loader
Foto

Жанубий Корея президенти мағлубиятга учради. Уни давлатга хиёнатда айблашмоқчи

Жанубий Кореянинг энг йирик мухолифат партияси — Демократик «Тобуро» партияси президент Юн Сок Ёл ва мудофаа вазири Ким Ён Хённи ҳарбий ҳолат ҳақидаги қарор ва унга боғлиқ ҳаракатлари учун давлатга хиёнатда айблашни режалаштирмоқда, деб хабар беради «Рёнхап» агентлиги.



Бундан аввал партия Юн Сок Ёлни истеъфога чиқишга чақириб, импичмент жараёнини бошлаш билан таҳдид қилган эди. Президентнинг истеъфосини Жанубий Корея касаба уюшмалари федерацияси ҳам талаб қилиб, муддатсиз иш ташлаш эълон қилди.



«Тобуро» партиясининг махсус баёнотида президентнинг ҳаракатлари Конституцияни бузгани таъкидланди ва Юн ҳарбий ҳолат эълон қилиш учун зарур бўлган талабларнинг бирортасини бажармади: «Бу жиддий исён ҳаракати бўлиб, импичмент учун етарли асосдир».



Давлат раҳбарининг маъмурияти ҳарбий ҳолат эълон қилиниши сабабли Жанубий Корея президентининг юқори мартабали ёрдамчилари истеъфога чиқишини маълум қилди. Истеъфога чиққанлар орасида президент маъмурияти раҳбари Чон Жин Сок, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Шин Вон Сик, сиёсат бўйича штаб бошлиғи Сун Тхэ Юн ва бошқа етти нафар ёрдамчи бор. «Президент маъмурияти барча раҳбарлар ва катта котиблар истеъфога чиқишини эълон қилади», — дейилади агентликнинг бошқа материалларида.



Жанубий Кореядаги вазият фонида АҚШ КХДРга қарши ядровий тийиб туриш бўйича қўшма машғулотларни кечиктиришга қарор қилди. Ядровий масалалар бўйича маслаҳат гуруҳининг биринчи қўмондонлик-штаб машғулотлари 4–5 декабр кунлари Вашингтонда ўтиши керак эди. АҚШнинг Сеулдаги элчихонаси АҚШ фуқароларига намойишлар ўтказиладиган жойлардан четда бўлиш ва «катта одамлар тўпланган жойлар, йиғилишлар, норозиликлар ёки митинглар» яқинида эҳтиёткорликни сақлашни тавсия қилди. Шунингдек, тинч намойишлар ҳам можароларга ва зўравонликларга айланиши мумкинлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, Швеция бош вазири Ульф Кристерссон 5 декабрга белгиланган Жанубий Кореяга ташрифини қолдирди, деб хабар беради Yonhap агентлиги дипломатик манбаларга таяниб.

Худди шу пайтда Жанубий Корея ТИВнинг биринчи ўринбосари Ким Хон Гюн икки давлат — Испания ва Германия бўйлаб сафарини тўхтатиб, 4 декабр куни кун охиригача ватанига қайтишга қарор қилди, деб ёзади агентлик.

Мухолифатдаги Демократик «Тобуро» партияси президент Юн Сок Ёлдан ҳарбий ҳолатни бекор қилгандан кейин истеъфога чиқишни талаб қилди. Бошқа ҳолда, «Тобуро» Юнга импичмент жараёни билан таҳдид қилмоқда. Ушбу партия 300 ўринли парламентда 170 мандатга эга. Жанубий Корея Конституциясига кўра, импичмент қарорини қабул қилиш учун иккидан уч қисми депутатлар овози керак.



Жанубий Корея ҳукумати ҳарбий ҳолатни бекор қилиш учун овоз берди, деб хабар қилади Yonhap. Ҳарбий ҳолат тартиби тахминан олти соат давом этди.

Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат буйруғи бўйича ташкил этилган қўмондонлик тугатилди. Ҳарбий ҳолатни таъминлашга жалб қилинган жанубий кореялик ҳарбийлар ўз доимий жойларига қайтишди.



Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл ҳукумат мажлисида ҳарбий ҳолатни бекор қилишини эълон қилди.



Жанубий Кореяда куч ишлатар тизимлар мухолифат етакчиси, ҳукмрон партия раҳбари ва парламент раисига ҳибсга олишга рухсат олди, деб ёзади KBS.



Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл ҳибсга олиниши ва унга импичмент эълон қилиниши кутилмоқда, деб ёзади хорижий ОАВ.



Жанубий Корея парламенти ҳарбий ҳолатни бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилганидан кейин ҳарбийлар Миллий Ассамблея биносидан чиқишни бошлади. Унгача қонун чиқарувчилар ва фуқаролар учун бино блокланган эди.



Шунга қарамай, Сеулдаги парламент биноси ёнида амалдагӣ президентнинг истеъфосини талаб қилаётган одамлар тўпланди.



«Ҳарбий ҳолат қарорини бажаришда давом этадиган барча аскарлар давлатга хиёнат учун судга тортилади», — деди Жанубий Корея Миллий Ассамблеяси спикери.



Жанубий Корея парламенти спикери У Вон Сик мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилишига қарши чиқди.  



Республика президенти ҳарбий ҳолат жорий этганидан сўнг, Миллий Ассамблея йиғилиш ўтказди. Йиғилиш YTN телеканали орқали трансляция қилинди.  



«Менга ҳарбий ҳолат жорий этилишини қўллаб-қувватлаш қийин. Барча тартибларга риоя қилиниши керак», — деди Миллий Ассамблея спикери.  



Унинг сўзларига кўра, мамлакат парламенти ҳарбий ҳолатни бекор қилиш учун овоз берган.  



Жанубий Корея мухолифат етакчиси Ли Чже Мен фуқароларни парламентга чиқишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, ҳарбий ҳолат эълон қилган Юн Сок Ёл энди легитим президент эмас ва «ўз халқини сотган».  



Жанубий Кореянинг етакчи мухолифат Демократик «Тобуро» партияси ҳарбий ҳолат эълон қилинганидан сўнг депутатларини парламентга чақирди.  



Жанубий Корея Қўшинлари штаби бошлиғи Пак Ан Су ҳарбий ҳолат жорий этилганидан кейин қўмондон этиб тайинланди.  



Жанубий Кореяда Миллий Ассамблея биносига кириш ва чиқиш йўллари ёпилди. Республикада ҳарбий ҳолат бўйича қўмондон этиб тайинланган Пак Ан Су парламент ва сиёсий партиялар фаолияти тўхтатилишини эълон қилди.  



Жанубий Корея қонунига кўра, агар депутатларнинг кўпчилиги овоз берса, ҳарбий ҳолат бекор қилиниши мумкин, деб хабар беради Yonhap. Мухолифат депутатларни Миллий Ассамблеяга чақирган.  



Жанубий Корея мудофаа вазирлиги армияга фавқулодда вазиятларга тайёр туришни буюрди, захирадаги ҳарбий хизматчиларни хизматга чақирди.  

Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл ўзининг ҳарбий ҳолат жорий этиш тўғрисидаги қарорини парламентни назорат қилувчи мухолифат партиясининг ҳаракатлари билан боғлади. У мухолифатни коммунистик деб атади ва уни Шимолий Кореяни қўллаб-қувватлаётганликда айблади. Давлат раҳбари мухолифатнинг асосий прокурорларга нисбатан импичмент жараёнини бошлаганини ва ҳукумат таклиф қилган бюджетни рад этганини таъкидлади.  



Президентнинг фикрича, бу ҳаракатлар миллий хавфсизлик асосларига таҳдид солади. Хабарларга кўра, Жанубий Корея пойтахтига армия жалб этилмоқда. Жанубий Корея парламентига кириш ҳарбийлар томонидан тўсиб қўйилган.  



Демократик «Тобуро» партияси ҳарбий ҳолат эълон қилинганидан сўнг депутатларни парламентга чақирди, деб хабар қилади «Рёнхап».  



Жанубий Корея Қўшинлари штаби бошлиғи Пак Ан Су ҳарбий ҳолат жорий этилганидан кейин қўмондон этиб тайинланди.  



Миллий Ассамблея биносига кириш ва чиқиш йўллари ёпилди. Пак Ан Су парламент ва сиёсий партиялар фаолиятини тўхтатилишини эълон қилди.  

Жанубий Корея ташқи ишлар вазири Чо Тхэ Ёл ҳарбий ҳолат жорий этилгани фонида юқори мартабали амалдорлар билан маслаҳат йиғилишини чақирди, деб хабар беради «Рёнхап».  



Жанубий Корея мудофаа вазирлиги барча турдаги қўшинларнинг жанговар тайёргарлигини кучайтиришни буюрди ва асосий қўмондонлар учрашувини ўтказишга қарор қилди, деб хабар беради агентлик.  



Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл «шимолий кореяликлар тарафдорлари ва антидавлат кучларини йўқ қилиш ҳамда эркин конституцион тартибни ҳимоя қилиш» мақсадида ҳарбий ҳолат жорий этганини эълон қилди.  



«Мен Жанубий Кореяни шимолий кореялик коммунистик кучлар таҳдидидан ҳимоя қилиш, халқимизнинг эркинлиги ва бахтини ҳимоя қилувчи конституцион тартибни сақлаш учун ҳарбий ҳолат жорий этишни эълон қиламан», — деди Юн Сок ўз мурожаатида.

Абу Муслим (Ян Юн)