loader
Foto

The Times of Israel (Исроил): Эрон атом дастурининг тахмин қилинган раҳбари Теҳрон яқинида ўлдирилди

Эрон атом бомбасининг отаси деб аталадиган Муҳсин Фахризоданинг автомобили ўққа тутилди ва портлатиб юборилди. Хаменеи маслаҳатчиси «сионистлар»ни айблади ва «қотилларга яшин каби ташланиш»ни ваъда қилди.

Жума куни Теҳрон яқинида Эрон атом дастурининг тахмин қилинган раҳбари ҳалок бўлди, деб хабар қилди Эрон мудофаа ишлари вазирлиги.

Вазирлик Эрон АВ суиқасд ҳақида хабар берганларидан сўнг физика профессори, Эрон инқилоб гвардияси офицери Муҳсин Фахризоданинг ўлимини тасдиқлади.

«Жума куни кундузи қуролланган террорчи элементлар Мудофаа вазирлиги Инновацион тадқиқотлар ташкилоти раҳбари Муҳсин Фахризоданинг автомобилига ҳужум уюштирди, - дейилади хабарда. – Террорчилар ва унинг тан соқчилари ўртасидаги тўқнашув чоғида Муҳсин Фахризода оғир жароҳатланиб, шифохонага олиб кетилди».

«Афсуски, тиббиёт жамоаси уни қутқара олмади ва бундан бир неча дақиқа олдин, бу раҳбар ва олим, кўп йиллик ҳаракат ва курашдан сўнг, шаҳидликнинг энг юқори даражасига етди».

Ҳужумчилар қочишга муваффақ бўлгани ёки бўлмагани ҳақида хабар берилмади.

Ҳужум Эрон пойтахти Теҳрондан шарқдаги кичик шаҳар Абсардда бўлиб ўтди. Хавфсизлик манбаларига яқин «Фарс» ва «Тасним» ахборот агентликларига кўра, «террорчилар аввал автомобилни портлатиб, кейин уни ўққа тутган».

Ярадорлар, жумладан, Муҳсин Фахризоданинг тан соқчилари маҳаллий шифохонага олиб кетилди, дея хабар беради «Фарс».

Кейинчалик давлат телевидениеси ўз веб-сайтида автомагистрални тўсиб турган хавфсизлик кучлари суратини эълон қилди. Интернетда эълон қилинган расмлар ва видеолавҳаларда олд ойнаси ўқлар билан тешилган Nissan sedan автомобили ва йўдаги қон ҳалқобларини кўриш мумкин.

Ислом инқилоби қўриқчилар корпусининг ҳарбий-сиёсий тузимаси бош қўмондони Ҳусейн Саламий Фахризодага қилинган суиқасдни билвосита эътироф этди.

"Атомчи-олимларининг ўлдирилиши бизни замонавий илм-фан чўққиларига чиқишга тўсқинлик қиладиган энг шафқатсиз тўқнашувдир", - дея Твиттерда ёзади Саламий.

2021 йилги сайловда Эрон Олий раҳбари маслаҳатчиси ва президентликка номзод Ҳусейн Дехган Твиттерда огоҳлантириш берди.

«Иттифоқчиларининг хавфли сиёсий ҳаётининг сўнгги кунларида сионистлар Эронга тўлиқ миқёсли уруш қўзғатиш учун босимни оширишмоқчи ва кучайтирмоқчи», - деб ёзади Дехган, эҳтимол, АҚШ президенти Доналд Трампни кўзда тутган ҳолда. - Бу шаҳиднинг қотилларини яшин каби уриб, қилмишларидан пушаймон қиламиз!»

Абсард атрофидаги майдонга мамлакатнинг энг баланд чўққиси - Дамаванд тоғига кўриниш билан Эрон элитасининг виллалари қурилган. Коронавирус пандемиясига қарши чора-тадбирлар туфайли, Эронда дам олиш куни саналган жума куни йўллар одатдагидан бўшроқ эди. Шу тариқа ҳужумчилар кам сонли гувоҳлар иштирокида зарба бериш имконига эга бўлишди.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху 2018 йил Фахризодани Эрон атом қуроли дастурининг раҳбари деб атаганди.

Исроил Эрон атом қуроли дастури ҳақида бир талай архив материалларини омбордан олиб чиқиб кетганлигини маълум қилиб: «Фахризода - бу исмни эслаб қолинг» деганди.

Исроил анчадан бери эронлик атомчи-олимларни ўлдиришда гумон қилинади, бу ишлар Эрон атом қуроли дастурини тўхтатиш мақсадида ўн йилча олдин бошланган. Жума куни Исроил ҳеч қандай изоҳ бермади.

Тахмин қилинган суиқасд ҳақида янгиликлар пайдо бўлганидан сўнг Твиттерда эълон қилинган жума кунги видеода Нетаньяху, ҳафта давомида эришилган турли ютуқларни санаб ўтар экан, бу «тўлиқ рўйхат эмас, чунки мен сизга ҳамма нарсани айтиб бера омайман» деди. Бироқ у ўзининг Саудия Арабистонига расман тасдиқланмаган, лекин шов-шувли ташрифини ҳам назарда тутган бўлиши эҳтимоли юқори.

Суиқасд учун жавобгарликни ҳеч ким ўз зиммасига олмади. Бироқ Эрон ОАВ Нетаняхунинг Фахризодага аввалги қизиқишларини эслатиб ўтди.

Фахризода Эроннинг «Амад» ёки «Умид» дастурига бошчилик қилган. Исроил ва Ғарбнинг таъкидлашича, ушбу ҳарбий дастурнинг мақсади Эронда атом қуроли яратиш истиқболларини аниқлаш бўлган. Тинч атом дастурини эса Теҳрон аллақачондан бери ишлаб чиқмоқда.

Эрон атом объектларини назорат қилувчи Халқаро атом энергияси агентлиги «Амад» дастури 2000 йиллар бошида ниҳоясига етганини айтади.

Бироқ Нетаняху 2018 йилда Фахризода ҳарбий атом дастурини бир SPND, яъни «Эрон мудофаа вазирлиги ичидаги ташкилот» доирасида яширинча назорат қилишда давом этаётгани ҳақида огоҳлантирганди.

Исроил телевидениесининг 2018 йил май ойидаги репортажида Исроил Фахризодани у нимани режалаштирганини билиш учун омон қолдиргани ҳақида тахмин билдирган.

«Агар Эрон қачондир қуролга эга бўлиш мақсадида уранни бойитишдан фойдаланадиган бўлса, Фахризода Эрон бомбасининг отаси сифатида шуҳрат қозонади», - деганди ғарб дипломатларидан бири «Рейтер» (Reuters) агентлигига бундан 4 йил аввал. У 1940-йилларда АҚШ атом энергетикасини ривожлантириш дастурининг раҳбари бўлган Роберт Оппенгеймерга тез-тез қиёсланарди.

Чоршанба куни Axios агентлиги маълум қилишча, Исроил армияси АҚШ президенти Дональд Трамп январь ойида ўз лавозимин тарк этишидан олдин Эронга қарата зарба бериш ҳақидаги буйруғидан умид қилмоқда.

Исроилнинг юқори мансабдаги расмийларига таяниб, Axios бундай ҳужум муқаррарлиги ҳақида ҳеч қандай аниқ маълумот йўқ, лекин Исроил раҳбарлари Доналд Трамп лавозимда ўтирган охирги ҳафта «жуда нозик даври бўлади», деб ишонишини маълум қилганди.

Расмийларнинг айтишича, Вашингтон Эрон Ислом республикага қарши ҳарбий ҳаракатлар бошлашдан олдин Исроилни хабардор қилиши эҳтимоли катта.

Январ ойида Бағдод халқаро аэропортига берилган авиазарба оқибатида АҚШ Эроннинг «Қудс» ташкилоти қудратли раҳбари Кассем Сулейманийни йўқ қилиб, мамлакатлар ўртасидаги можаронинг деярли авж олишига сабаб бўлди.

2019 йил разведка бўйича эксперт Ронен Бергман Исроилнинг 10-каналига берган интервюсида Фахризоданинг энг яқин ёрдамчилари кўпчилиги Моссад билан боғлиқ суиқасдлар натижасида йўқ қилингани сабабли у ҳам «кўз остига олинган қурбонлар»дан бири эканини «тахмин қилиш оқилона бўларди» деб айтган.

Ўшанда Бергман агар Фахризода ҳалигача тирик бўлса, уни йўқ қилиш режаси бўлган, деб тахмин қилиш мумкин деганди. Лекин ўша пайтлар Бош вазир бўлган Эхуд Олмерт даврида режа бекор килинганди, деди Бергман ҳарбий цензурани ва миллий хавфсизлик масалаларидаги чекловларни ҳисобга олган ҳолда сўзларни пухталик билан танлар экан.

«Афтидан, Олмертнинг олдига келишган ва шундай дейишган: қулоқ солинг, операция барбод бўлиши хавфи бор. Бизнинг одамларимизни фош қилишлари риски мавжуд».

Исроил разведкасида ва хавфсизлик соҳасида яхши алоқалари бўлган журналист, Исроил давлат суиқасдлари махфий тарихи ҳақидаги «Қўзғал ва биринчи бўлиб ўлдир» номли машҳур китоб муаллифи Бергманнинг сўзларига кўра, афтидан, Олмерт бу хатарларни ҳисобга олган ва операцияни бекор қилган.

Олмерт 2009 йилгача бош вазир бўлган ва ўрнини Нетаньяхуга бўшатиб берган.

Исроил Эрон атом дастурига алоқадор одамларни ўлдирганини инкор этмоқда.