loader
Foto

АҚШ коронавирусга чалинганлар сони бўйича қандай қилиб биринчи ўринга чиқиб олди?

АҚШда қандай қилиб энг кўп диагностика қилинган ҳолатлар пайдо бўлди

27 март куни АҚШ дунёда коронавирус юқтириб олган мамлакатлар ичида биринчи ўринга чиқиб олди. Жума куни эрталаб олинган маълумотларга кўра, касалликнинг тасдиқланган 86 мингдан ортиқ ҳолати қайд этилган, вирусдан вафот этганлар сони 1301 кишини ташкил этган (Жонс Хопкинс университети маълумотлари). Кун охирига келиб, касаллар сони 100 минг кишидан ошди. 28 март, шанба куни эрталаб ташхис қўйилган ҳолатлар сони 104 мингтани ташкил қилди, ўлим ҳолатлари эса 1,5 мингдан ошди. Якшанба куни касаллар сони 124 мингтани, ўлим ҳолати 2,2 мингтани ташкил қилди.

Бундан ташқари, ҳафта ўрталарида мамлакатда бу ҳолатлар сони уч баравар кам эди, лекин ўшандаёқ ЖССТ АҚШ яқинда коронавирус тарқалишининг янги марказига айланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Ўтган йилнинг декабр ойида нолинчи бемор аниқланган Хитойда эпидемия бошланганидан бери жами 81 948 та юқумли касаллик ҳолати тасдиқланган, Италияда эса тасдиқланган ҳолатлар сони - 86 мингта.

Президент Доналд Трамп кўплаб касалликларни ташхис қўйиш ишлари яхшилиги билан боғлади. "Ўйлайманки, биз текширувларимизга ишонишимиз керак. Биз жуда кўп одамлардан таҳлил оляпмиз", деди у Оқ уйнинг Твиттер-даги аккаунтида намойиш этилган матбуот анжуманида.

Аксарият мутахассисларнинг фикрига кўра, Қўшма Штатлардаги касалликнинг эгри чизиғи аллақачон экспонентга айланганлиги сабабли, коронавирус тарқалишининг энг юқори даражасига бир ойдам кам вақт ичида эришиб бўлмайди. Касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш бўйича Америка маркази (CDC) АҚШнинг вирусдан ўлимининг энг юқори чўққиси уч ҳафта ичида ўтади деб тахмин қилмоқда. Бир ҳафта олдин, Америка Колумбия Университети, агар Қўшма Штатлар вирус тарқалишини икки баравар камайтирса ҳам, икки ой ичида 650 минг киши бу вирусни юқтиришини башорат қилган эди. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирги пайтда ҳақиқатан ҳам вирус билан касалланганлар сони расмий рақамдан 11 баравар кўпдир.

Вашингтон университети соғлиқни баҳолаш ва кўрсаткичлар институтининг маълумотларига кўра, июл ойига қадар АҚШда 38 мингдан 162 минггача одам коронавирусдан ўлиши мумкин. Апрел ойининг иккинчи ҳафтасига келиб, мутахассислар мамлакатнинг барча реанимацияли тўлишини тахмин қилишмоқда.

Касалликнинг асосий ўчоғи қаерда

АҚШда энг ёмон вазият - шарқий соҳилда. Вирусли инфекция ўчоғи - Нью-Йорк. Ушбу штатда АҚШда касаллик юқтиришнинг барча ҳолатларининг деярли ярмини қайд этган - 53 мингдан ошган, вафот этганлар сони 780 дан ошган. Шулардан 31 мингтаси штатнинг худди шу номли энг катта шаҳрида жойлашган. Шу билан бирга, Нью-Йоркда биринчи расмий юқтириш ҳолати 2 март куни қайд этилди.

Ҳукумат томонидан вируснинг олдини олиш бўйича фаол чоралар кўрилмоқда. 27 март ҳолатига кўра Нью-Йоркда 120 мингдан ортиқ тест ўтказилди - штатнинг ҳар 100 минг аҳолисига 627 та тест, мамлакат бўйлаб 100 минг аҳолига 127 та тест ўтказилган. Аммо бу етарли эмас. Масалан, Куинс яқинидаги 545 ўринли Elmhurst Hospital Center касалхонасида соат 6:00 дан 17:00 гача коронавирус тестини ўтказишни истаган одамларнинг навбати мавжуд, аммо одамлар шунчалик кўпки, баъзилар кутишмайди ва уйларига кетиб қолишади.

Шаҳардаги касалхоналарда ҳимоя воситалари етишмовчилиги кузатилмоқда, шифокорлар ҳимоя костюмлари ўрнига ахлат ташланадиган қопларидан фойдаланишга мажбур бўлмоқдалар. Нью-Йоркда аллақачон вирус туфайли тиббиёт ходимининг ўлими тасдиқланди. Касалхоналар ҳам бир вақтнинг ўзида иккита беморнинг соғлиғини сақлаш учун битта ИВЛ аппаратидан фойдаланишга мажбур - биринчи марта ушбу тажриба усули 2017 йилда Лас-Вегасда оммавий отишмадан кейин синовдан ўтказилганди. Қурилмалар бунинг учун мўлжалланмаган, аммо маълум бўлишича, тўғри ишлаш алгоритми билан бунинг имкони бор экан (Детройтдаги Ascension St. John Hospital шифкори Шарлин Бабкок бу ҳақида йўриқномани YouTube да жойлаштирган).

Нима учун Нью-Йоркда энг мураккаб вазият

Бунинг сабаби бир нечта. Биринчидан, Нью-Йорк – АҚШнинг аҳолиси энг кўп ва сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган асосий шаҳри, иккинчидан, бу ердаги ижтимоий ҳаёт шундай ташкил қилинганки, одамлар доим оломон ичида – метрода, офисларда, тор йўлакларда юради, учинчидан – кенг кўламли диагностика. Тўртинчидан, ҳукумат оммавий касалланишнинг олдини олиш учун етарлича чоралар кўрмади. Нью-Йорк мактаблари 18 мартдан, шаҳарда касаллик юқтирганлар сони 2,3 минг кишини ташкил қилгандан кейин ёпилди. Фақатт 22 мартда, 15 мингдан ортиқ киши касаллик юқтириб олгач, Нью-Йорк раҳбарияти одамларни масофадан ишлашга ўтказишга кўрсатма берди.

Таққослаш учун: Калифорнияда фуқароларга штатда касаллик юқтириб олганлар сони 500 кишини ташкил қилгандаёқ, 16 мартдан бошлаб заруратсиз уйларни тарк этиш тақиқлаб қўйилди. Ҳозир у ерда 5,5 минг киши касалликка чалинган ва 121 киши вафот этган, лекин ҳатто кўрилган барча чоралар билан ҳам юқори суръатда ўсиш қайд этилмоқда: жума кунги ҳолатда 1042 та янги ҳолат (+35%).

28 март куни Нью-Йоркка минг кишилик ўрин булган АҚШ  Ҳарбий денгиз кучлари кема-госпитали йўл олиши лозим. Бундан ташқари, ҳозир Манхэттенда ҳар бири 250 ўринга мўлжалланган тўртта касалхона янгидан қурилмоқда. Шаҳардаги бир нечта касалхоналар морглари тўлиб кетган, шу сабабли штат ҳукумати мурдаларни сақлаш учун 85 та машина-рефрижератор сотиб олди ва уларни шаҳар касалхоналари яқинига келтириб қўйди. Шаҳардаги вақтинчалик морглар биринчи марта 2001 йил 11 сентябрда рўй берган терактлардан кейин керак бўлган.

Бошқа штатларда вазият қандай

18 март куни американинг барча штатларида коронавирусга расман чалинганлар қайд этилди. Нью-Йоркдан кейин иккинчи ўринни унга қўшни бўлган Нью-Джерси штати эгаллаган, бу ерда 11124 киши касалликка чалингани ва 108 киши вафот этгани қайд қилинган. Учинчи ўринда Калифорния. Коронавирусдан энг юқори ўлим кўрсаткичлари Вашингтон штатида қайд қилинган бўлиб, бу ерда 4311 киши касал ва 191 киши вафот этган, яъъни 4,4%ни ташкил қилади.

Бундан ташқари, АҚШда касалланиш кескин ўсиши қайд этилган ва потенциал равишда касаллик ўчоғига айланиши мумкин бўлган яна бир нечта минтақа мавжуд. Кўрсаткичлар динамикаси нуқтаи назаридан энг ёмон вазият Луизианада қайд этилган бўлиб, бу ерда сўнгги икки ҳафта давомида касалланганлар сони ўсиши кунига ўртача 65,7%ни ташкил қилди, 29 март ҳолатига эса 3315 та касал қайд этилди (бунда штат аҳолиси сони атиги 4,6 миллион кишини ташкил қилади). Беморларнинг ярмидан кўпи Нью-Орлеанда яшайди. Ҳар 100 минг кишига беморлар сони бўйича бу мамлакатда учинчи ўриндаги штат ҳисобланади (Нью-Йорк ва Вашингтондан кейин). Бундан ташқари, штатда коронавирусдан ўлим кўрсаткичлари Вашингтондан кейинги ўринда туради: 137 киши ёки жами касалланганларнинг 4,1%и вафот этган.

Ушбу ҳолатлар сонининг тез кўпайганлигининг бир нечта изоҳи мавжуд, улардан бири - католиклар буюк рўзасидан олдин бир ҳафта давом этган тантаналарни якунлаган Марди-Гра нишонланишидир. Бу йил у 25 февралга тўғри келди - икки ҳафта ўтгач, касалликнинг биринчи ҳолати штатда расмий равишда аниқланди. Луизиана АҚШнинг энг диндор штатларидан бири. Маҳаллий руҳонийлар давлат томонидан 50 дан ортиқ кишининг оммавий йиғилишларда иштирок этиши борасидаги тақиқларни бузишда ва черков маросимларини ўтказишда давом этмоқда.

Мичиган штатида ҳам касаллар сони тез суръатлар билан ўсмоқда. 29 мартга келиб, 4635 дан ошиқ инфекция ҳолати қайд этилган, ваҳоланки бир ҳафта олдин бу кўрсаткич ўн бараварга кам – 350 та эди.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР