Манбалардан бири Белоруссия ҳукумати вирус тарқатувчиларга қарши курашда масъулиятлироқ ёндашишига умид билдиришини айтди. «Биз улардан ҳимояланяпмиз. Лекин бу вазифани биргаликда ҳал қилиш керак, чунки агар бир мамлакатда эпидемия пасаядиган, лекин бошқасида янги ўчоқлар пайдо бўладиган бўлса, хавф барибир сақланиб қолаверади», — изоҳ берди у.
Шунингдек, Россияга бундай илтимос билан Украина ва Туркманистонни истисно қилганда МДҲнинг барча мамлакатлари мурожаат қилганлиги маълум бўлди. «Ахборот тўпланмоқда ва штабга берилмоқда, у ерда эса кимга ва қанча ажратиш ҳақида қарор қабул қилинмоқда», — деди «Коммерсант» ҳамсуҳбати.
Сешанба, 31 март куни, Белоруссия президенти Александр Лукашенко коронавирус туфайли кескин карантин чоралари кабул қилишга даъват қилаётганларни тушунмаслигини айтганди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат фуқаролари тиббий ёрдамга муҳтож бўлишига сабабчи бўлган бошқа кўплаб касалликлар бор, Белоруссиясида эса ҳамма бор эътиборини фақат коронавирусга қаратяпти.
Шу куннинг ўзида Витебск касалхонларидан бирининг шифокори номини ошкор қилмаслик шартида коронавирусга чалинганлар ва унинг оқибатида вафот этганлар ҳақида статистика маълумотларини маълум қилди. «Реанимацияда одамлар зотилжамдан ўляпти, лекин бизга ўлган беморларга «зотилжам» деб ташхис қўйишга имкон беришмаяпти. Маъмурият даражасида бизга: "йўқ, бўлди, статистикани бузмаслик учун бошқача шифрлаб қўйинг" дейишяпти», — таъкидлади у.
Сўнгги маълумотларга кўра, Белоруссияда 152 киши коронавирусга чалинган, бир киши вафот этган.