loader
Foto

Дамашқ учун жанглар бошланмоқда

Телеканал «Ал-Жазира»нинг хабар беришича, Асад армияси Дамашқнинг атрофидаги шаҳарчалардан чиқиб кетмоқда, мухолифатнинг қуролли гуруҳлари эса Сурия пойтахтидан тахминан 20 километр узоқликда жойлашган.



Сурия ҳукумати назоратида учта вилоят қолган: Дамашқ, Латакия ва Тартус, деб ёзмоқда турк Telegram-каналлари.

Шу билан бирга, мухолифатнинг «Дамашқни эгаллаш» штаби Дамашқ вилоятида ҳужум бошлаганини эълон қилди. Хабарларга кўра, Закия, Дайр Хабия, Қанокер ва Саса шаҳарлари Дамашқнинг жанубий ҳудудларида назоратга олинган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, Сурия мухолифати кучлари Дамашқнинг шаҳар чегарасидан атиги 12 километр узоқликда жойлашган.

Шунингдек, Манбижнинг жанубида жойлашган Талл Асвад қишлоғи исёнчилар томонидан назоратга олинган.

Бу орада Сурия Мудофаа вазирлиги армия кучларининг Дамашқ ва унинг атрофидан чиқиб кетгани ҳақидаги маълумотларни рад этди. «Дамашқнинг барча ҳудудларида бўлган қуролли кучларимиз бўлинмалари чиқиб кетгани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга мос эмас», — дейилади Сурия Мудофаа вазирлиги хабарида.

Суриядаги исёнчилар Қунейтра шаҳрини назоратга олганини эълон қилишди. Бу Суриянинг жанубий ғарбида жойлашган ва бир вақтнинг ўзида Ливан, Исроил ва Иордания билан чегарадош бўлган вилоятнинг маъмурий маркази ҳисобланади. Суриядаги воқеалар муносабати билан Иордания ҳукумати чегарани ёпишга қарор қилган.

Бир кун олдин Сурия ҳукумати Дайр-эз-Зор устидан назоратни YPG/PKK (SDF) террорчилик ташкилотига топширгани ҳақида хабар берилган эди. Аммо маҳаллий араб қабилалари YPG/PKK кучларини ўз ҳудудига киритишни рад этиб, айрим қишлоқларни ўз назоратига олган.

Турк Telegram-каналлари маълумотларига кўра, Сурия мухолифати Дайр-эз-Зор вилоятига қараб ҳаракатланаётганини маълум қилди.

Anadolu агентлигига кўра, Сурия Миллий армиясининг «Эркинлик тонги» операция штаби Манбижда операция бошланганини ва бир нечта йўналиш бўйича шаҳарга қараб илгарилаётганини маълум қилди.

Агентликнинг олдинги хабарларига кўра, Суриянинг жанубидаги Эс-Сувайда вилояти маркази мухолифат назоратига ўтган. Эс-Сувайда мухолиф гуруҳлари кеча Башар Асад кучлари билан бўлган музокаралар вақтида ҳукумат қўшинларини вилоятдан чиқаришни талаб қилган.

Агентлик маълумотига кўра, Сурия Миллий армияси Асад армияси билан бўлган жанглар натижасида Хўмс вилоятининг шарқий ҳудудида жойлашган Тадмор (Пальмира) ҳудудини назоратга олган. Шунингдек, мухолифат гуруҳлари Хўмс ва Дайр-эз-Зор ўртасидаги Сукне қишлоғи, Қарйатин қишлоғи ва Дамашқ–Тадмор йўлидаги стратегик аҳамиятга эга бўлган Гураб тоғини ўз назоратига олган.



Anadolu агентлиги Суриянинг жанубий Дераа вилоятининг маъмурий маркази, Иордания чегарасига яқин жойлашган Дераа шаҳри Асад қўшинлари билан содир бўлган қонли жанглардан кейин мухолифат назоратига ўтганини хабар берди. Мухолифат қуролли кучлари вилоятнинг қишлоқ туманларида бир қатор қишлоқлар ва назорат пунктларини қўлга киритган.



Reuters’га кўра, Дераа бирон-бир жангсиз таслим бўлган — ҳукумат қўшинларининг Дамашқ томон хавфсиз кетиш шарти билан. Сурия ҳукуматидаги манбалар армиянинг Дераадан чиқиб кетишини «қайта жойлаштириш» деб атамоқда.



Шанба куни эрталаб Хўмс шаҳрининг шимолий атрофларида Сурия армияси ва мухолифат қуролли гуруҳлари ўртасида жанглар қайта бошлангани ҳақида Sham FM радиостанцияси хабар берди.



Шунингдек, жанговар ҳаракатлар қишлоқ туманларида бутун жанг майдони бўйлаб давом этаётгани айтилган.



Anadolu агентлиги маълумотларига кўра, Хўмс вилояти ички сиёсатда ҳам, халқаро мувозанат нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу географик жойлашуви, энергетика ресурсларига яқинлиги ва логистик афзалликлари сабабли Дамашқ, Ҳалаб ва Латакия каби йирик шаҳарларни боғловчи ҳудуд ҳисобланади.



Хўмс шаҳри М5 йўлида жойлашган бўлиб, у савдо ва ҳарбий ҳаракатланиш нуқтаи назаридан стратегик аҳамиятга эга. Шаҳар яқинида газ ва нефть қувурлари ўтади, шунинг учун у энергетика ресурслари нуқтаи назаридан ҳам стратегик аҳамиятга эга.



Шунингдек, Хўмс Сурия иқтисодиёти учун аҳамиятли рол ўйнайди, чунки унинг ҳудудида ҳосилдор қишлоқ хўжалиги ерлари ва саноат объектлари жойлашган.



Reuters маълумотига кўра, эранпараст ливанлик «Ҳизбуллоҳ» гуруҳининг бир қисми Асад армиясига ёрдам бериш учун Сурияга жўнатилган. Улар Асад армиясини қўллаб-қувватлаш учун Хўмс шаҳрида жангларда иштирок этмоқда.

«Хўмс қулаши мумкин эмас», — деди манбалардан бири.

Суриялик бир офицер ва икки минтақа расмийлари ҳам «Ҳизбуллоҳ»нинг сара бўлинмалари Ливандан Хўмсга юборилганини ва у ерда жанглар учун позицияларни эгаллаганини тасдиқлашган.



Илгари хабар қилинганидек, Ҳалаб ва Ҳама қўлга олинганидан сўнг, исёнчилар Асаднинг қўшинларига қарши ҳаракатни Хўмс шаҳрига йўналтирган. Хўмс — Дамашқ ва Ҳалабдан кейин учинчи йирик шаҳар ҳисобланади.

Абу Муслим