Саудия Арабистони G20 раислигини Япониядан қабул қилиб олганлиги уни англатадики, дунё етакчилари 2020 йил 21-22 ноябрь кунлари глобал саммитни Саудия Арабистони пойтахтида ўтказади.
«Саудия Арабистони Қироллиги G20 раислигини бугун қабул қилиб олади ва бу 2020 йил ар-Риёдда саммит ўтказилишига олиб келади», - дейилади Саудия Арабистони матбуот агентлигининг расмий хабарида.
Саудияликлар шунингдек, Осака саммитида бошланган ишларни давом эттиришга тайёр эканликларини маълум қилдилар. Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон (МБС), қиролликнинг амалдаги ҳукмдори, буни халқаро муросага эришиш учун «ажойиб имконият» деб атади.
Саммит арафасида Саудия Арабистони 100 дан ортиқ тадбир ва анжуман, жумладан, вазирлар даражасида учрашувлар ўтказади.
«Саудия Арабистони G20 раиси бўлгач, ушбу ҳукуматлараро органни бошқарадиган биринчи [араб] мамлакати бўлади», - дейилади Global Solutions Initiative тадқиқотчилик гуруҳи президентининг баёнотида.
«Бу раислик … асосий парадокс туфайли муаммоларга дуч келади: иқлим ўзгариши, демографик ўзгаришлар, туғилиш кўрсаткичларининг пастлиги, умр кўриш узоқлигининг ортиши ва жамиятнинг қариши каби глобал рисклар мавжуд... лекин популизм ва миллатчиликнинг ўсиши кўп тарафлама даражада тараққиётга тўсқинлик қилади».
«Саудия Арабистони тинчлик тарафдори бўлган танқидчилар ўзбошимчалик билан ҳибсга олинаётган, кўплаб ҳуқуқ ҳимоячилари панжара ортида ўтирган бир шароитларда, Жамол Хашогининг ваҳший ўлдирилишидан атиги бир йил ўтиб, G20 раислигини қабул қилмоқда» - деди Хеба Морайеф, яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича Amnesty International директори.
«Дунёнинг G20 етакчилари барча инсон ҳуқуқларига, жумладан, сўз эркинлиги, тинч йиғилишлар ўтказиш ҳуқуқига риоя қилинишини таъминлаши учун шаҳзода Муҳаммадга босим кўрсатишлари лозим».