига қарши туҳмат ишидаги суд жараёнида иштирок этиш имкониятидан маҳрум қилди.

Малайзиянинг энг узоқ муддатли бош вазири бўлган Маҳатхир 1981 йилдан 2003 йилгача, сўнгра 2018 йилдан 2020 йилгача икки марта бош вазирлик қилди.

У ўзининг илк раҳбарлик даврида мамлакатни юқори технологияли товарлар етказиб берувчи етакчи давлатлардан бирига айлантиргани учун мақтовга сазовор бўлган, аммо демократияни заифлаштиргани ва мухолифатга босим ўтказгани учун танқид қилинган.

Маҳатхир 2022 йилда Лангкави оролидаги сайлов округида ўз парламент ўрнини йўқотиб, ярим асрдан зиёд давомдаги илк сайлов мағлубиятини қайд этди.

Парламентдан кетганидан сўнг, у Жануби-Шарқий Осиё давлати сиёсатида фаол қатнашишда давом этмоқда ва ўзининг собиқ шогирдидан душманга айланган ҳозирги бош вазир Анвар Иброҳимнинг етакчилигини танқид қилувчи кўзга кўринган шахс сифатида намоён бўлмоқда.

Абу Муслим ал-жазирадан тайёрлади