loader
Foto

Türkiye (Туркия): Украина билан кўп томонлама ҳамкорлик бўйича ҳамжиҳатлик

«Украина минтақадаги асосий мамлакат ҳисобланади», - деди президент Эрдўған ва қўшимча қилди: «Ҳамкорлигимиз мудофаа саноатидан таълимга, туризмдан соғлиқни сақлаш соҳасига қадар кенг соҳаларда ўзаро манфаатли асосда чуқурлашиб бормоқда».

16 октябрь куни президент Ражаб Тойиб Эрдўған Истанбулдаги «Ваҳдеттин» саройида Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашди. 1 соату 45 дақиқа давом этган музокаралар якунида икки давлат раҳбарлари биргаликда матбуот анжумани ўтказишди. Эрдўған, Туркиянинг Қора денгиз бўйича қўшниси, стратегик ҳамкори ва дўстона мамлакати бўлган Украина президентини Туркияда қабул қилишдан хурсанд эканини айтди ва украиналик ҳамкасбига Украина давлат мукофоти (I даражали Ярослав Мудрый ордени – таҳририят изоҳи) билан уни тақдирлагани учун миннатдорчилик билдирди.

Эрдўған сўзга чиқиш давомида қуйидагиларни қайд этди: «Бугун икки томонлама муносабатларимиз кун тартибидаги масалаларни атрофлича муҳокама қилдик. Ҳамкорлигимиз мудофаа саноатидан таълимга, туризмдан соғлиқни сақлаш соҳасига қадар кенг соҳаларда ўзаро манфаатли асосда чуқурлашиб бормоқда. Музокараларда инвестицияларни ошириш ҳамда иқтисодий ва савдо ҳамкорлигимизни янги босқичга олиб чиқиш борасидаги ўзаро истагимизни тасдиқладик. Бу йил туризм соҳасида, пандемияга қарамасдан, биз 500 мингдан ортиқ украиналик меҳмонларни қабул қилдик ва бу бизнинг халқларимизнинг яқинлигини ва Украина меҳмонларининг "хавфсиз туризм" ташаббусимиз доирасида амалга оширган чора-тадбирларимизга бўлган ишончини кўрсатади».

FETÖ га қарши биргаликда кураш

«Музокараларимиз давомида биз хавфсизлик ва жиноятчиларни ўзаро экстрадиция қилиш соҳасидаги ҳамкорлигимизни мустаҳкамлаш учун амалга оширилиши мумкин бўлган қўшимча қадамларни муҳокама қилдик, - деди Туркия президенти. – Хусусан, биз FETÖ ("Фатхуллачилар террорчи ташкилоти") ва бошқа террорчи ташкилотларга қарши биргаликда курашни мувофиқлаштириш бўйича ҳаракатларни кучайтиришга келишиб олдик. Туркия минтақамизда барқарорлик, хавфсизлик, тинчлик ва фаровонликни таъминлаш борасида Украинани асосий мамлакат сифатида кўриб чиқади. Шу нуқтаи назардан биз доимо Украина суверенитетини, унинг ҳудудий яхлитлигини, жумладан Қримни ва унинг сиёсий бирлигини қўллаб-қувватладик ва қўллаб-қувватлаймиз. Туркия Қримнинг ноқонуний қўшиб олинганини тан олмаган ва тан олмайди ҳам».



Эрдўған ва Зеленский ўртасидаги музокаралар ортидан қўшма баёнот берилди. Қуйидаги бандлар алоҳида ажратиб кўрсатилди: икки мамлакат ҳарбий-денгиз кучлари ўртасида кенг ҳамкорлик ривожлантирилади; ташқи ишлар ва мудофаа вазирлари иштирокида ҳар йили учрашувлар ўтказилади; тегишли идоралар мудофаа ва ҳарбий-техник ҳамкорлик соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ кўрсатмалар берилади; Украинада турк компаниялари улуши ортади.