loader
Foto

NBC (АҚШ): Америка келажаги яқин тўрт ой ичида ҳал бўлади

Агар америкаликлар тез орада ўз хулқ-атворини ўзгартирмаса, деб огоҳлантиради экспертлар, яқин ҳафта ва ойларда бизни янги ўлимлар ва умидсизликлар, тўлиб кетган касалхоналар ва меҳнат биржасида чексиз навбатлар кутади.

Микроскопик вирус дунёнинг энг бой ва қудратли мамлакатини қандай қилиб тиз чўктирди?

Америкаликлар ўз мамлакатининг бор молиявий ва интеллектуал ресурсларини, шунингдек, технологик қадриятини COVID-19га қарши курашга ташлашини кутишганди. Бироқ, АҚШ йилнинг катта қисмини шок ҳолатида бўлди ва ҳозир у етакчи шифокорлардан бирининг фикрига кўра, мамлакат тарихидаги энг катта эпидемиологик инқироз бўлиши мумкин бўлган қишга дуч келади. Биринчи COVID-19 ўлимидан ўн ой ўтгач, АҚШ шафқатиз босқичга тез яқинлашмоқда: 15 миллиондан ортиқ касаллик тасдиқланган ҳолатда 300 мингта ўлим.

Ҳа, эмлашга тайёргарлик кўриляпти ва биринчи эмлашлар келаси ҳафтада амалга оширилиши мумкин. Аммо уларнинг миллат саломатлигига таъсири 2021 йилгача кўзга ташланмайди. Америкаликлар иложи борича тезроқ ўз хулқ-атворини ўзгартирмаса, мутахассислар огоҳлантирадики, келгуси ҳафта ва ойларда, биз кўпроқ ўлим ва умидсизликка, тўлиб кетган касалхоналар ва меҳнат биржасида узундан-узоқ навбатларга дуч келамиз.

Воқеалар ривожини ўзгартириш вақти келди

«Биз ўзимизни шундай тутишимиз керакки, гўё мулоқот қиладиган ҳар бир одамда коронавирус бор. Биз янги қурбонларга тайёр туришимиз керак – биздан март ва апрелда сўраганларига қўшимча равишда», — деб ҳисоблайди доктор Кавита Пател (Kavita Patel), Вашингтондан биринчи ёрдам шифокори ва Брукинг институти стипендиати.

«Агар ҳаракатларимизни ихтиёрий равишда чекламасак, бундан ҳам ёмон бўлади, — огоҳлантирди Пател. — Мен самолёт чипта топшириш ҳақида гапирмоқчи эмасман, мен меҳмон таклиф қилмаслик, Рождество ва Ханука байрамларида ҳеч бир жойга бормаслик ҳақида гапиряпман».

Сўнгги маълумотлар даҳшатли, графикдаги чизиқлар очиқчасига қўрқинчли. АҚШда декабрнинг биринчи икки куни ичида, COVID-19 окибатида янги ўлим ҳолатлари сони (5,157) бутун мартга нисбатан кўпроқ рўйхатга олинган. Баҳорда вирус асосан мамлакатнинг шимоли-шарқида, айниқса, Нью-Йоркда кенг тарқалган, аммо ҳозир ўлим даражаси ҳамма жойда кўтарилмоқда.

 «Пандемия назорат остидан чиқди, бизда яхши вакцина ҳанузгача йўқ. Касалланиш авж олади, касалхонага ётқизиш кўрсаткичлари кескин кўтарилади, реанимация бўлинмалари тўлиб кетади», — дейди Вашингтон университетидан пульмонолог доктор Вин Гупта (Vin Gupta).

Бу йил нотўғри кетгани ҳақида ҳикояда на бир сюжет, на бош жиноятчи йўқ ва якуний ҳаракат ҳали ҳам ёзилмаган. Бироқ эпидемиологлар бир нарса ҳамфикрлар: АҚШ ҳали бунинг имкони бўлган пайтда вирусни тўхтата олмади.

"Бизда вазиятни яхшироқ ҳал қилиш учун жуда кўп ёрқин фикрлар, илмий қобилиятлар ва назарий жиҳатдан молиявий ресурслар бор. Аммо бу иш бермади", - деди NBC News телеканали тиббиёт ходими ва Нью-Йорк университети Лэнгон тиббиёт марказида ревматология профессори доктор Натали Азар (Natalie Azar).

Қандай қилиб бу ҳолатга тушиб қолдик?

Кетаётган маъмуриятнинг энг ашаддий танқидчиларига кўра, барча муаммолар тепадан бошланади: улар Президент Трамп касалликнинг биринчи кундан бошлаб унинг авж олишини эплай олмаётганига ишонишмоқда.

У "ваҳима"нинг олдини олиш учун вирус аҳамиятини атайлаб пасайтиргани тан олинган ёзувлар бор. Бундан ташқари, у исботланмаган даволаш муолажаларини реклама қилган, етакчи олимлар маслаҳатига эътиборсиз бўлган, ниқобсиз ҳолда Оқ уйда учрашувлар ўтказган ва, баъзиларнинг фикрига кўра, эпидемияни катта сиёсатнинг хандақ урушлари яна бир фронтига айлантирган.

NBC News Президенти тарихчиси Майкл Бешлосс (Michael Beschloss) шундай ҳисоблайди: «Президентимиз ўзининг асосий вазифаларида муваффақиятсизликка учради — америкаликларга ўзларини ҳимоя қилишга ёрдам бериш, нима бўлаётганини тушунтириш ва имкон қадар кўпроқ одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун миллий режани ишлаб чиқиш учун федерал ҳукуматнинг барча ресурсларини сафарбар қила олмади. Трамп буларнинг биронтасини қилмади».

Лекин ҳатто Трамп маъмуриятининг сиёсий хатолари ва риторикаси ўтган 10 ой давомида мамлакат бошидан кечирган фожиали ҳолатларни фақат қисман изоҳлай олади. Асосий сабаблари чуқурроқ жойлашган, нифоқ эса президентнинг ҳар қандай хатоларидан кўра жиддийроқдир.

Коронавирус эпидемияси кўплаб тизимли носозликларни кўрсатди: шифохоналарга молиялаштириш етишмайди, қишлоқ жойларда ва камбағал маҳаллаларда инфратузилма ночор аҳволда, ўз вақтида иқтисодий ёрдам қонунчиликка тўсқинлик қилмоқда, кўпчилик ҳатто тиббий суғуртага ҳам эга эмас, жамият эса маданиятлар уруши ва қабилалараро курашлар билан парокандага учраган.

COVID-19 АҚШ ҳаётида мавжуд тизимли ирқчилик ва иқтисодий тенгсизлик муаммосини кучайтириб, айниқса «ранглилар» жамиятига зарба берди. Сифатли соғлиқни сақлаш ёки уй-жой фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган қоратанлилар оилалари айниқса қаттиқ зарар кўрди. «У ерда асосий таркибий муаммолар бор ва инқироз бу заиф йўналишларни бутунлай фош этди», — ҳисоблайди Говрад университети президенти ва жарроҳлик профессори, доктор Уэйн Фредерик (Wayne Frederick). Унинг қўшимча қилишича, қора танли америкаликлар орасида кенг тарқалган қўшимча касалликлар — хусусан, диабет ва гипертония — уларнинг жамоатини катта хатар остига қўяди.

Бу вақт давомида америкаликлар оммавий ахборот воситалари тузоғидан чиқолмаяпти: матбуот дезинформация, сиёсий тарғибот ва фитна назариялари билан заҳарланган. Асосий эҳтиёт чоралари - масалан, ниқоб кийиш каби - партиялар ўртасида шиддатли тортишувлар мавзусига айланди. Параноя ва рефлекторли ишончсизлик кўпинча илмий далилларни йўққа чиқаради.

Кейин нима бўлади?

Кейинги бир неча ой давомида миллий истиқболлар анча нохуш, лекин янги тонг шафағи кўрингандай бўляпти. Pfizer / BioNTech ва Moderna уларнинг вакциналари 95% самарали эканлигини айтиб, ишонч умидлари уйғотди. Бу эса 2021 йил глобал даҳшатлар ниҳоясига етади, деган умид беради.

Аммо энг яхши вакцинани аниқлаш, уни етарли миқдорда ишлаб чиқариш ва оммага хавфсиз ва тенг даражада етказиш учун вақт керак бўлади. Айни пайтда, кўплаб эпидемиологлар ва юқумли касаллик экспертлари, биз бир неча ой кутишимизга тўғри келади, деб огоҳлантиряпти: кунлар совийди ва одамлар вирус тарқалиши хавфи юқори бўлган ёпиқ хоналарга кўчиб ўтади.

«Ҳақиқат шундаки, декабр, январ ва феврал ойлари қийин бўлади», — деди яқинда АҚШ Савдо палатасида қилган чиқишида Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш бўйича Марказ раҳбари, доктор Роберт Редфилд (Robert Redfield). «Бу мамлакат тарихидаги энг катта эпидемиологик инқироз бўлишига чин дилдан ишонаман».

Вашингтон университети қошидаги глобал тадқиқотлар мустақил маркази бўлган Саломатлик кўрсаткичлари ва уни баҳолаш институти 1 мартга келиб, Қўшма Штатларда ўлимлар умумий сони 460 минг кишидан ошишини башорат қилмоқда. Редфилд ҳам ўлим даражаси февралга келиб "деярли 450 минг"га етиши мумкин, деб тахмин қилади.

"Биламизки, бу вирус бошқа коронавируслар каби совуқ ҳаво ва паст намликни яхши кўради. Кунига 250 дан 300 минггача янги ҳолатлар бўлиши мумкин", - дея тахмин қилди Брукинг институтидан Пател. Ҳозирги маълумотлар ва кузатувларга асосланиб, у «энг ёмон вазият сценарийси унинг муқобилларидан кўра эҳтимоли юқорироқ".

2021 йил бошида энг ташвишли сценарийларнинг олдини олиш учун, эпидемиологлар америкаликлардан дарҳол асосий эҳтиёт чораларига риоя қилишни сўрайди: ниқоб кийиш, одамлар кўп тўпланадиган жойдан узоқда бўлиш, алоқаларни минимал қилиш ва штатдан ташқарига саёҳатга чиқмаслик сўралади.

Саломатлик кўрсаткичлари ва уни баҳолаш институти прогнозлари ва баҳолари ҳар бир киши учун ниқоб кийиш қанчалик муҳимлигини исботлайди.

Башоратларга кўра, ниқоб кийиш ва масофага риоя қилиш тартиби бекор килинса, аксарият штатларда янги ўлимларнинг кундалик сони кескин ошади. Фарқ фақат АҚШ нинг ўзида йўқотилган ҳаётлар сони 390 мингтани ташкил қилиши мумкин.

Ҳеч ким буни уддалаш осон бўлади, демайди. Агар воқеалар ривожи энг ташвишли кўринишни олса, касалхоналар тўлиб кетади, тиббиёт ходимлари эса ўз ишининг уддасидан чиқишга улгуромайди. Бундан ташқари, Байденнинг янги маъмурияти психологик ҳолдан тойган ва чарчаган жамоатчилик билан шуғулланишга мажбур бўлади - пандемия ҳамманинг жонига теккан.

Бироқ америкаликлар бу даҳшатли эпидемиянинг қайғуси, изтироби ва маҳрумликлардан чинакамига чарчаган бўлсалар, умумий мақсадга рози бўлишлари керак - бу коронавирус очиб берган тузилмавий муваффақиятсизликларни тузатишнинг ягона йўли.

Қиш, албатта, қаттиқ бўлади. Ҳаммаси тугагандан кейин эса, албатта, ҳали кўп ва оғир ишларни қилиш керак бўлади.