loader
Foto

Шайх Юсуф Қаразовий, ҳафизаҳуллоҳ

Мисрлик машҳур дин тарғиботчиси, хатиб, олим, 120 дан ортиқ китоб ҳамда ислом масалаларига бағишланган юзлаб мақолалар муаллифи, жамоат арбоби, суннийлар, шиалар ва ибодийлар нуфузли диний шахсларини ўз ичига оладиган Мусулмон олами Халқаро иттифоқи (2004 йил Дублинда таъсис этилган) раҳбари. «Фатво во тадқиқотлар бўйича Европа кенгаши» асосчиларидан бири. Унинг «Ал-шари’а ва ал-хайа» («Шариат ва ҳаёт») кўрсатуви мулоқот доираси бутун дунё бўйлаб 40-60 млн кишини ташкил қиладиган «ал-Жазира» канали орқали трансляция қилинади. Бундан ташқари, у иккита интернет портали: Islamonline.net ва Qaradawi.net асосчиларидан бири ва бош муаллифи ҳисобланади. Юсуф Қаразовий қаламига мансуб асосий асарлар: «Фиқҳ аз-закот», «Фиқҳ ал-жиҳод», «Исломда Ҳалол ва Ҳаром», «Ислом қайта тикланиши рухсат этилган зиддиятлар ва қораланадиган ихтилоф шароиларида» ва бошқа китоблар.

Унинг учун муҳим бўлган мавзулар қаторида фиқҳнинг янгиланиши, аёлларнинг жамиятдаги роли, таълим, ислом иқтисодиёти, санъат ва кўнгилочарликлар саноати, мустамлакачилик тизими, неоимпериализм, демократия, секуляризм, сионизм, Ғарбдаги мусулмон озчиликлари ва Фаластин муаммосини алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Ушбу мақолада биз биринчи навбатда Юсуф Қаразовийнинг шубҳасизки, турли воқеаларга бой узоқ умри масаласига эмас, балки унинг қўшган назарий ҳиссасига тўхталиб ўтамиз.

Юсуф Қаразовий 1926 йил 9 сентябрда Мисрнинг Нил дарёси дельтасида жойлашган Сафт ат-Тураб қишлоғида туғилган. Икки ёшидан отасидан ажралгани сабабли унинг тарбиялаш мажбуриятини онасининг оиласи вакиллари ўз зиммасига олган. Бўлғуси олим маҳаллий куттабада бошланғич таълим олган, тўққиз-ўн ёшида эса Қуръонни тўлиқ ёддан биларди.

1939 йил ал-Ғарбийа вилояти маъмурий маркази бўлган Тант шаҳридаги макабга ўқишга кирди. Тантда ўн етти яшар Юсуф масжидда биринчи марта хутба ўқийди ва ёш йигитга жуда кучли таъсир кўрсатган Хасан ал-Баннани учратади. 1949 йилдан 1953 йилгача ал-Азҳарда таълим олади ва у ерда араб тили факультетини аъло баҳоларга тугатади. 1940-йилларнинг бошларида, яъни пойтахтга кўчиб ўтишидан анча олдин, Юсуф Қаразовий «Мусулмон биродарлар»га қўшилади. Унинг биографиясида туб бурилиш фурсати айнан шу ҳодиса билан боғлиқ. Ташкилот эмиссари ролида у талабалик йилларида бутун Яқин Шарқни айланиб чиқди, шунингдек, Миср устидан Буюк Британия протекторатига қарши иш ташлашларда фаол иштирок этди. 1940–1950-йиллардаги «Мусулмон биродарлар»га қарши қаратилган ҳукумат қатағонлари давомида бир неча марта қамоққа ташланди. 1956 йил навбатдаги марта қамоқдан озод бўлгач, сиёсий фаолликни вақтинчалик тарк этиш ва таълим олишни давом эттиришга қарор қилади. 1957 йил Юсуф Қаразовий ал-Азҳар университети усул ад-дин факультетида малакавий имтиҳон топширди. 1960 йил Юсуф Қаразовий ҳаётида иккита муҳим воқеа билан боғлиқ бўлди: биринчидан, унинг ҳозирги кунда ҳам энг машҳур бўлиб турган «Исломда ҳалол ва ҳаром» китоби чоп этилди, иккинчидан, у Қуърон илмлари бўйича магистрлик даражасини қўлга киритди. Бир йилдан сўнг у Қатар пойтахти Дохага борадиган илмий делегация таркибига киритилиб, бу ерда 1962 йил ал-Азҳар университетининг бўлинмаси – Қатар диний тадқиқотлар институтини бошқара бошлади. Бу ерда у 1973 йил (Носирнинг ўлимидан сўнг, яъни Юсуф Қаразовий яна Мисрга ташриф буюра бошлагач) «Закот ва унинг ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга таъсири» мавзусидаги докторлик диссертациясини ҳимоя қилди ва ал-Азҳар университетида илмий даражани қўлга киритди. Бу диссертация Юсуф Қаразовийнинг энг кўп ўқилиши ва кўп таъсир кўрсатиши бўйича иккинчи ўринда турадиган асари, яъни «Фиқҳ аз-закот» учун асос бўлиб хизмат қилди. Бир қатор тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, у ҳозиргача мос келувчи соҳадаги энг чуқур ва ҳар томонлама таҳлиллардан бири бўлиб қолмоқда. Унда Юсуф Қаразовий закотни муносиб кишилар фаровонлигини қўллаб-қувватлаш ва шу билан бир пайтда хайр-эҳсон қилаётган кишини поклаш сифатида, шунингдек, қашшоқликка қарши кураш кенг қамровли тизими сифатида кўриб чиқади. Дохада бўлиб турган вақтида Юсуф Қаразовий Қатарнинг ҳукмрон сулоласи билан яқинлашади ва ҳатто бўлғуси амир (1972–1995 йй.) – Хамад ибн Халиф ат-Танийга сабоқ беради. Бу алоқалар туфайли у яна «Мусулмон биродарлар»ни таъқиб қилишни бошлаган Миср ҳукумати Юсуф Қаразовийнинг Қатарда бўлиб туриши муддатини узайтиришдан бош тортгач, Қатар фуқаролигини олди ва мамлакатда қолиш имконига эга бўлди. Мисрлик шайх ҳаётининг учдан икки қисмини айнан Қатарда ўтказди: бу ерда унинг фарзандлари туғилди, бу ерда у моҳиятан, Саудия Арабистонидан мустақил бўлган янги диний таълим тизимини яратди.

Қатар Юсуф Қаразовийга бутун дунё бўйлаб кўплаб минтақаларга (АҚШ, Канада, Европа мамлакатлари, Австралия, Япония ва ҳ. к.) ташриф буюриш учун юридик ва молиявий имконият тақдим этди, воизлик қилиш учун майдон берди, исломий фаоллик ва исломнинг турли мазҳабларини яқинлаштириш масалаларига бағишланган халқаро анжуманлар ташкил қилиш учун ресурслар тақдим этди. Гарчи Юсуф Қаразовий нисбатан мустақил фикрловчи олим ҳисоблансада, унинг танқидчиларида кўпинча Қатар режими билан қалин алоқалар ва уларниг олим объективлигига таъсир этиши мумкинлиги борасида саволлар (юқорида айтиб ўтилганлар нуқтаи назаридан тушунарли бўлган) юзага келарди. 2011 йилнинг 18 февралида Юсуф Қаразовий ниҳоят Мисрга қайтиб келди, Қоҳиранинг Тахрир майдонида жума намозида хутба ўқиб, унда мусулмонларни «араб баҳори» ютуқларини асраб қолиш ва Қудудс шаҳридаги ал-Ақсо масжидини озод қилишга даъват қилди. 2013 йил Мисрда амалга оширилган ҳарбий тўнтаришдан сўнг, 2015 йилнинг 16 май Юсуф Қаразовий (ағдариб ташланган президент, Муҳаммад Мурсий ва «Мусулмон биродарлар» ташкилоти билан боғлиқ бошқа юзлаб мисрликлар каби) Миср суди томонидан сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилинди. У ҳозиргача Миср ҳукумати томонидан расман «қидирувда».