loader
Foto

Қуръон мўъжизалари: ёмғир ва инсонлар қўрқуви ўртасидаги боғлиқлик

«Ўшанда У сизни Ўзидан омонлик қилиб, мудроқ ила ўраган эди ва сизни поклаш, сиздан шайтоннинг васвасасини кетказиш ҳамда қалбларингизни боғлаш ва қадамларингизни собит қилиш учун устингизга осмондан сув туширган эди» (Анфол сураси, 11).

Бу ҳақда имом ибн Касир тафсирларида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадрга борганларида улар билан сувнинг орасида мушриклар бор эди.Тушган жойлари ҳам оёқ ботиб кетадиган қумлоқ эди. Бундан мусулмонларга қаттиқ заифлик етди. Шайтон уларнинг дилларига, сизлар ўзингизни Аллоҳнинг валийлари деб ўйлайсизлар, орамизда унинг Расули бор, деб даъво қиласизлар. Лекин мушриклар сувни эгаллаб олишди. Сизлар бўлса, жунуб ҳолингизда намоз ўқияпсиз, деб васваса қилди. Бас, шунда Аллоҳ таоло  уларнинг устиларидан қаттиқ ёмғир ёғдирди. Мусулмонлар унинг сувидан ичдилар, Аллоҳ улардан шайтоннинг васвасасини кетказди. Ёмғир ҳўл қилгандан сўнг, қум ҳам қўзғалмай қолди. Энди одамлар ҳам, ҳайвонлар ҳам енгил юриб, душманга томон бордилар. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига мингта фаришта билан мадад берди. Жаброил беш юзтаси билан бир томондан, Микоил беш юзтаси билан бошқа томондан келди».

Муҳаққиқ уламоларимиз таъкидлашича, бу иш Бадрга биринчи бор етиб келганда рўй берган. Кейин бошқача йўл тутганлар. Аввал Бадр йўлидаги биринчи учраган қудуқ атрофига жойлашганлар. Шунда саҳобалардан Хаббоб ибн Мунзир Пайғамбаримизнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, бу жойга сизни Аллоҳ туширдими? Ундан силжишнинг имкони борми ёки уриш ва ҳийла учун тушдингизми?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уруш ва ҳийла учун тушган эдим», дедилар. Хаббоб розияллоҳу анҳу:

«Эй Аллоҳнинг Расули, бу жой бўлмайди. Бизни анави қавмга энг яқин сувгача олиб боринг, унинг ортидаги хурмоларни пана қилиб уришамиз. Ҳовузларга сув тўлдириб оламиз. Бизнинг сувимиз бўлади. Уларнинг сувлари бўлмайди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг айтганини қилдилар.

Мусулмонларга сувсизликдан, шайтоннинг васвасасидан етган заифликни кетказиш, қалбларни боғлаш, собитқадам қилиш учун Аллоҳ таоло ёмғир ёғдирди. Кейин эса, ҳаракат қилиб, сув масаласини ўз фойдаларига ҳал этдилар. Бу ишлар кейинчалик, жанг давомида катта фойда берди. Муслмонлар сувга муҳтожлик сезмадилар, мушриклар эса, сувсиз қолиб қийналдилар (Тафсири Ҳилодан).



Тиббиёт ҳақиқати. Шифокорлар айтадики: Қўрқув вақти одам организмида ажралиб чиқадиган махсус моддалар унинг органларини қалтирашга мажбур қилади. Инсоннинг ҳолатини енгиллаштириш ва унинг органлари қалтирашини камайтириш учун унга сув сепиш керак. Худди шунингдек, Аллоҳ инъом этган ёмғир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари қадамларини мустаҳкамлаган сабаб бўлди. Бунинг сабаби шундаки, қум ҳўл бўлганида унинг зарралари бир-бирига ёпишади ва у зичроқ бўлади ва сиз оёкда маҳкам туришингиз мумкин бўлади.

Абу Муслим тайёрлади