Анқара Озарбайжоннинг йириклик бўйича иккинчи шаҳри – Ганжага Арманистон ҳудудидан ракета ҳужумини қаттиқ қоралади.
«Бундай ҳужумлар [Ганжага ракета ҳужуми] – Арманистоннинг ожизлигидан ва инсониятга қарши жиноятларга тайёрлигидан далолатдир», - дейилади Туркия ташқи ишлар вазирлигининг якшанба кунги баёнотида.
Туркия ташқи ишлар вазирлигида айтилишича, Арманистон минтақадаги тинчлик ва барқарорлик йўлида энг катта тўсиқ ҳисобланади.
Ганжадаги тинч аҳолига ракета ҳужуми Ереваннинг халқаро ҳуқуқ нормаларига бефарқлигини яна бир бор кўрсатди, дея таъкидлади Туркия ташқи ишлар вазирлиги.
«Жанг майдонидаги мағлубиятлар фонида Арманистон халқаро ҳуқуқ нормаларини, жумладан, тинч аҳолига таҳдидларнинг олдини олиш учун Женева Конвенцияси талабларини менсимайди. Туркия Озарбайжоннинг адолатли позициясини қўллаб-қувватлайди. Ишончимиз комилки, Боку Арманистонинг провокацияларига учмайди ва халқаро миқёсда тан олинган давлат чегаралари доирасида ўз-ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан фойдаланишда давом этади. Туркия Арманистон қуролли кучлари томонидан Озарбайжон тинч аҳолисининг ўққа тутилишини қаттиқ қоралайди», - деб таъкидланади баёнотда.
Аввалроқ Озарбайжон ҳукумати Ганжага уюштирилган ракета ҳужумида бир фуқаро ҳалок бўлгани ва тўрт нафари яралангани ҳақида хабар берган эди.
Озарбайжон Президентининг ёрдамчиси, президент маъмуриятининг ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Хикмет Гаджиев Ганжанинг ўққа тутилишини Арманистон ҳарбий-сиёсий раҳбариятининг яна бир ҳарбий жинояти деб атади.