loader
Foto

Конституцияга «олий ҳукмдор» лавозимини жорий қилиш таклиф этилди

Президент лавозимини «олий ҳукмдор» деб номлаш, «Олий» сўзини бош ҳарфи билан ёзишни таклиф қилиш ҳақида журналистларга ишчи гуруҳ аъзоси, Давлат қурилиши ва қонунчилик бўйича Давлат думаси қўмитаси раиси Павел Крашенинников маълум қилди.

Россия Конституциясини ўзгартириш режаси ҳақида Владимир Путин 15 январда Федерал йиғилишга мурожаатномасида маълум қилди. Хусусан, президент Россия Конституциясининг халқаро қонунчиликдан устунлигини ва унда Давлат кенгашининг роли ва мақомини белгилаб қўйишни таклиф қилди. Мухолифат Путин бу ҳақида айтайлаб, унинг президентлик ваколатлари тугайдиган 2024 йил Давлат кенгашини бошқариш ва шу тариқа ҳокимият тепасида қолиш учун эълон қилганидан хавфсирамоқда.

Шу билан бир вақтда Путин Конституцияга ўзгаришлар киритиш бўйича 75 кишидан иборат ишчи гуруҳ тайинлади. Уларнинг орасида – суверен интернет ва ҳукуматни ҳақорат қилганлик учун жазолаш ҳақида қонунлар муаллифи сенатор Андрей Клишас, «Донецк халқ республикаси» жангариларига қўмондонлик қилган ёзувчи Захар Прилепин, Бутунроссия казаклар уюшмаси атамани Николай Долуда, спортчи Елена Исинбаева, машҳур артистлар ва режиссёрлар, Давлат думаси депутатлари ва Федерация кенгаши аъзолари ўрин олган.

Конституцияга ўзгаришлар киритиш ҳақида қонун лойиҳаси Россия Давлат думаси томонидан биринчи ўқишда бир овоздан қабул қилинди. Иккинчи ўқиш 11 февралга белгиланди.

Конституцияга тузатишлар киритиш бўйича умумхалқ воз беришини апрелда ўтказиш режалаштирилган. Бунда қонун лойиҳасида овоз бериш шакли ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Уни махсус ташкил қилинган ишчи гуруҳ ва Марказий сайлов қўмитаси ишлаб чиқиши кўзда тутилган. Бу ҳақда "Радио Свобода" хабар берди.

Абу Муслим таржимаси