«Ал-Кудс ал-Араби» панараб газетасининг хабар қилишича, чоршанба куни Россия ва режим жанубий Идлибга қарата 100 дан ортиқ ҳаво орқали ва артиллерия зарбаси берган. Оқибатда икки киши ҳалок бўлган ва беш киши яраланган.
Душанба куни режимнинг ҳаво ҳужумлари Киван касалхонаси ва Идлибнинг жанубида Кансафар шаҳридаги Амал туғруқхонасига ҳам зарба берди.
Бу ҳудудда "Оқ каскалар" номи билан ҳам танилган Сурия фуқаро мудофааси раҳбари Мустафо ал-Ҳажж Юсуфнинг айтишича, ҳаво ҳужуми касалхоналарга катта зарар етказган ва яқин атрофдаги тиббиёт омборида ёнғин чиққан.
Идлиб Соғлиқни сақлаш идораси ҳисоб-китобларига кўра, мухолифат вилоятидаги 15 касалхона ҳозирда бутунлай вайрон қилинган ёки ишламаяпти. Баъзи касалхоналар бир неча бор бомбардимон қилинди.
Россия ва режим икки ойлик танаффусдан сўнг, ноябрь ойининг бошида Суриядаги исёнчилар қўлида бўлган сўнгги Идлиб вилоятини бомбардимон қилишди.
Фуқаро мудофааси гуруҳи шу ҳафта бошида Идлиб вилоятида 90 нафар тинч аҳоли вакилининг ўлдирилиши ва яна 50 минг кишининг бошқа жойга кўчирилганлиги тўғрисида ҳужжатлаштирилганини айтди.
Кўчирилганларнинг аксарияти Туркия чегараси яқинидаги лагерларга ёки Идлиб вилоятидаги нисбатан барқарор ҳудудларга қочиб кетишди.
Гуруҳ баёнотида айтилишича, авиазарбалар давом этса, миллионга яқин одам қочқин бўлиши мумкин.
Ҳозирда Идлибда 3 миллионга яқин одам истиқомат қилади, уларнинг ярми Ассад режими томонидан Суриянинг бошқа қисмларидан кўчирилган. Жорий йилнинг апрель ва сентябрь ойлари орасида Россия авиациясининг ва режимнинг зарбалари натижасида 1378 киши ҳалок бўлди ва 500 мингга яқин киши бошқа жойга кўчиб ўтди.