loader
Foto

Хитойда мусулмон оилаларидан болалар зўрлик билан олиб қўйилмоқда

Чоп этилган далиллар ва ҳужжатлар шуни кўрсатадики, Хитойда бу мусулмон озчиликни таъқиб қилиш давом этмоқда. Ўтган йили эълон қилинган БМТ ҳисоботига кўра, 2 миллионга яқин уйғур махсус концлагерларга юборилган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳисобот муаллифлари лагерлар фаолияти махфийлаштирилганлиги ва уларда бўлган маҳбуслар этник-диний идентификациясини пасайтириш мақсадида фаол ташвиқот-тарғибот орқали «мия ювиш»га дучор бўлишларини таъкидламоқда. Энди эса Хитой маъмурлари бир вақтнинг ўзида бу маҳбусларнинг болалари, аммо нафақат улар учун ўнлаб мактаб-интернатлар ташкил этиш билан банд эканлиги маълум бўлди.

Уйғурлар сунний мусулмонлардир, уларнинг тили туркий тиллар гуруҳига киради. Уларнинг асосий ватани бўлган Хитой вилоятидан ташқари улар Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда истиқомат қилишади. Уйғур жамоалари Покистон, Бирлашган Араб Амирликлари, АҚШ, Германия, Россия ва бошқа мамлакатларда ҳам мавжуд. Хорижий диаспоранинг нодавлат ташкилотлари Жаҳон Уйғур Қурултойида бирлашган. У Туркияда ташкил этилган, аммо кейин Хитой ҳукумати босими остида ўз фаолият марказини Мюнхенга кўчирди.

Фақат битта шаҳарда 400 боланинг ота-оналари лагерларга ёки қамоқхоналарга юборилган.

Немис тадқиқотчиси Адриан Зенцнинг аниқлашича, охирги йилларда Хитой ҳукумати Шинжон провинциясида таълим муассасалари қурилишини фаоллаштирди. Янги интернат-ётоқхоналар қурилмоқда, эски бинолар эса кенгайтирилмокда, уларнинг сиғими кескин оширилди. Шунингдек, бу ердаги кўп сонли болалар билан доимий ишлаш мумкин бўлиши учун қўшимча ресурслар ажратилди. Шу билан бир пайтда, катталар учун янги концлагерлар қурилиши давом этмоқда.

Фақат 2017 йилнинг ўзида Шинжон провинциясида давлат таълим тизими боғчаларига ёзилган болалар сони ярим миллионга ошди.

Бунда ушбу ўсишнинг 90%и уйғур оилаларнинг болаларига ёки ушбу минтақада яшайдиган бошқа озчиликлар вакилларига тўғри келади. Уйғурлар асосан провинциясида яшайди ва Хитой ҳукумати болалар муассасалари қурилиши ва жиҳозланишига 1.2 млрд. доллар сарфлади. Зенцнинг сўзларига кўра, харажатларнинг катта қисми болалар доимий яшаш учун жойлаштириладиган интернатлар қуриш ёки кенгайтиришга сарфланди . Ўтган йилнинг апрелида рўй берган ҳодиса шуҳрат қозонди, ўшанда Хитой ҳукумати қўшни қишлоқлардан 2000 га яқин болани улар учун қурилган битта улкан интернатга кўчириб ўтказди. Бу турдаги янги муассасалар қурилиши, худди эскиларини кенгайтириш каби, давом этмоқда ва буни сунъий йўлдош ёрдамида олинган расмлар ҳам тасдиқлайди. Уларнинг сиғими  мамлакатдаги ўртача кўрсаткичдан уч баравар юқори.

Хитой ҳукуматининг таъкидлашича, катта ёшдаги уйғурлар ҳибсга олинмаяпти, балки «таълим лагерлари»га жўнатилиб, у ерда уларнинг муҳитида диний-экстремистик ғояларни тарқатишга қаршилик кўрсатиш бўйича профессионал курс ўтамоқда. Бироқ, гувоҳларнинг таъкидлашича, кўпчилик фақат намоз ўқигани ёки бошига рўмол ўрагани ёки Туркиядаги қариндошлари билан алоқа қилгани учун ҳибсга олинган.

Давлат тарғиботи болалар учун янги интернатлар қурилишини  кўкларга кўтариб тарғиб этмоқда ва буни бутун мамлакат бўйлаб тинчлик ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш усули деб атамоқда. Бироқ Зенцнинг таъкидлашича, асосий мақсад бошқача: озчиликлар болаларига қайта таълим бериш, уларга ўз тилларидан фойдаланмасликни ёки уни унутиш, уларни илдизларидан ва ота-она маданиятидан узишдир. Бундай иншоотлар уларнинг оилалари яшаш жойларидан узоқроқда қурилаётгани ҳам бежиз эмас.

Абу Муслим таржимаси