loader
Foto

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг 2020 йил Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги БАЁНОТИ

Рамазон ойи давомида адо этилган ибодатлар, эзгу амаллар ва меҳр-саховат ишлари эвазига мўмин-мусулмонлар жуда катта ажр-савобларга эришадилар, инша Аллоҳ.

Рамазон ойида Аллоҳ таоло фарз қилган рўза тутилиб, диёримиз бўйлаб хатми Қуръонлар қилинди. Ёрдамга муҳтож кишилар ва кам таъминланган оилаларга хайру саховатлар қилинди.

Барчага маълумки, бугунги кунда бутун дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам коронавирус касаллиги кенг тарқалди. Ҳозир инсоният мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Юртимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда. Юртимизда бу касаллик кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин ва бир қатор чекловлар жорий этилди.

Қатъий карантин чораларини қўллаш билан мамлакатда касалликнинг қайд этилган ҳолатларига нисбатан ҳам, кунлик янги ҳолатлар ҳам паст даражада сақланиб турибди. Юртимиз ушбу офатдан ортиқча талафотларсиз чиқишга эришмоқда ва вазият барқарорлашгани сари карантин чоралари секин-аста юмшатилмоқда. Лекин, бутун дунёнинг кўплаб мамлакатларида янги турдаги коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият кескинлигича қолмоқда.

Баён этилганлардан келиб чиқиб, 2020 йилги Рамазон ҳайити (Ийдул фитр) намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги, мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвоси ва Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги баёнотида қайд этилганидек, эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда жума намози ўрнига уйда пешин намозини, беш вақт намоз ва Рамазон ойидаги таровиҳ намозини уйда ўқиш ҳақидаги тавсиялар айни Рамазон ҳайити намозига ҳам тегишлидир.

Рамазон ҳайити кунлари эпидемик ҳолат мавжудлиги ва одамларнинг ҳаётига хавф сақланиб қолиши сабабли жума ва бошқа намозлар каби Ийд намозини ҳам жамоат бўлиб ўқишнинг иложи бўлмайди.

Бундай вазиятда қуйидаги оят, ҳадис ва шаръий қоидаларда кўрсатилган тавсияларга амал қилишга буюрилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай хитоб қилади:

“Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг” (Бақара сураси, 195-оят).

Абу Саъид Худурий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда  Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Зарар бериш ва зарар кўриш ҳам йўқ” деганлар.

Мўътабар фиқҳий китобларимизда:

“Зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан олдинга қўйилади”, деган қоида бор.

Юқоридаги баён этилганлардан келиб чиқиб, шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ибодатларни енгил тарзда бажаришга рухсат беради ёки бутунлай зиммадан соқит қилади. Ийд намози вожиб амал бўлгани боис бугунгидай узрли ҳолатларда ҳайит намози адо этиш соқит бўлади.

Мавжуд вазият тақозосидан келиб чиқиб, Рамазон ҳайити намози адо қилинмаса ҳам байрам кайфиятини сақлаб қолиш учун Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир суннатларини ҳаётга жорий этиш мақсадга мувофиқдир. Абу Саъид разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ийд намозидан аввал нафл намоз ўқимасдилар. Қачон уйларига қайтсалар икки ракат намоз ўқирдилар” (Имом Ибн Можа ривояти).

Ҳанафий мазҳабининг мўътабар фиқҳий манбаларидан бири бўлмиш “Мажмаъул анҳур” китобида шундай дейилади:

 “Маълум бўлсинки, ҳайит намози Зуҳо (чошгоҳ) намозининг ўрнига қўйилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзал”.



Баён этилган шаръий далил ва ҳужжатлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши карантин шаротида Рамазон ҳайитини нишонлаш бўйича қуйидаги тавсияларни тақдим этади:

    Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши фатвоси асосида масжидларда карантин даврида вақтинча жамоат намозлари тўхтатилганини инобатга олган ҳолда Рамазон ҳайити (Ийдул фитр) намозини ўқиш ҳам мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан соқит бўлади. Юртдошларимизга ҳайит куни қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин ўз хонадонларида тўрт ракатли нафл намози ўқишлари тавсия этилади.

    Уламолар ва имом-хатиблар томонидан бугунги вақтинчалик қийинчиликларга қарамасдан, Рамазон ҳайити ҳар доимгидек хонадонларимизга, дилларимизга қувонч, юртимизга файзу барака кириши, бир-биримизга бўлган меҳр-оқибатимизни янада зиёда бўлишига сабаб экани тўғрисида, оммавий ахборот воситалари, теле, радиоканаллар, босма ва электрон нашрларда кенг кўламли тарғибот ишлари амалга оширилсин.

    Ҳайит арафасида ва байрам кунлари ёши улуғ кексаларимиз ва беморлар ҳолидан хабар олиш ҳамда ҳайит билан табриклаш ва бошқа миллий урф-одатларимиз билан боғлиқ анъаналаримизни карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда амалга ошириш тавсия этилсин.

    Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкенг шаҳри ва вилоятларнинг марказларида “Рамазон ҳайити – хайру саховат айёми”, “Рамазон ҳайити – хурсандчилик мавсуми”, “Ийдул фитр – катта шодиёна” мазмунидаги ёзувлар пешлавҳалари жойлаштирилсин.

    2020 йил 24 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Рамазон ҳайити табриги юртимиз аҳлига етказилсин. Ушбу табрикдан сўнг энг табаррук уламолар томонидан Рамазон ҳайити фазилатлари тўғрисида телевидения орқали интервьюлар тизимли равишда давом эттирилсин.

    Рамазон ҳайити арафасида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида, ҳомийларни жалб этган ҳолда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати кенг қамровли амалга оширилсин.

    Рамазон ҳайити арафасида барча телеканаллар орқали эфирга узатилиши режалаштирилган кўрсатувлар Медиа-режаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти қозиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бош имом-хатиблари ҳамда халқимиз орасида обрўли диний уламоларимиз томонидан ташкил қилинсин ва кенг ёритилсин.

    Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти қозиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бош имом-хатиблари томонидан ижтимоий тармоқлар орқали, “Рамазон ҳайити муборак бўлсин!” мавзусидаги маърузаларни Рамазон ҳайити куни онлайн тарзда бериб бориш ташкил этилсин.



Азиз юртдошлар, Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғилиб турган ушбу дамда, қалбимиз юмшаб, ихлосимиз ортиб турган лаҳзаларда дуо қилайлик. Халқимизни, жонажон Ватанимизни офату кулфатлардан, балою қазолардан Ўзи сақлаб, ҳаётимизни бундан-да фаровон қилсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Уламолар Кенгаши,

2020 йил 21 май, Тошкент шаҳри