loader
Foto

Россия парчаланса минтақада қандай ўзгаришлар бўлади?

Сўнгги ўн йилликларда Россия турли можароларда фаол иштирок этиб, халқаро ҳамжамиятнинг ташвишини келтириб чиқарди. Айрим таҳлилчилар Россиянинг қулаб тушиши ташқи агрессиянинг пасайишига олиб келиб, бутун дунё учун фойдали бўлиши мумкин деб ҳисоблашади. Бироқ, Америка Қўшма Штатларида эҳтимолий беқарорлик ва ядровий қуролнинг тарқалиши билан боғлиқ хавотирлар мавжуд.

АҚШ Россиянинг қулашидан қўрқади



Америкалик таҳлилчилар Россиянинг қулашидан ядровий қуролнинг назоратсиз тарқалиши ва глобал беқарорлик юзага келиши мумкинлигидан хавотирланмоқда. Профессор Марлен Ларуэль фикрига кўра, катта давлатнинг парчаланиши фуқаролик урушларини келтириб чиқариши мумкин. Бунда янги тузилмалар чегаралар ва иқтисодий бойликлар учун кураш олиб боради, элиталар ва махсус хизматлар эса сепаратизм ҳаракатларини бостиришга ҳаракат қилади. Бундан ташқари, АҚШ президенти маъмуриятида бундай давлатдаги беқарорликнинг нефть, газ таъминоти ва озиқ-овқат хавфсизлигига таъсир қиладиган глобал оқибатлари бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиб, Россиядаги барқарорлик масалалари муҳокама қилинган.



Ғарб таҳлилчилари Россия ҳақида нималар дейди?



Россия раҳбарияти Ғарбда маълум бир тасаввурни шакллантиришга ҳаракат қилмоқда. Россиялик мухолифатчи журналист Игорь Яковенконинг айтишича, Россия Ғарб таҳлилчилари ва сиёсатчиларини қисман сотиб олмоқда. Шунингдек, Путиннинг таъсир агентлари Ғарб таҳлилчиларини Валдай клубига таклиф қилиш орқали ўз таъсирини оширмоқда.



Россия тарқалишининг эҳтимолий оқибатлари



Россия тарқалиши ғояси тарафдорлари бу ташқи агрессияни камайтириши ҳамда СССР тарқалганидан кейин пайдо бўлган янги давлатларда эркинлик даражасини ошириши мумкин деб ҳисоблашади. Лекин ушбу сценарийнинг рақиблари халқаро хавфсизликка, шу жумладан фуқаролик урушлари ва иқтисодий беқарорликка олиб келадиган ҳалокатли оқибатлар ҳақида огоҳлантирмоқда.



Россиянинг қулаб тушиши — таҳлилчилар ўртасида турли фикрларни келтириб чиқарган мураккаб ва кўп қиррали мавзу. Бир томондан, агрессия пасайиши ва эркинлик ошишига умид бор. Иккинчи томондан, глобал беқарорлик ва ядровий қурол тарқалиши хавфи мавжуд. Бу масала эҳтимолий фойда ва хавфларни ҳисобга олган ҳолда, мувозанатли ва ўйланган ёндашувни талаб этади.



Бундан ташқари, Россиянинг ўзида мамлакатни қулашга олиб бораётган тор фикрли раҳбар томонидан бошқарилаётганидан норози гуруҳлар сони ўсиб бормоқда. Шу муносабат билан Россиянинг Татарстан, Доғистон, Саха (Яқутия), Бошқирдистон ва бошқа миллий республикаларидаги минтақавий элиталар Москва билан бўлган алоқаларини қайта кўриб чиқишни истамоқда.



Профессор Липсицнинг таъкидлашича, Москва сўнгги вақтларда шарққа олиб борадиган асосий транспорт йўлларини ёпиши муносабати билан, Россия ичидаги кўплаб миллий республикалар Қозоғистон ва Каспий денгизи орқали ўтувчи муқобил йўлларга эътибор қарата бошлади. Бу минтақадаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва Осиё бозорларининг таъсирини оширишга ёрдам беради. Бу айниқса, Россия таркибидаги туркий республикалар ва бошқа миллий тузилмалар Қозоғистон ва Озарбайжон билан тарихий-маданий алоқаларига янада кўпроқ аҳамият қарата бошлаган бир пайтда амалга оширилмоқда. Маҳаллий элиталар ўз таъсири ва ресурсларини Москвага топширмасдан, уларни қандай сақлаб қолиш ҳақида ўйланишмоқда.



Бу жараён нафақат иқтисодий, балки сиёсий жиҳатдан ҳам Россия Федерациясидаги миллий республикалар ўз ресурсларини назорат қилиш ва мустақилликка интилишларини намоён қилмоқда. Миллий республикалардаги маҳаллий элита Москванинг ҳарбий ҳаракатларга сарфлаётган маблағлари самарасиз эканлигини тушуниб етмоқда.



Шу билан бирга, улар Хитой томонидан инфратузилма ва савдо соҳаларида сармоя ва ҳамкорлик таклифлари ортиб бораётганига гувоҳ бўлмоқда. Бу эса минтақавий элиталарни янги ривожланиш йўлларини излашга ундамоқда ва уларнинг ресурсларини сақлаб қолиш ва кўпайтириш, шунингдек, ўз халқларининг узоқ муддатли фаровонлигини таъминлаш имконини бермоқда.

Керимсал Жубатканов, тарих фанлари номзоди,

С. Сейфуллин номидаги Қозоқ агротехника тадқиқот университети доценти

Абу Муслим қозоқ тилидан таржимаси