loader
Foto

ОДКБнинг фаолияти самарасиз эканлиги яна бир бор тасдиқланди

Остонадаги ОДКБ саммити яна бир бор бу ҳарбий-сиёсий блокнинг мутлақо фойдасизлигини кўрсатди. ОДКБдан анчадан бери ҳеч қандай аҳамиятли нарса кутишмайди. Шунга қарамай, бу саммит ҳам ташкилотнинг ноёблигини намоён қилди: бундан ҳам мазмунсиз сухбат тасаввур қилиб бўлмасди. "Юракни эзувчи манзара", дейиши мумкин эди машҳур мультфильм қаҳрамони каби.  



Аввалги йилларда ОДКБ НАТОга муқобил, ҳатто Марказий Осиё ва ундан ташқаридаги асосий хавфсизлик кафолати сифатида қаралган пайтдаги энтузиазм ва кайфият қаёққа кетди? Булар қачон бўш суҳбатларга айланиб кетди?  



Россиянинг Олий Бош қўмондони "Орешник" деб аталган янги қуроли билан мақтаниб, уни Кремль тарғиботи "ҳеч қаерда йўқ мўъжиза қурол" деб атай бошлади. Қолганлар уни одоб билан тинглашди, аммо 33 ойдан бери давом этаётган Россиянинг "СВО"сига баҳо беришдан қочишди. ОДКБ бош котиби Иманғали Тасмағамбетов: "ОДКБ Россия томонидан "Орешник"дан фойдаланиш тажрибасини ҳамда халқаро вазиятни ўрганади", деди. Бу жавоб Кремль баёнотига юксак даражадаги казуистика билан берилган жавоб эди.  



Москва ҳам саммитдаги кайфиятни тушунди. Журналистлар Владимир Путиндан ОДКБ уставига кўра "ташқи тажовузни қайтариш" учун Россияга ёрдам керакми, деб сўрашганида, у "Бу реал эмас" деб қисқа жавоб берди. Шу тариқа ОДКБнинг ҳозирги фаолияти ҳақидаги мавзуни ёпиб қўйди.  



Саммит давомида нафақат руҳий оғирлик, балки саволлар ҳам ҳавода ётарди: Нима учун бу учрашув? Ким учун керак? Бу саволларни ҳеч ким айтмади, чунки уларнинг жавоблари аниқ эди: ОДКБ аллақачон ўлган. Фақат бу ҳақда маълумотнома бериш қолган, лекин ҳозирги шароитда ҳеч бир аъзо бундай қарор қабул қилишга журъат этмайди.  



Россия ва Беларус бунга қўл урмайди, чунки бу Кремль ва унинг Минскдаги иттифоқчиси учун катта сиёсий мағлубият бўлади. Қолган аъзолар эса буни қилишмайди, чунки Москва билан муносабатларни бузишни исташмайди. Бундан ташқари, ОДКБ аъзолиги улар учун оғир юк эмас, шунинг учун бу жараённи тезлаштиришга зарурат йўқ.  



ОДКБ – бу ҳарбий-сиёсий устки қават, лекин унинг асоси бўш. Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ташқи таҳдидларга қарши ҳимоя талаб қиладиган лойиҳалар сони кундан-кунга камаймоқда.  



Ҳимоя қилишга ҳеч нарса бўлмаса, ОДКБ қариб қолган кузатувчи итга ўхшаб қолади. Уни фақат раҳм-шафқат қилибгина ҳайдаб юборишмайди. Ўзини ўзи тугатгунига қадар, у ҳеч қандай харажат талаб қилмайдиган, Москва сиёсатининг олдинги яхши даврларини эслаш рамзи сифатида ўз ўрнида қолаверади.

Абу Муслим таржимаси