loader
Foto

Бани Қурайза қабиласини ким ва нима учун жазолаган?

Жавоб. Бу ерда гап урушда сотқинлик қилиш, тўғридан-тўғри жанг майдонида хиёнат қилиш тўғрисида кетяпти. Бани Қурайза яҳудийлари мусулмонлар билан иттифоқдалигига қарамасдан, Мадинани мушриклар қамал қилган пайтда (Хандақ жангида) хиёнат қилиб, душман томонга ўтиб кетди. Лекин мусулмонлар сабр билан туриб бердилар ва мушриклар ортга қайтишди. Ана шундан кейин мусулмонлар Қурайза қабиласига қарши уларни сотқинлик учун жазолаш мақсадида қўшин тортиб бордилар. Жангда мусулмонлар ғалаба қозонди ва Бани Қурайза эгаллаб турган жойларини топширишга мажбур бўлди, лекин улар мағлубликларини тан олишда Таврот бўйича жазо қўлланиши ва ўзлари номини атаган киши томонидан ҳукм қилинишини шарт қилдилар. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам судидан бош тортдилар.

Бунга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга нисбатан катта марҳамат кўрсатдилар ва мусулмонлардан хоҳлаганларини қози сифатида танлашни таклиф қилдилар. Шунда қурайзалар собиқ иттифоқдошлари, Мадинадаги Авс қабиласининг улуғларидан бири - Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу қозилик қилишини танладилар. Саъд Хандақ урушида қаттиқ яраланганди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бир марта уларга ён бериб, Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу чиқарган ҳар қандай ҳукмни амалга оширишни кўпчилик олдида ваъда қилдилар. Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳуни келтиришни буюрдилар. Унинг аҳволи оғир бўлгани учун замбилда кўтариб келтиришди. Йўлда ҳали ҳукм чиқарилишидан олдин авсликлар Саъддан собиқ иттифоқдоқдошларига енгилроқ ҳукм чиқаришини сўрашди.

Шундай бўлсада Саъд кутилмаганда кескин қарор чиқарди - мусулмонларга қарши қурол кўтариб жанг қилганларнинг барчасини қатл қилинишига ҳукм чиқарди. Яҳудийлар томонидан бу жангчилар сони бир неча юзни ташкил қиларди. Таъкидлаш жоизки, ҳукм Таврот асосида чиқарилган эди.

« Бирор шаҳарни олиш учун яқинлашганингизда, шаҳар аҳлига сулҳ таклиф қилинг. Улар сулҳга рози бўлиб, дарвозаларини очиб берса, шаҳарнинг бутун аҳолиси сизларга қарол бўлиб хизмат қилади. Агар шаҳар аҳли сулҳга рози бўлмай, сизлар билан жанг қилса, шаҳарни қамал қилинглар. Эгангиз Худо у шаҳарни сизнинг қўлингизга берганда, бутун эркак зотини қиличдан ўтказинглар. Фақат аёлларни, болаларни, молларни ва шаҳарда қолган ҳамма нарсани ўлжа қилиб олсангиз бўлади. Эгангиз Худо сизларнинг қўлингизга берган, душманлардан олган ўлжаларни ишлатишингиз мумкин. Сизлар эгалик қиладиган юртингиздан узоқда жойлашган шаҳарларни шундай қилинглар». (Қонунлар, 20:10-15)

 Бу ҳукм эълон қилинганидан кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Энди бу худонинг ҳукми бўлди», дедилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қозилик қилишларидан бош тортиб яҳудийлар ўзлари танлаб олган Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу чиқарган ҳар қандай ҳукмни амалга оширишни ошкора равишда ваъда қилган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам энди ҳеч нарсани ўзгартира олмас эдилар.

Шундай қилиб, Баний Қурайза қабиласи ўз «маккорликлари» қурбони бўлдилар; Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳукмидан бош тортиб, ўзларига Таврот бўйича ҳукм қилинишини талаб қилиб, оладиганларини олишди. Шунинг учун бу воқеа «мусулмонларнинг шафқатсизлиги» тўғрисида эмас. Балки оғир жиноят, жанг майдонида хиёнат қилганлик учун Худонинг жазоси муқаррар эканлигидан шоҳидлик беради. Шуни айтиш керакки, ҳукм Таврот бўйича чиқарилди, Қуръон бўйича эмас.

Ойдин Ализода