loader
Foto

Аёлларнинг масжидларга боришлари ҳақида

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдаларимиз:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида аёл кишиларнинг жамоат намозида иштирок этганлари.

2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида аёлларнинг масжидга келишларидан фитна чиқмаслиги учун барча чоралар кўрилгани. Қоронғида намозни ўқиб, қоронғида уйларига қайтиб кетишлари таъминлангани.



Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачонки сиздан аёлларингиз кечаси масжидга бориш учун изн сўраса, уларга изн беринг», дедилар». (Бухорий, Муслим)

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойи¬далар:

1. Аёллар масжидга ҳам эрларининг изни ила бориши кераклиги.

2. Хотин масжидга бориш учун изн сўраса, кечаси бўлса, изн бериш кераклиги.



Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳнинг чўриларини Аллоҳнинг масжидларидан ман қилманглар», дедилар».

Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган ҳамда:

«Лекин ҳидсиз бўлган ҳолларида чиқсинлар» жумласини зиёда қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан оладиган фойдаларимиз:

1. Аёлларни масжидларга боришдан ман қилмаслик.

2. Аёллар масжидга борсалар хушбўй нарсалар суртмай боришлари шарт экани.

Эътибор берадиган бўлсак, биринчи ҳадисда аёл киши масжидга борса эркак киши кўзига кўринмаслиги зарур эканлиги тушунтирилган эди. Бу ҳадисда эса масжидга борган аёл кишининг ҳиди эркак кишининг димоғига кириши дуруст эмаслиги таъкидланмоқда.



Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аёлларга кечаси масжидларга боришга изн беринглар», дедилар. У(Ибн Умар)нинг Воқид деган ўғли:

«Ундоқ бўлса, у(аёл)лар буни фасод этиб тутурлар», деди. У киши унинг кўксига бир уриб:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар, дейман-у, сен йўқ, дейсанми?!» деди».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан оладиган фойдаларимиз:

1. Аёлларга кечаси масжидга боришга изн бериш.

2. Бу маънога баъзи кишиларда мулоҳаза бўлгани.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айт¬ган нарсага қарши чиқмасликни оталар болаларга доимо таъкидлаб туришлари лозимлиги.

Мазкур ривоятларда аёл кишиларнинг шартлар билан бўлса ҳам масжидларга боришлари мумкинлиги ҳақида сўз юритилса, энди келадиган ривоятларда уларнинг масжидларга бормаганлари маъқуллиги таъкидланади.



Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«У киши:

«Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар нимани пайдо қилганларини кўрганларида, уларни худди Бани Исроил аёллари ман қилинганларидек, албатта, масжиддан ман қилган бўлур эдилар», деди.

Мен Амрога:

«Улар ман қилинганмидилар?» дедим.

«Ҳа!» деди».  (Бухорий, Муслим ва Абу Довуд)

Шарҳ: Ушбу ҳадиснинг ровийидан бири ўзларига бу ҳадисни айтиб берган Амро розияллоҳу анҳудан:

«Бани Исроилнинг аёллари масжиддан ман қилинганмидилар?» деб ҳадисда келган маънони таъкидлаш учун сўраганида, у киши ҳа, деб жавоб берган эканлар.

Демак, Бани Исроил аёлларига бир вақт ибодатхонага боришга изн берилиб, кейинчалик улардан ношаръий ишлар, жумладан, эркакларга кўринишлари содир бўлганидан кейин ибодатхоналарга боришлари ман қилинган экан.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан сўнг муслима аёлларда содир бўлган салбий ўзгаришларни кўриб афсус қилиб, агар мазкур ўзгаришларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсалар, уларни, албатта, масжидга боришдан ман қилган бўлар эдилар, деб таъкидламоқдалар.

Дарҳақиқат, бу фикр ривожлана бориб, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврларида аёллар масжидга боришдан ман қилинадилар.



Абдуллоҳнинг аёли Зайнаб розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга:

«Қачон сизлардан бирортангиз масжидга ҳозир бўлса, ҳеч хушбўй суртмасин», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Бошқа бир ривоятда:

«Қайси бир аёл хушбўй суртган бўлса, биз билан хуфтон намозига ҳозир бўлмасин», деганлар.

Шарҳ: Аввало, Абдуллоҳ ибн Масъуднинг завжалари ва бу ҳадиснинг ровиялари Зайнаб розияллоҳу анҳо билан яқиндан танишиб олайлик.

У кишининг исмлари Зайнаб бинти Муовия ас-Сақафия. Лекин бу саҳобия машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг аёли эканликлари билан шуҳрат топганлар. Шунинг учун ҳам ушбу ҳадиси шариф санадида «Абдуллоҳнинг аёли Зайнаб розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади» дейилмоқда.

Зайнаб розияллоҳу анҳо илмга қизиққан саҳобиялардан бўлганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг илмий мажлисларида фаол қатнашганлар. Ўзлари ҳам саволлар билан у зот алайҳиссаломга мурожаат қилиб турганлар.

Айниқса, Зайнаб розияллоҳу анҳонинг эрлари Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга ўз закотларини бериши ёки бермаслиги ҳақидаги саволлари жуда ҳам машҳур. Бундан у киши ўз эрларидан кўра бой бўлганлари аён бўлади.

Зайнаб бинти Муовия ас-Сақафия розияллоҳу анҳо бевосита Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзларидан бир қанча ҳадисларни ривоят қилганлар. Шунингдек, у киши ўз жуфти ҳалоллари Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу, Умар ибн Хаттоб ва бошқалардан ҳам ривоят қиладилар.

Зайнаб бинти Муовия ас-Сақафия розияллоҳу анҳодан эса Буср ибн Саъид, Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-ҳорис, ўғиллари Абу Убода ибн Абдуллоҳ ибн Масъуд ва бошқалар ривоят қиладилар.

У кишининг ҳадисларини Имом Бухорий, Имом Муслим ва бошқа муҳаддислар китобларида келтирганлар.

Энди Зайнаб бинти Муовия ас-Сақафия розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисни ўрганишга киришайлик.

Аслида муслима аёл уйидан ташқарига хушбўй нарса суртиб чиқиши ҳаром. Масжидга борганда ўзига хушбўй нарса суртиши яна ҳам қаттиқ гуноҳ. Чунки бу иш ибодатга келган эркакларнинг кўнглини бузиб, фитнага сабаб бўлиши мумкин. Аёл киши эркакларнинг кўнглини бузилишига сабаб бўлиб масжидга борганидан кўра, бормагани маъқул.



Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аёл кишининг ҳужрасидаги намози ҳовлисидаги намозидан, қазноғидаги намози ҳужрасидаги намозидан афзалдир», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Аёлларингизни масжидлардан ман қилманг, зотан, ҳужралари улар учун яхшироқдир», деганлар.

Иккисини Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда аёл киши намозни қанчалар сатр ила ўқиса, шунчалар яхши бўлиши таъкидланмоқда.

ҳатто, аёл киши ўз уйида намоз ўқиганда тўсиқроқ жойда ўқишга ҳаракат қилиши лозимлиги уқтирилмоқда.

Аёл киши намозни ҳовлида, айвонда ўқиганидан кўра, ичкари уйга кириб ўқигани афзал экан. Ичкари уйдан кўра, қазноққа, яъни, турли нарсалар қўйиладиган омборхонага ўхшаш жойга кириб намоз ўқигани афзал экан.

Чунки намоз ўқиётган вақтида баъзи бир кишилар кириб келиб қолиши ёки кўнгли бузуқ фосиқлар қасддан томоша қилиши эҳтимоли бор.

Иккинчи ривоятда агар аёллар изн сўрасалар, уларни масжидга боришдан ман қилмасликка чақириш билан бирга, уларнинг масжидга бормаганлари яхши экани уқтирилмоқда.

Аёл кишининг масжидга бориши ёки бормаслиги ҳақидаги бошқа ҳадислар ҳам худди шу руҳдаги ҳадислардир.

Мазкур ҳадисларни ўрганган одамда бу масалада икки хил йўл тутиш мумкинлиги ҳақида хулоса қолади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг масжидга боришларига қаттиқ шарт¬лар ила рухсат берганлар. Хотин киши масжидга борганида бегоналарга кўринмаслиги, ҳидли нарса ҳам сурмаслиги лозим.

Лекин бормагани маъқул. Аёл киши уйда намоз ўқиганда ҳам тўсиқроқ, кўздан нарироқ жойда ўқигани яхши. Буларнинг ҳаммаси мўмина-муслималарнинг обрўларини, иззатларини, фосиқ ва фожирларга ўйин бўлмасликларини таъминлаш чораларидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида тақво, ихлос ва поклик қанчалар даражада экани ҳаммага маълум. Ўшандоқ пайтда ҳам аёлларнинг масжидга боришларига қаттиқ шартлар қўйилиши бежиз эмас. Бунинг устига дўст бор, душман бор, деганларидек, кофир ва мунофиқлар айнан аёллар масаласини доимо Исломга қарши ишлатиб келганлари ҳам эътиборга олинган.

Ҳазрати Оиша онамизнинг даврларида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан бироз кейин, тақво, ихлос ва поклик қай даражада бўлгани ҳам ҳаммага маълум. Аммо у кишининг аёлларни масжидга боришига нисбатан бўлган муносабатлари ва айтган гапларидан бу масала замон ўтиши билан ўта нозиклашиб кетганидан дарак беради.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг аёлларни масжидга боришдан ман қилганлари эса вақти келганда ана шундоқ чора кўриш ҳам мумкинлигидан далолат беради. У кишининг бу тасарруфларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам берган изн¬дан вақти келганда фойдаланиш, дейишимиз мумкин.

Ҳазрати Умар бу масаладаги ҳадиси шарифлардан шу маънони англаб етганлари учун шу ишни қилганлар. У зотдек киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хилоф бир иш қилиши мутлақо мумкин эмас.

Кейинги пайтларда замон ўзгаришини эътиборга олган уламолар аёл кишиларнинг масжидга бормаганлари маъқул экани ҳақида фатво берганлар.

Демак, ҳар замонда ўзига қараб, вазиятни атрофлича ўрганиб туриб тасарруф қилинган. ҳадиси шарифларда бутунлай бир томонга ҳукм қилинмагани ҳам шуни англатади.

Ҳанафий мазҳаби уламолари аёлларнинг масжидга боришларига мутлақо қарши турганлар. Уларнинг мутааххирлари (кейинги келганлари) фатво берган мазҳабга кўра, «аёлларнинг жамоатга ҳозир бўлишлари, жума бўлсин, ийд бўлсин, ваъз бўлсин, мутлақо макруҳдир. Агар қари кампир кечаси ҳозир бўлса ҳам. Бу замоннинг фосид ва фисқнинг зоҳир бўлгани учундир».

Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларида қари кампирлар жамоатга чиқса майли, лекин уйи афзал, ёш аёллар фитна бўлиши хавфи мавжудлиги учун масжидга боришлари жоиз эмас, деган гапларни айтганлар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР