loader
Foto

Мудроқдаги уммат (фиқҳнинг турғун ҳолати ва ёшларнинг ғулувга кетиши)

Мусулмон мутахассислари ёшларни радикаллашиб кетишининг асл сабабларини кўп марта айтганлар. Бу кўп қиррали ва чуқур илдиз отиб улгурган катта муаммодир. Муаммони тўлиқ тушуниш учун турли ҳил тарафдан ва турли хил нуқтаи назардан туриб масалани ўрганишимиз керак бўлади. Ўлкамизда мусулмон фиқҳи турғун ҳолатда бўлганини эътиборга олиб, масалани ўрганишдан қўрқмаслигимиз, тадқиқот ва бахсларни кўпайтиришимиз керак бўлади. Ушбу мавзу билан ҳам бутун муаммоларни қамраб олиш даъвосидан йироқмиз. Лекин муаммога оид баъзи хусусиятларга тўхталиб, бошқа илм аҳлларини ҳам ушбу мавзуда бирон нарса дейишга ундамоқчимиз, халос.  



Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ўзларининг “Ихтилофлар ҳақида” китобида мазкур муаммонинг асл сабабини қуйидача ёритиб ўтган: “...Салафи солиҳ уламоларимизнинг ижтиҳоднинг келажаги ҳақидаги кўрсатмаларига ҳам ноўрин мутаасиблик қилинди. Уларнинг бу нозик масала мустабид ҳукмдорлар ва уларга ёқиш учун ҳар нарсага тайёр чаламуллаларга ўйинчоқ бўлиб қолмаслиги йўлида қабул қилган ижмоълари ўз ўрнида ишлатилмади. Маълум усулий қоидалар ва муҳим ижтиҳодлар дахлсизлиги ҳақидаги кўрсатмалар, жамики фиқҳ китобларидаги ҳамма сўзлар дахлсиздир, деган маънода талқин қилинди. Натижада асрлар оша фиқҳ масалалари ўрта асрдан олдинги ҳолида музлаб қотиб қолди. Замон, макон ва омиллар ўзгариши билан мусулмон уммати ҳаётида ҳам содир бўладиган турли янги масалаларни ҳал қилиши лозим бўлган улкан омил ҳаракатсиз қолди. Бориб-бориб фиқҳ китобларимизни йиллаб диний таҳсил олган кишилар ҳам осонликча тушуна олмайдиган ҳолга етилди. Кишилар маломатдан қўрқиб фиқҳий китобларимиздаги замон ўтиши билан эскириб, истилоҳдан чиқиб кетан сўзлар ўрнига бошқа муродиф сўзни алмаштиришга ҳам журъат қила олмас эдилар”.

Халифа Умар р.а умматнинг имконияти (потенциали) ҳақида

Ватанимиз дунёдаги бой мамлакатларидан бири эканини билмаган камдан-кам одам топилади... Нефт, газ, олтин, пахталар... Лекин ватанимизнинг энг катта бойлиги албатта, бу мамлакатда истиқомат қилувчи одамларидир. Ватанимиз аҳолиси ўттиз миллион кишидан ошди, Алҳамдулиллаҳ...

Салафи солиҳларимиз ҳаммадан кўра, Аллоҳ йўлида, жамоаси, халқи ва мамлакати хизматида инсон омилининг қадрини жуда яхши билишган. Имом Бухорий «Тарихи сағир»да Зайд ибн Аслам розияллоҳу анҳудан, у киши Убай розияллоҳу анҳу қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Умар ибн Хаттоб ўз соҳибларига: «Орзу қилинглар!» деди. «Мен бир уй тўла дирҳамларим бўлиши ва уларни Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилишни орзу қилурман», деди бири. «Орзу қилинглар!» деди у яна. «Мен мана шу уй тўла олтинларим бўлиши ва уларни Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилишни орзу қилурман», деди бошқаси. «Орзу қилинглар!» деди у яна. «Мен мана шу уй тўла жавҳарларим бўлиши ва уларни Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилишни орзу қилурман», деди яна бири. «Орзу қилинглар!» деди у яна. «Бундан бошқа орзумиз йўқ», дейишди улар. Шунда Умар: «Аммо мен мана шу уй тўла Абу Убайда ибн Жарроҳ, Муоз ибн Жабал ва Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳум каби одамлар бўлишини ва уларни Аллоҳнинг тоати учун омил қилишни орзу қилар эдим», деди.

Бу Умар розияллоҳу анҳунинг ўта зийрак фаросатига, яъни фиқҳига бир мисолдир. Яъни бу ривоятдан олтинлар ва бошқа қимматли нарсалардан кўра олимлар жуда қадрли эканини билиб оламиз. Пок қалб ва ихлосга тўлган юрак эгалари ва ўз динларининг хизмати учун фидойи бўла оладиган одамлар биз учун жуда қадрли бўлиши керак. Қанчалар афсусли бўлмасинки, булар биз учун ҳали очилмаган имкониятлар қаторига киради. Булар ҳақиқатдан ҳам мамлакатнинг асл бойлиги эканини тан олишимиз керак бўлади. Ҳалигача бутун дунёга устозлик қилган ўтмишдаги уламоларимиз билан фахрланиб келамиз-ку. Юртимиз мусулмонлари хонликлар даври, сўнг эса, мустамлака ва шўралар давридаги узоқ мудроқдан ўзларига кела олгани йўқ. (Қани бу юртдан яна чиқиши керак бўлган Бухорий, Термизий, Доримий, Марғилоний-ю Хоразмийлари? Қачон уйимиз олимларга тўлиб кетади?)

Ижтиҳод орқали истиҳрож

Бугун мусулмон жамоаси кечириб бўлмайдиган даражада жуда секин ривожланиб бормоқда. У жадаллик билан ривожланаётган информацион жамиятнинг янги талабларига ўз вақтида жавоб бера олмай қоляпти. Шу сабаб ҳам, агар жуда қудратли бироқ айни вақт мудроқ ҳолатида бўлган мусулмон умматининг имкониятларини (потенциал) билсак, бизнинг олдимизда қуйидаги вазифалар турганини кўрамиз.

Биринчи, ушбу имкониятларни топиш, ундан фойда чиқара олиш. Бу вазифага арабча “истиҳрож” яъни ер остидан фойдали қазилмаларни қазиб чиқариш маъносидаги калимани қўлласак бўлади. Яъни, ҳозирча яширин бўлган уммат потенциални юзага чиқариб, уни динимиз, ватанимиз ва миллатимиз равнақи ва фойдаси учун хизмат қиладиган қилишимиз керак.

Иккинчи, юқорида зикр қилинган имкониятларни аниқлаб, уни юзага чиқарганимиздан сўнг, умматимизга муносиб бўлган таълимни тақдим қилишимиз керак бўлади. Бу ўз ўрнида ўз динининг моҳиятини чуқур англаган ва ўзи яшаётган мамлакат қадрини биладиганларнинг кўпайишига замин ҳозирлайди. Улар адолат ва яхшилик тарафдори бўлиб, унинг воситасида ғулувга кетиб қолиш йўллари ҳам тўсилади. (Аждодларимиз таълим-тарбияга катта аҳамият беришган. Ҳозиргача фахрланиб келадиган ва юртимиз тимсолига айланган регистон майдонида учта соф иймон сарҳадлари бўлмиш мадрасаларнинг қад ростлаб туриши ҳам бизга ибрат бўлиши керак эмасми, ахир..?!)

Учинчи, ўз динларининг асл моҳиятини англаб етган мусулмонлар диннинг ҳуқуқий, ижтимоий, ва бошқа имкониятларини жамият эҳтиёжларига қараб ривожлантириб бораверишлари керак бўлади. Бу эса Ислом ҳуқуқий маданиятининг қудратли қатлами ҳисобланган фиқҳнинг ривожи, ижтиҳод воситасида амалга оширса бўлади.

Бироқ, кўп асрлар мабойинида бутун Ислом олами миқёсида ижтиҳод эшиклари ёпиқ ҳисобланган, шўроларнинг даҳрийлик ва атеизм даврида эса фиқҳ илми ўрта асрларда қотиб, турғун ҳолатига келиб, жуда эскириб қолган нарсага айланиб улгурди. Яъни, юртимиз мусулмонлари учун фиқҳ узоқ давр мабойинида тошдек қотиб қолган музга айланди.[1]

Ҳамма гап шундаки, фиқҳ ҳеч қачон эски, қотиб, муз ҳолатига келган ҳолатда бўлмаслиги керак. Фиқҳ - жамият ривожи ва тараққиёти билан доим ривожланиб бориши шарт бўлган жараён, ҳаётий майдондир. (Баъзи муҳим масалалар ўртага ташланса, чалламуллалар ва уларнинг кўр муридлари "бу фитна, фитна", деб бақиравермаслиги керак)

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари: “...Ҳозирга келиб барча исломий илмларда замон руҳи эсиб турибди. Тафсир, Ҳадис, Сийрат, Улумул Қуръон, Улумул Ҳадис ва бошқа бир қанча Исломий илмлар бўйича кўплаб янги асарлар битилди ва битилмоқда. Мазкур асарларда ўқувчи ўзининг барча замонавий саволларига жавоб топади. Бу асарлар кишиларни жалб қилишнинг ҳамма услубларини ҳисобга олиб битилгандир. Аммо фиқҳ ҳақида бу гапларни айта олмаймиз. Бир-иккита жузъий ва ўта содда уринишларни ҳисобга олмаганда деярли ҳеч нарса қилингани йўқ. Улкан Исломий илм бўлмиш фиқҳ илмидаги асрлардан буён давом этиб келаётган бу турғунлик оқибатида кишиларда фиқҳдан четланиш юзага келди. Ўзининг замонавий муаммоси ҳақида жавоб излаб фиқҳга мурожаат қилган одам унда бир неча асрлик гапни кўрганидан кейин шундоқ бўлиши ҳам табиий бир ҳол. Наҳотки ўтган мужтаҳидларимиз раҳматуллоҳи алайҳимларни кўз қорачиғимиздек эъзозлаган, уларни бош устига қўйган ҳолимизда, уларнинг ижтиҳодларига тил тегизмай туриб, баъзи масалаларимизни ҳал қила олмасак. Ҳеч бўлмаса, эски китобларимизни замонавий истилоҳларга ўгириб, халқ оммасига тушунарлироқ тилда тақдим қилсак бўлади-ку!” (“Ихтилофлар ҳақида” китобидан)

Илмларнинг рўёбга чиқиши ва татбиқ этилиши

Фиқҳ доим ва кун сайин ўзгариш жараёнида бўлган ҳаётимиз талабларига жавоб бера олиши керак. (Бунинг учун фақиҳлар керак, фақиҳларни эса ўзимиз тайёрламасак, уларни бизга ким ҳам тайёрлаб берарди. Юртимиздаги кўп ихтилофларнинг авж олишига сабаб ҳам аҳли илм, фақиҳларимиз камлигидан ёки йўқлигидан бўлса керак. Турли хил ҳизб, оқим, фирқа ва тариқатларнинг чаламуллалар ва уларнинг муридлари ҳаммаёқни алғов-далғов қилиб ташлагани ва бунинг оқибатида жуда кўп кўнгилсизликлар рўй бергани рост эмасми?) Айнан шунинг учун ҳам сўнгги асрларда яшаб ўтган фақиҳ уламоларимиз томонидан гўзал равишда ривожлантирилган ва ўз замонига хос ва мос бўлган фиқҳга тақлид қилишдан бошқа нарсага ярамадик. Оқибатда мусулмонлар тафаккури ҳам айнан шу сабаб қотиб, турғун ҳолатга келди. Бу эса, ўз навбатида фиқҳ ривожи ва мусулмон умматининг тараққиётга салбий таъсир кўрсатди.

Ва ниҳоят, тўртинчи, Ислом бу анжуманлар, баёнотлар ва ҳаётдан узилиб қолган илмлар дини эмаслигини яхши тушунишимиз керак бўлади. Ислом бу амалий, ҳаракат динидир. Ислом – бу илмга амал қилиш динидир, яъни илмнинг амалда татбиқ қилиниши, аниқ ишларга айланишидир.

Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари олаётган диний илмларининг асл моҳиятини тушуниб етганлиги мисол бўла олади. Аллоҳ таолодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ояти карималарнинг нозил бўлишига қараб, ўнта оятни ёд олиб, сўнгра уни ҳаётларига татбиқ қилишар эди.

Улар ҳатто ўрганган ўнта ояти карима маъноларини ҳаётларига татбиқ қилмасдан туриб, кейинги ўнта оятни ўрганишга киришмаган эдилар. Бунда катта ҳикмат бордир, зеро Аллоҳ Ҳақ Субҳанаҳу ва таоло Қуръони каримда: “Ва Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришинг учун бўлиб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб туширдик”, деб марҳамат қилади. (Исро сураси, 106)

Шайх ҳазратлари ўзларининг Тафсири Ҳилол китобларида ушбу ояти каримани қуйидагича тафсир қилганлар: “Ушбу оятда Қуръони Каримни бир йўла тугал бир китоб ҳолида эмас, балки бўлак-бўлак этиб нозил қилинганининг ҳикмати ҳақида сўз боряпти.

Кўп марта такрорланганидек, Аллоҳ таоло Қуръони Каримни бир оят, икки оят қилиб, баъзида ундан оз, баъзида ундан кўп қилиб, йигирма уч йил давомида нозил қилди. Албатта, бунинг улкан ҳикматлари бор эди. Бу ояти каримада ўша ҳикматлардан бири, одамларга аста-секин ўқиб бериш зикр қилиняпти. Албатта, ўттиз пора Қуръон бир йўла тушса, уни одамларга ўқиб бериш осон бўлмас эди. Ўқиб берилганда ҳам, одамлар уни қабул қилиб олишлари осон бўлмас эди. Энг муҳими–Қуръони Карим ўқиш учунгина эмас, асосан, ўқиб амал қилиш учун туширилган илоҳий дастурдир. Уни бир йўла ўқиб, бунга бир йўла амал қилиш осон эмас. Шунинг учун ҳам жоҳилият ботқоғига ботган одамларни аста-секин тарбиялаб, Ислом нурига олиб чиқиш учун йигирма уч йил керак бўлди. Шу даврда жаҳон тарихида мисли кўрилмаган ажойиб бир мусулмон уммати тарбияланиб вояга етди. Улар ҳар бир оятни нозил бўлганидан кейин ўқиб ўрганишар, ёд олишар ва унга амал қилишар эди. Ушбу шартларни амалга оширмагунларича, бошқа оятлар тушган бўлса ҳам, уларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан олмай туришарди. Оқибатда саҳобаи киромларнинг ҳар бирлари икки оёқда юрадиган тирик Қуръонга айландилар ва бир оз муддатда ер юзига Қуръон таълимотларини тарқатдилар.

Қуръон ана шундай нарса. Аллоҳ уни бўлиб-бўлиб тушириб, кишиларга осонлик ҳам яратди. Энди бу ёғи одамларнинг ўзига ҳавола, икки дунё бахт-саодатини хоҳласалар, ушбу Қуръонга эргашсинлар, икки дунё бадбахтлигини хоҳласалар, эргашмасинлар”.

Бундай ёндашишнинг ҳикмати шуки, мўминлар олаётган илмларини дарҳол ҳаётларида амалда татбиқ қила олсинлар. Ислом айнан шу тарзда ривожланди, айнан шу тарзда ҳаётда ўз ўрнига эга бўлди. Ҳақиқий чин қадриятлар ва Ислом асосларининг уммат ҳаётига татбиқ қилишнинг энг самарали йўли айнан шу ҳисобланади, яъни яхшилик ғоялари, тинчлик, адолатга интилиш ҳамда залолат ва ғулувдан қочишдир.

Ёшларнинг шиддати

Энди ўзимизга савол бериб кўрайлик, юқорида зикр қилинган муаммоларга мусулмон уммати ичида энг кўп муносабат билдирадиганлар кимлар? Албатта, бу мусулмон ёшлардир. Қизиққонликлари, катта ихлослари, улкан умидлари ва шунинг баробарида катта тажрибасизлиги туфайли улар олға ташланиб, бир ҳамлада умматни мудроқ ҳолатидан олиб чиқишга ҳаракат қилдилар.

Уларга бу йўлларида эса, чуқур илм, ҳолис баҳо, ҳаётий тажриба ва ёши катта уламоларнинг насиҳатлари етишмаяпти. Шайх Юсуф Қаразовий айтмоқчи, илм аҳли ва маънавий устоз-пешволар ёшлардан узоқлашиб, кўтарилиб кетганидан фил суягидан ясалган иморатларда қолиб кетмоқдалар.

Ёшларимизга чуқур илм, холис берилган баҳо ва уламоларимизнинг ҳикматли насиҳатлари етишмаслиги боис улар ғулувга тушиб қолишмоқда, ҳатто залолатга ҳам ботмоқда. Чунки у жуда қисқа муддат ичида юқорида зикр қилинган тўртта вазифани бажаришга енг шимирган – яъни мудроқдаги умматни уйғотиш; ўзлари илм соҳиблари бўлмасалар ҳам умматни илм билан таъминлаб ташлашни мақсад қилиш; фиқҳ ривожини боғлаб турган занжирларни кесиш; Исломни амалиётда қўллашга уринишлар...

Бу йўлда ёшлар катта мусулмонлар авлодининг сустлиги, фаолсизлигига гувоҳ бўлдилар, муфтийлар, имом-домлаларнинг ёшларнинг муаммоларига бепарволиги, жуда кўп маънавий устозларнинг ўз айтганларига амал қилмаётганини кўрган ёшлар умидсизликка мубтало бўлдилар.

Жасоратга чанқоқлик

Уларга ўзларининг наздида холис бўлган, ўзини ўзи қурбон қилиш даражасида фидойи бўладиган пешволарни излашади. Баъзилари шундай пешволарни "зўравонликка тарғиб қилаётган радикал даъватчилар" ичидан топишади? Нега?

Чунки, бу даъватчилар ўзларининг шахсий ҳаётларида айтаётган сўзларига амал қилишади, яъни сўз ва амалларини бир қилиб ёшларга ўрнак бўла олишди. Улар ўз оилалари, фойдаси томиб турган тижоратлари ва муваффақият боқиб турган мансабларини ҳам тарк қилишга тайёрлигини шахсий ҳаётларида кўрсата олдилар. Улар ўз яқинлари, бола-чақаларининг ҳаётларини ҳам қурбон қилишга, ўлимга ҳам тайёр эканини ҳам кўрсатишди. Ҳа, мўътадиллик йўлидаги даъватчиларга кўра, зўравонлик – бу залолат йўлидир. Бироқ радикал даъватчиларнинг ўз манҳажи йўлида барча нарсаларини қурбон қилишини кўрсатиб қўйишининг ўзи - ёшларни ўзига ром ва асир этди. Шунинг учун ҳам, мўътадил даъватчиларда илм ва амалдаги қатъийлик ва фидокорлик хислатларини уйғотмагунимизча биз ёшларнинг радикаллашувини тўхтата олмаймиз.

Умматни уйғотиш борасида ёшларнинг ихлос ва амали, илм олиш ва фиқҳни ривожлантириши ва Исломга амал қилиш майдонида жасорат кўрсатишга чанқоқлиги ҳам шундандир. Исломий қадриятлар, мўътадиллик, тинчлик ва адолат даъватчиларини айнан шундай жасоратларга тайёрламоғимиз лозим ва лабуддир.

Интернет маълумотлари асосида

Абу Муслим тайёрлади (2012 йил)





 ---------------



[1]Шайх Юсуф Қаразовий ҳазратлари: “Албатта, одамларнинг эҳтиёжлари тараққий топади, замон ўтиб вазиятлар ўзгарганидан манфаатлар ўзгариб боради. Воқеълик мўътадил фикрнинг тарафида бўлишни таъкидлайди”, деганлар.

Қарофий эса ўзининг “ал-Фуруқ” асаридаги “йигирма саккизинчи фарқ”ида яна шу мавзуга қайтади ва аҳли фиқҳ ва аҳли фатволар ҳар доим риоя қилишлари керак бўлган қонун бу анъаналар ва одатларнинг замонлар ва ватанлар ўзгариши билан ўзгариб туришини ҳисобга олиш эканлигини таъкидлайди. “Урфдан нима янгиланса ўшани эътиборга ол, урфдан нима соқит бўлса сен ҳам соқит қил. Китобларда ёзилган фатволарга умринг бўйи қотиб қолмагин. Аксинча, агар сен яшаётган ўлкадан бошқа ердан бир одам сенинг ҳузуринга фатво сўраб келса ўз юртингнинг урфидаги фатвони бермагин. Ундан ўзи яшаётган юртнинг урфини сўраб шу асосида фатво бергин. Ўз юртингдаги урфга ва китобларингдаги гапларга қараб эмас. Зеро, аниқ ҳақиқат ана шудир. Доимо китобларда нақл қилинган фатволарда қотиб қолишлик динда адашишликдир, мусулмон уламолар ва ўтган салафларнинг мақсадларини англаб етмасликдир”.

Шайх Юсуф Қаразовийнинг “Эски фатволарда қолиб кетиш” асарида: “...ҳанафийларга келадиган бўлсак  ўзларининг мутақаддиминлари чиқариб кетган ижтиҳодий ҳукмларнинг кўпларидан мутааххирийнлари воз кечганлар ва урфлар ўзгаргани боис уларнинг фатволарига хилоф бўлган фатволарни берганлар. Замон бузилгани ё жамият ўзгаргани ёки бундан бошқа сабаблар натижасида шундай бўлган ва бунинг хатолик жойи йўқдир. Чунки бу мазҳаб имомларининг ўзлари- Абу Ҳанийфа ва унинг шогирдлари-, шундай қилиб кетганлар.

Сарахсий зикр қилишича форслар янги исломга кириб араб тилида гапиришга қийналган даврда имом Абу Ҳанийфа улардан мубтадиъ бўлмаганларига намоз ўқишда Қуръондаги таъвийл қилиб бўлмайдиган оятларни форс тилида ўқишга рухсат берган экан. Қачонки бир томондан форсларнинг тиллари бир оз келишганидан  ва иккинчи тарафдан бидъат ва йўлдан адашишлик кенг тарқалганидан сўнг Абу Ҳанийфа бу гапидан қайтган.     

Яна зикр қилишича Абу Ҳанийфа табаъа тобеъийнлар даврида амаллари ноаниқ бўлган кишининг ташқи адолати билан кифояланиб ҳукм чиқаришда унинг гувоҳлигини эътиборга олишни жоиз деб билган. Икки шогирдлари-Абу Юсуф ва Муҳаммаднинг даврида одамлар орасида ёлғон гапиришлик кенг тарқалгани туфайли улар бу ишни манъ қилганлар.

Ҳанафий уламолари имом Абу Ҳанифа билан унинг икки шогирдлари орасида бўлган бу сингари хилофларни ҳужжат ва далиллардаги ихтилоф деб эмас давр ва замондаги ихтилофдир, дейдилар. “Одатлар маҳкамадир” қоидаси Ҳанафийлар ва бошқаларнинг асосий фиқҳий қоидаларидан бири бўлиб қолган эди. Унга ибн Масъуднинг “Мусулмонлар нимани мақбул топсалар демак у Аллоҳнинг наздида ҳам мақбулдир”, деган сўзини ҳужжат қилдилар.

Бу тўғрида ҳанафийларнинг мутааххирийнларидан аллома ибн Обидин ўзининг “Нашрул-арфи фийма буния минал-аҳкоми алал-урф” (Урфга биноан чиқарилган ҳукмлар ҳақида муаттар ҳидлар тарқатиш) номли бебаҳо китобини ёзди. Унда фиқҳнинг ижтиҳод билан боғлиқ кўпгина масалаларини мужтаҳид ўз замонасининг таомилига қараб баён қиларди. Агар у янгича таомилнинг замонида бўлса эди аввал айтганларининг хилофи билан фатво берган бўлар эди, деб ёзади. Шунинг учун ҳам мужтаҳидликнинг шартлари ичига одамларнинг одатларини билишликни киритиб қўйдилар, дейди. Кўпгина ҳукмлар замон ўзгаргани, одамларнинг таомиллари ўзгаргани, зарурат юзага келгани ёки замона аҳли бузилиб кетгани боис ўзгаради. Чунки, ҳукм аввалги ҳолида қоладиган бўлса ундан одамлар машаққатга қоладилар ва зарар кўрадилар, дунё энг мукаммал ва энг чиройли низом билан боқий қолиши учун буюрилган енгил ва осон қилиб кўрсатиш, фасод ва зарарни дафъ этиш асосига барпо қилинган шариат қоидаларига хилоф иш бўлган бўлар эди.

Шунинг учун бу мазҳабнинг машойихларини кўп ўринларда мужтаҳид “яъни мазҳаб имоми” ўз замонасини ҳисобга олиб чиқарган фатволарига хилоф иш қилганларини кўрамиз. Чунки  улар агар ўша имом ҳозир бор бўлса эди ўз мазҳабининг асосидан келиб чиқиб булар чиқарган фатволарни чиқаришини билганлар.