loader
Foto

Россияда генерал Игорь Кирилловнинг ўлдирилишида гумонланувчи шахс қўлга олинди: у ўзбекистонлик экан

Сўроқ давомида гумонланувчи "Украина махсус хизматлари томонидан ёллангани"ни ва топшириқни бажариш учун унга 100 минг АҚШ доллари ва Европанинг бирор давлатига чиқиб кетиш имконияти ваъда қилинганини тан олгани айтилади.

Россия Федерациясининг радиация, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинлари бошлиғи Игорь Кириллов ва унинг ёрдамчиси Илья Поликарповнинг йўқ қилинганлиги бўйича гумонланувчи шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилди.

Россия ОАВ ёзишича, Россия ФСБ маълумотларига кўра, гумонланувчи шахс 1995 йилда туғилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиб, унга нисбатан тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда. Сўроқ давомида у "Украина махсус хизматлари томонидан ёллангани"ни тан олган.

"Улар топшириғига кўра, у Москвага етиб келиб, ўз қўли билан тайёрланган портловчи мосламани олган. Ушбу мосламани генерал Игорь Кириллов яшаган уй подъезди ёнидаги электросамокатга ўрнатган. Ҳарбий хизматчининг яшаш жойини кузатиш мақсадида каршеринг автомобиллари ижарага олиб, унга видеокузатув камерасини ўрнатган. Ушбу камера орқали ёзувлар Днепр шаҳридаги терактни ташкил қилувчиларга онлайн тарзда етказилган. Ҳарбий хизматчилар подъезддан чиққан видеосигнал келиб тушгач, гумонланувчи портловчи мосламани масофадан туриб ишга туширган", дейилади Россия ФСБ хабарларида.

Гумонланувчи, айтилишича, Кирилловни йўқ қилиш учун унга 100 минг АҚШ доллари ва Европада яшаш имконияти кафолатланганини билдирган.

Шу билан бирга, "Коммерсантъ" нашри манбаларига таяниб, иккита гумонланувчи қўлга олинганини маълум қилди. Нашрга кўра, жиноят содир этилган жойдан топилган излар ва кузатув камералари ёзувлари орқали гумонланувчилар аниқланган.

Москвада радиация, кимёвий ва биологик хавфсизлик қўшинлари бошлиғи генерал Игорь Кирилловнинг ўлдирилгани ҳақида бир кун олдин хабар берилган эди. Кейинчалик бу СБУ операцияси экани маълум қилинди.

Қизиғи шундаки, портлашдан бир кун олдин Украина Хавфсизлик хизмати Кирилловга шарқий ва жанубий Украинадаги Мудофаа кучларига қарши тақиқланган кимёвий қуроллар ишлатганлик учун гумон эълон қилган эди.

Абу Муслим