loader
Foto

Ҳидоятдан адашмаслик

Мусулмонлар улуғвор Қуръоннинг илоҳий эканлигига ва унда баён қилинганларга ишончлари комил. Аллоҳ таолонинг Ўзи бизга у орқали мурожаат қилади, шундай экан, келинг, муқаддас оятларни яна такрор ўқиймиз ва Қуръони карим орқали берилганларнинг барчасини эсда сақлаймиз. Бу ёлғон эмас, ҳақиқатдир, чунки борлиқнинг Яратувчиси ёлғон гапирмайди!

Охирги келтирилган оятда англамайдиган қалблар, кўрмайдиган кўзлар, эшитмайдиган қулоқлар ҳақида эслатилган. Бу ерда ушбу аъзоларнинг жисмоний нуқсони ҳақида гап бормоқдами, ёки оят ўзида бошқа бир маъно ташийдими?

Яратган томонидан берилган неъматларга қарамасдан, кўпчилик инсонлар бунинг учун миннатдор бўлиб, Аллоҳ таолога ибодат қилишни шунчаки хоҳлашмайди. Шундайки, юраклари бўлган ҳолда, ундан яхшилик ва ёмонликни, ёлғон ва ҳақиқатни фарқлаш, раҳм шафқат учун фойдаланмайдилар. Кўз нурларига эга бўла туриб, уларни ўраб турган аломатларни сезишни истамайди. Қулоқлари бўлсада, маслаҳат, ҳикмат, панд насиҳат ва эслатмаларни эшитишни хоҳлашмайди.

Айнан шу сабабли ҳам улар бир ҳайвонга ўхшайдилар, балки янада адашганроқдирлар, чунки онгсиз ҳайвонлар ҳам ўз Яратганларига итоат қиладилар ва нима мақсадда яратилган бўлсалар, ўша вазифаларини бажарадилар. Аллоҳ таолонинг неъматларини ўз шаҳвоний истаклари ва эҳтиёжлари учун сарфлаётган онгли мавжудот бўлган инсонга қаранг. У ягона мақсад учун яшайди – ўзини қониқтириш учун. Ва айнан мана шу кишилар ҳар куни уларни ўраб турган Аллоҳ таолонинг ҳикматларини тафаккур қилмайдиган, ваъда қилинган боқий гўзал Жаннат боғчаларидан юз ўгирган ва Жаҳаннамнинг қора қаъридаги жазоларни унутган, вақтинчалик ва ўткинчи дунёвий ҳою – ҳавасга, ҳузурга берилган нодон жоҳиллардир.

«Батаҳқиқ, жаҳаннам учун кўплаб жин ва инсларни яратдик» деганда Аллоҳ таоло ёлғон гапирмайди.

Ҳаёт саҳнасидан Ислом кетар экан, унинг ўрнини энди ҳеч нарса эгаллай олмайди. Ҳаётга бўлган исломий қарашлар йўқолади. Бу нимага олиб келади? Кеча таъқиқланганларга, бугунга келиб рухсат берилади, рухсат берилганлар эса таъқиқланади. Ҳамма ўзининг фикрлашига кўра ҳаракат қила бошлайди. Ўз нуқтаи назарини ушлаб ва фақат ўз манфаатлари йўлида бошқалардан ажралиб туриш учун аҳлоқ – одоб ва умумэътироф этилган қоидаларга зид ҳаракатларни амалга оширадилар ва буни инсон ҳуқуқлари, эркинликлари, мода (урф) каби атамалар ортига беркитишга уринадилар.

Лекин белгиланган ва кишан деб аталувчи қоидалардан фориғ бўлар экан, кишилик жамияти секин – асталик билан, наслдан – наслга подага айланиб бораверади. Унда инсонийликдан асар ҳам бўлмайди, балки ёлғиз инстинкт ва хоҳиш – истаклар ҳукмрон бўлади.

Инсонлар ўз Яратганларидан ва Унинг олдидаги вазифаларидан – итоат қилиш ва Оламлар Роббисига тақводор бўлишдан - узоқлашар эканлар, ўзларини муаммо, кулфат ва бахтсизликка гирифтор қиладилар. Хоҳ оилада бўлсин, дўстлар орасида ёки ўзи яшаётган жамиятда инсоннинг аҳлоқийлиги тубанлашади. Бундан ташқари, инсонларнинг қалбларидан виждон, инсоф, самимийлик, номус, ҳалоллик ва яхшилик каби тушунчалар йўқола бошлайди.

Афсуслар бўлсинки, биз бугун сиз билан гувоҳи бўлаётган воқеийлик шундай, шаҳарларимиз кўчаларидаги ва оммавий ахборот воситалари орқали бизга ёғилаётган туганмас маълумотлар оқимидаги реаллик.

Лекин замонавий ҳаётнинг эҳтиросларига берилган мусулмонларнинг бепарволикка тушаётганини тан олиш энг оғриқлисидир. Улар вақт ўтган сари ақлий, жисмоний ва руҳий тарбия ва ривожланишга бир хилда эътибор қаратувчи шахс бўлмай қўядилар. Дунёвий ҳаётга бошлари билан шўнғиган ҳар дамларида мусулмонларнинг Ислом билан алоқаси сустлашаверади.

Сир эмаски, ҳар бир жамият ва давлат асоси ва келажаги ёшларга қаратилган имкониятларга боғлиқ. Замонамизнинг машҳур мусулмон воизларидан бири Амир Холид ўзининг маърузаларидан бирида шундай деган эди: “Болалик – бу саломатлик, лекин идрокнинг йўқлигидир, қарилик – донолик, лекин кучнинг йўқлигидир”.

Мана шу ҳаётий икки босқич орасида, айнан энг фаол ва унумли инсон ҳаёт бўлаги жойлашган – ёшлик.

Ёшларнинг жамиятдаги ўрнини яхшироқ тушуниш мақсадида Европа дурдонасидаги йўқотиб қўйилган жаннат ҳақидаги ҳикояни келтиришни хоҳлардим – Испания худудида жойлашган афсонавий Андалусия саккиз аср мобайнида айнан шундай аталган. Бу ҳикояни бошлашдан олдин, социология (жамиятшунослик) фани ҳақида икки оғиз сўз айтишни лозим топдим. Бу жамиятнинг ривожланиш ва амалда бўлиш қонуниятлари ҳақидаги фандир. Ушбу фан вакиллари вақти – вақти билан ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича аҳоли ўртасида сўровномалар ўтказадилар, уларни тахлил қиладилар ва муайян хулосаларга келадилар.

Мисол учун, у ёки бу давлатнинг келажаги бор ёки йўқлигини билиш учун кўчага чиқиб, ёшларга қуйидаги саволларни бериш кифоя: ҳаётда сиз ўз олдингизга қандай мақсадларни қўйгансиз, нималарни орзу қиласиз, нималарга қизиқасиз, бўш вақтингизда нималар билан шуғулланасиз ва уни қандай ўтказасиз. Жавобларни олиб, уларни тахлил қилгач, муайян давлат 50 йилдан кейин ўзининг жадал юксалиши ва ривожланишини бошлайди, қайсидир давлат 20 – 30 йилдан сўнг жарга қулайди, бошқаси эса 100 йил ўтгач умуман йўқ бўлиб кетади. Андалусиянинг тақдири ҳам мана шундай тарзда аниқланганди...

Мусулмонлар Испанияга эрамизнинг 711 йили киришган ва Ислом саккиз аср мобайнида бутун Европани ҳақиқат ва иймон нури билан чароғон қилиб турган. Фан, маданият ва санъатнинг тараққиёт даражаси шунчалик юксак бўлганки, Европа мамлакатларининг ҳукмдорлари ўз ўғил ва қизларини таълим олиш учун Андалусияга жўнатишган.

Португалияликлар тарафидан ушбу афсонавий давлатни забт этиш учун бир қанча уринишлар бўлган. Лекин ҳар сафар улар мусулмонларнинг матонатли қаршилигига дуч келишган. Бу тарзда мусулмонларни қўлга киритиб бўлмаслигини англагач, улар шунчаки қулай вақтни кута бошлашган, бунинг учун эса ҳар юз йилда Андалусияга жамиятнинг ҳолати ва ёшларнинг манфаатларини аниқлайдиган айғоқчиларни жойлаштириб боришган.

Шундай, кўчада ёшлар гуруҳини кўриб, улар нима ҳақида суҳбат қураётгани ва нимани тортишаётганини аниқлаш учун уларни эшитишган. Андалусиянинг мусулмон ёшлари ўша пайтларда нималар ҳақида гаплашган экан-а? Ёшлар орасида қайсидир масжидда Қуръон ўқиш бўйича дарс берилаётгани, бошқа бир масжидда Бухорий ҳадисларининг билимдони яшаши, қайси кўчада Қуръонни яхши биладиган шайх истиқомат қилиши, бугун қайсидир масжидда муҳаддис дарс бериши ҳақида суҳбатлар борган.

Ушбу йўналишдаги сўзлашувларни эшитган айғоқчилар қайтиб, ёшлар Исломга ўз муҳаббатлари билан боғлиқ эканлиги ва бундай потенциалга эга бўлган давлатга қарши қаратилган ҳар қандай ҳарбий юриш муваффаққиятсизлик билан якунланишини баён қилишган. Ва улар кутишган. Бир куни португалияликлар галдаги жосусларни жўнатиб, ваниҳоят узоқ вақтлар кутилган маълумотни олишади, ҳужум қилишнинг айни вақти, чунки кўчаларда ёшлар энди Ислом ҳақида эмас, балки шеърият, романтика ва муҳаббат ҳақида гапиришаётганди...

1492 йилда Фердинанд IIIнинг қўшинларига Андалусиянинг охирги шаҳри ҳам таслим бўлди. Мусулмон ҳукмронлиги тугатилгач, Испания аҳолиси қўрқинчли қатағонга учради. Шафқатсизлар уларни христианликни қабул қилишга мажбурлашган ва ҳар қандай қаршилик, ва Аллоҳнинг исмини айтган ҳар ким зудлик билан қатл қилинган. Айни дамда Испаниянинг мусулмон маданияти режали равишда йўқ қилинган, масжидлар вайрон қилинган, Қуръон ва ислом уламоларининг асарлари ёқиб юборилган. Андалусия кўчаларида эндиликда азон саслари янграмай қўйган, Қуръон тиловати ва дуолар эшитилмаган.

Мана шундай тарзда мусулмон Испаниянинг саккиз асрлик тарихи якун топган. Бу мусулмонларнинг Ислом асосларидан узоқлашиши ва Аллоҳ таолонинг қонуниятларига бўйсунмай қўйганининг баҳосидир. Мозийда кўп асрлар илгари инсоният ривожланиши тарихига назар ташлар эканмиз, биз, мусулмонлар, бундан дарс чиқара олишимиз лозим.

Вазиятимиз ва мусулмонларнинг замонавий жамиятдаги ҳолатини баҳолай олиш, ўтмишдаги хатолардан сақланиш ва шу йўсинда инсониятнинг барча соҳалари ва жабҳаларида мусулмон шахсиятини шакллантириш йўлларини топиш учун биз, у ёки бу цивилизацияларнинг гуллаб – яшнаши ва йиқилиш сабабларини англаб етишимизга тўғри келади.

Ана шунда, инша Аллоҳ, башарият Аллоҳ таолонинг мукаммал, инсонларни нодонлик ва жаҳолат ботқоғидан чиқарувчи ягона динининг буюклиги ва ажойиблигини кўради. Бунинг учун ўзимизга мана бундай саволларни бериш фойдадан ҳоли бўлмаган бўларди: мен нима учун мусулмонман, мени нима бошқалардан фарқлайди, мен Исломдан қандай фойда олдим? Ёки ... Исломнинг ривожи учун мен шахсан қандай наф келтирдим? деб сўраш тўғрироқ бўларди.

ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

АНДАЛУСИЯ (аудио)

Ҳожиб Мансур

Абдураҳмон Носир

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР