Иқтисодий ёрдамни тақсимлашда Туркманистон даромади ўртачадан юқори бўлган мамлакатлар қаторига киритилгани ҳисобга олинди. Жаҳон банки таснифга мувофиқ, бу тоифага аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ $4086 дан $12615 гача бўлган давлатлар киради. Туркманистонда бу кўрсаткич $7065 га тенг. Марказий Осиё давлатларидан фақат Қозоғистон ва Туркманистон бу тоифага киритилган. Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ЕИ дан ёрдам олади.
Шу билан бир пайтда «Хроника Туркменистана» қайд этишича, Жаҳон банки ҳисоб-китобларда расмий курс – бир доллар учун 3,5 манатдан фойдаланади. Бу курс 2015 йилдан бери ўзгармади. 2016 йилдан бошлаб Туркманистонда жисмоний шахслар учун валюта айирбошлаш тақиқланган, тадбиркорлар учун эса бу жуда қийин иш. Бу қора бозорнинг ривожланишига ва ҳақиқий ҳисоб-китобларда расмий курсдан бир неча баравар юқори бўлган қора курснинг тарқалишига олиб келди. «Хроники Туркменистана» ҳисоб-китобларига кўра, аҳоли жон бошига ЯИМ қора курс бўйича 1200 долларни ташкил этади. Бундан ташқари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Туркманистон соғлиқни сақлаш идоралари ҳатто ЖССТ томонидан тавсия этилган минимал даражага ҳам этишмаяпти.
Бир неча йиллардан бери мустақил ОАВ Туркманистон расмийлари томонидан тан олинмаган иқтисодий инқироз ҳақида хабар бериб келмоқда. Ушбу оммавий ахборот воситаларида берилган маълумотларга кўра, COVID-19 эпидемияси фонида инқироз кучайиб кетди (гарчи Туркманистон расмийлари бу мамлакат вирус тарқалмаган дунёнинг 20 дан кам мамлакатлари қаторига киради деб даъво қилишда давом этмоқда). Масалан, апрел ойида Туркманабатдаги кемасозлик ишчиларидан маошнинг 30 фоизи "соғлиқни сақлашни ривожлантириш учун" ушлаб қолинди.
Яқинда мухолифатдаги жамоат арбоби Мақсат Сапармуродов эпидемия Туркманистон учун гуманитар фалокатга айланиб қолиш хавфи борлигини маълум қилди. У қўшни Қозоғистон ва Ўзбекистон қочқинлар оқимига тайёрланиши кераклигини огоҳлантирди.
Аммо ўзгармас президент Гурбангули Бердимуҳамедов ва унинг қўл остидагилар мамлакатдаги эпидемиологик ва ижтимоий-иқтисодий вазият энг яхши ҳолатда эканлигини таъкидламоқда. Уларнинг ўзлари, ўзларининг даромадлари билан, аслида ЕИнинг ёрдамига муҳтож эмаслар.