loader
Foto

СССР да Исломга қарши қандай курашишган?

Мулкдан маҳрум қилиш

Дастлаб, 1929 йилгача давлатнинг Исломга нисбатан расмий сиёсати бошқа динларга нисбатан кўрилган чоралар билан таққослаганда анча қулай эди. 1917 йил ноябрида совет ҳукуматининг «Россия ва Шарқнинг барча мусулмон меҳнаткашларига» мурожаати қабул қилинди. Унда айтилишича: «Масжидлари ва ибодатхоналари вайрон қилинган, ақидалари ва урф-одатлари Россия подшолари ва золимлари томонидан оёқ ости қилинган Россия мусулмонлари, Поволже ва Қрим татарлари, Сибир ва Туркистон сартлари ва қирғизлар, Закавказье татарлари ва турклар, чеченлар ва Кавказнинг тоғ халқлари! Сизнинг дин ва урфодатларингиз, Сизнинг миллий ва маданий муассасаларингиз бундан буён эркин ва дахлсиз деб эълон қилинади». Бироқ 1929 йилдан кейин вазият кескин ўзгарди. Масжидлар оммавий равишда ёпила бошлади. 1930 йил фақат Татаристоннинг ўзида 120 минг масжиддан 10 мингдан ортиғи ёпилди, мулла ва муаззинларнинг 97%и ўз вазифалари ва мажбуриятларини амалга ошириш имкониятидан маҳрум бўлди. Ислом динига оммавий эътиқод қилинган бошқа минтақаларда ҳам вазият худди шундай эди. 60-йилларга келиб эса, масалан, Туркманистонда биронта масжид қолмаган эди.

Диний таълимни йўқ қилиш

Диний мактабларнинг ёпилиши яна ҳам оғриқли зарба бўлди. 1929-йилда СССР Марказий Ижроия Комитети Ислом таълимотини ўқитишни тақиқлади. Умуман олганда, вазият православ черкови билан бир хил эди: худди шу таъқиб ва ҳибсга олишлар, масжид ва мадрасаларни мусодара қилиш ва ёпиш. Худди православие каби, Улуғ Ватан уруши йилларида вазият бироз юмшатилди. Ҳаттоки бир нечта диний мактаблар очишга эришилди. Лекин шунга қарамай, умумий ислом таълими даражаси жуда паст эди. Масалан, 1990 йилга келиб, Россиядаги 857 нафар имом ва муаззинлардан атиги 21 таси олий маълумотли эди. Кўплаб дин арбоблари диний маълумотга эга эмасди. Совет Иттифоқида фақат битта Бухоро шаҳридаги мадраса ва Тошкент шаҳридаги ислом институти фаолият юритарди. Қўшимча ислом таълим муассасалари очишга совет ҳукумати рухсат бермасди. Шундай қилиб, 211 масжидларини бошқарган СССР ва Сибирнинг Европа қисми мусулмонлар диний бошқармаси фақат 1989 йилда руҳонийлар учун диний курсларни очишга муваффақ бўлди. Араб тилига қарши олиб борилган кураш мусулмон таълимига катта зарба бўлди. Қуръони Каримнинг араб тилидаги кўплаб нусхалари, жумладан, ноёб китоб санъати асарлари ҳам йўқ қилинди.

Анъана ва урф-одатларга зарба

Анъаналар дахлсизлиги ҳақида баёнотларга қарамасдан, совет ҳукумати мақсадли йўналтирилган тарзда унга қарши курашарди. 20-30-йилларда Ўрта Осиёда аёллар эмансипациясига қаратилган «ҳужум» ҳаракати амалга оширилди. Четдан қараганда бу паранжиларни ечишда ўз ифодасини топарди. Кейинроқ Ислом кенг тарқалган ҳудудларда – Ўрта Осиё республикалари, Кавказ, Татаристон ва ҳ.к.да аввалгидек, дин асослари бўйича яшаётган одамларни топиш учун «облавалар» амалга ошириларди. Қайси ота-оналар фарзандларини суннат қилдирганини аниқлаш учун тиббий кўриклар ташкил қилинарди. Шу муносабат билан ўғил болаларга зарур тиббий операция қилинганини тасдиқлайдиган маълумотномалар савдоси фаол ривожланди. Атеизмни тарғиб қилиш мақсадида мусулмон байрамлари номидан фойдаланиларди. Масалан, Татаристонда Қурбон-байрам байрами нишонанаётган бир пайтда комсомол аъзолари томонидан Қизил байрам – атеистик дунёқарашни тарғиб қилишга йўналтирилган турли тадбирлар ва маърузалар ташкил қилинар эди.

Абу Муслим таржимаси