15 декабрь куни Москвада Москава Патриархатининг Синодаль миссионерлик бўлимида Марказий Осиё халқлари ва Россиядаги муҳожирлар ўртасида православ миссиясига бағишланган конференция бўлиб ўтди.
Конференцияда 2000-йилларнинг бошида ҳалок бўлган рухоний Даниил Сысоевнинг миссионерлик фаолияти катта эътибор билан кўриб чиқилди. У муҳожирлар ўртасида православ динини тарғиб қилиш билан шуғулланган. Хусусан, у Москва Сити қурилишларида ҳамкорлари билан биргаликда дин тарғиб қилган, Қирғизистон ва Татаристонга сафарлар уюштирган ҳамда Татар православ жамоасини ташкил этган.
Сысоев ўз вақтида Москва шаҳар ҳокимиятига мурожаат қилиб, «Кантемировская» метро бекати яқинида пайғамбар Даниил шарафига ибодатхона қуриш учун ер майдони ажратилишини сўраган. Бу таклиф қўллаб-қувватланган ва бу ерда аввало муқаддас апостол Фома ибодатхонаси қурилган.
Бугунги кунда, Патриарх Кириллнинг шахсий маблағлари эвазига бу ҳудудда муқаддас пайғамбар Даниил ибодатхонаси қурилди. У ҳозирда туркий халқлар ва Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирлари орасида православ миссиясининг маркази сифатида эътироф этилади.
Бу тадбир Россияда миссионерлик фаолиятини кучайтиришда муҳим қадам бўлиб, православ динининг кенг оммага етказилишига қаратилган саъй-ҳаракатларнинг бир қисми ҳисобланади.
Абу Муслим