Лобеготт Фридрих Константин фон Тишендорф ўн тўққизинчи асрдаги Инжилнинг энг машҳур консерватив мутахассисларидан бири ва тарихдаги "Уч бирлик"нинг энг қатъий ҳимоячиларидан бири бўлган. Унинг энг муҳим ютуқларидан бири бу инсониятга маълум бўлган энг қадимги Инжил қўлёзмалари – "Кодекс Синайтикус"ни (Синай китоби) Синай тоғидаги Муқаддас Катерина монастиридан топиши бўлган.
Тўртинчи асрга тегишли бўлган ушбу қўлёзма орқали аниқланган шокли янгиликлардан бири шунда эдики, Маркнинг Инжили дастлаб 16:8 оятида тугаган, бугунги кундаги 16:20 ояти эмас. Бошқача айтганда, охирги 12 оят (Марк 16:9-20) Инжилга тўртинчи асрдан кейин қўшилган. Клемент Александрийский ва Ориген ҳеч қачон бу оятларни келтирмаган. Кейинчалик аниқланганидек, юқорида тилга олинган оятлар, Исо тирилиши ҳақида сўзлаган оятлар Кодекс Сириакус, Кодекс Ватиканус ва Кодекс Бобиенсисда учрамайди. Илгари, Маркнинг Инжилида Исо тирилиши ҳақида ҳеч қандай маълумот бўлмаган (Марк 16:9-20). Исо кетганидан 400 йил (ёки ундан кўпроқ вақт) ўтиб, черков "Илоҳий илҳом" таъсирида ушбу оятларни Инжилга қўшишга қарор қилган.
"Кодекс Синайтикус" муаллифи Маркнинг Инжили 16:8 оятида тугашига ишонч ҳосил қилган. Буни у 16:8 оятидан кейин ёзган сўзлар ва "Марк Инжили" деган ёзув орқали исботлаган. Қатъий консерватор-христиан бўлган Тишендорф бу мос келмасликка кўз юмиб, Маркнинг Инжили Матто ва Луқо китобларидан кейин туриши керак деб қарор қилди. Чунки Марк, Матто ва Луқодан фарқли равишда, Исонинг шогирди бўлмаган ва ҳатто уни кўрмаган ҳам. Аммо кўплаб христиан олимлари Павлуснинг ёзувлари Инжилнинг энг қадимий матнлари деб ҳисоблашади. Маркнинг Инжили уларнинг ортидан келади. Бугунги кундаги илмий тадқиқотлар шунга ишора қиладики, Матто ва Луқо Инжиллари Марк Инжилига асосланган. Бу хулосалар йиллар давомида олиб борилган чуқур тадқиқотлар натижасида пайдо бўлган.
Бугунги замонавий Инжил нашрлари ва таржимонлари ўқувчига нисбатан анча ҳалол бўлишмоқда. Улар юқорида тилга олинган 12 оят черков томонидан тўқиб чиқарилганини ва Аллоҳнинг ваҳийси эмаслигини очиқ тан олмасалар-да, ўқувчига Маркнинг икки хил Инжили мавжудлиги ҳақида айтишади ва турли версиялар билан қандай муомала қилишни ўзига қўйиб беришади.
Савол туғилади: агар черков Марк Инжилини таҳрир қилган бўлса, шунда тўхтаб қолганми? Тишендорфнинг аниқлашича, Юҳанно Инжили ҳам асрлар давомида кўплаб ўзгаришларга учраган. Масалан:
1. Юҳанно Инжили 7:53–8:11 оятлари (зино учун қўлга олинган аёл ҳақидаги ҳикоя) бугунги кунгача маълум бўлган кўплаб қадимги қўлёзмаларда, хусусан, "Кодекс Синайтикус" ва "Кодекс Ватиканус"да учрамайди.
2. Юҳанно Инжили 20:25 ояти ҳам кейинчалик қўшилгани аниқланган. Шунга ўхшаш ҳолат Луқо Инжили 24:12 оятида ҳам учрайди, у ерда Петруснинг Исо қабрини бўш топгани ҳақида ҳикоя қилинган, аммо бу матн қадимги қўлёзмаларда учрамайди.
(Бу ҳақда батафсил маълумот учун Жеймс Бентлининг "Синай тоғининг сирлари" ("Secrets of Mount Sinai") китобига мурожаат қилишингиз мумкин).
Доктор Тишендорфнинг Библия матнларининг таҳрирланиши билан боғлиқ кашфиётлари замонавий илм-фан томонидан ҳам тасдиқланган. "Кодекс Синайтикус"ни ультрабинафша нурлар ёрдамида текшириш шуни кўрсатдики, Юҳанно Инжили дастлаб 21:24 оятида тугаган. Бу оятдан кейин кичик бир нақш ва "Юҳанно Инжили" ёзуви бўлган. Бироқ вақт ўтиши билан бир "илҳомланган" киши бу ёзув ва нақшни ўчириб, ўз оятини қўшган. Энди бу Инжил 21:25 ояти билан якунланади.
Библия таҳрири ҳақида кўп гапириш мумкин. "Кодекс Синайтикус"да "Ота дуоси" (Луқо 11:2-4) матни илк насроний қўлёзмаларда анча фарқ қилади. У ердаги матн қуйидагича:
"Ота, Сенинг исминг муқаддас бўлсин; Сенинг шоҳлигинг келсин; ҳар куни бизга зарур нон бер ва қарзларимизни кечир, чунки биз ҳам қарздормизни кечирамиз; бизни синовга олиб келма."
Бундан ташқари, "Кодекс Ватиканус" — яна бир қадимги қўлёзма бўлиб, у ҳам "Кодекс Синайтикус" каби қадрланади. Бу икки кодекс тўртинчи асрда ёзилган энг қадимги қўлёзмалардан ҳисобланади. "Кодекс Ватиканус"да Луқо Инжили 11:2-4 оятлари "Кодекс Синайтикус"дан ҳам қисқартирилган: "Осмонда бўлганингдек, Ерда ҳам Сенинг хоҳишинг бўлсин" деган сўзлар бу версияда йўқ.
Шундай экан, черков ушбу ноаниқликларга қандай муносабатда бўлмоқда? Черков энг яхши насроний олимларни йиғиб, Инжилнинг энг қадимги қўлёзмаларини ўрганиб, Аллоҳнинг ҳақиқий Каломи нима эканини аниқлашга уриниб кўрдими? Йўқ!!!
Шундай бўлса, черков барча кучини сафарбар қилиб, аввалги қўлёзмаларни оммавий равишда кўпайтириб, бутун насроний дунёга тарқатишга ҳаракат қилди ва одамларга ҳақиқий Каломни аниқлаш имкониятини бердими? Яна йўқ!!!
Муаллиф: Мишал ибн Абдулла ("Исо аслида нима деган?" китобидан). Абу Муслим таржимаси