Халқаро ҳамжамиятнинг можарони тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатларига қарамай, бу муаммоли вазият жорий йилнинг июль ойида яна авж олди.
Бу даврда Озарбайжон-Арманистон можароси давомида қуролли тўқнашувлар бир неча бор кузатилган, натижада нафақат ҳарбийлар, балки тинч аҳоли орасида ҳам ҳалок бўлганлар қайд этилган.
Тинчликсевар халқаро ҳамжамият қуролли можароларга ўз муносабатини билдиради.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш яқинда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинянга мурожаат қилиб, ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш ва Минск келишувлари шафелигида музокаралар бошлашга чақирди. Шу билан бирга, у минтақага ЕХҲТ кузатувчиларини зудлик билан юбориш зарурлигини қайд этди.
Туркий Кенгаши бош котиби Багдад Амреев ҳам воқеалар юзасидан ўз фикрини билдирди. У ўз баёнотида мазкур тузилманинг халқаро ҳуқуқ нормалари ва тамойилларига содиқлигини қайд этиб, можаронинг тезроқ ҳал этилишига умид билдирди.
Табиийки, Ўзбекистон қардош Озарбайжон ва МДҲ бўйича ҳамкор Арманистон халқлари тақдирига бефарқ қараб туролмайди. Мамлакатимиз ташқи ишлар вазирлигининг вазият билан боғлиқ баёнотида, хусусан, "Озарбайжон Республикаси билан Арманистон Республикаси ўртасида кескинликнинг авж олиши Ўзбекистон Республикасида ниҳоятда ташвиш уйғотмоқда. Ўзбекистон томони Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги раиси сифатида дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч муносабатларини мустаҳкамлаш, МДҲдаги низоларни халқаро ҳуқуққа қатъий мувофиқ равишда тинч йўл билан ҳал этиш муҳимлигини яна бир бор тасдиқлайди. Биз Озарбайжон Республикаси ва Арманистон Республикаси суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги тамойилларига риоя қилган ҳолда иложи борича тезроқ ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва можаро тинч ҳал қилиш учун дипломатик музокаралар бошлашга чақирамиз".
Брифинг давомида ОАВ вакилларининг саволларига жавоб берилди.
Тадбир якунида Ўзбекистоннинг бу борадаги позицияси маълум экани ва бу ёндашув ўзгаришсиз қолаётгани алоҳида таъкидланди. Шу муносабат билан Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев бунинг учун Президент Шавкат Мирзиёев ва бутун ўзбек халқидан чуқур миннатдор эканини таъкидлади.