loader
Foto

Мен нега намоз ўқийман?!

- Албатта маъқул-да. Ахир қалбларни бир-бирига маҳкам боғлайдиган, якдилликни ҳосил қиладиган бундай гўзал муносабат кимга ҳам ёқмайди? Бу - яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтариш ва шукрони неъматнинг яққол намунаси-ку! Одамзот бу ҳаётда ота-бола, хеш-ақрабо, қўни-қўшни, дўст-биродарларидан айри яшай олармиди? Кўпчилик ичида, кимгадир муҳтож бўлиб, кимдир сизга муҳтож бўлиб яшашга табиатлантирилган эмасмизми, ахир!

- Демак, сен одамлар ўзаро меҳр-мурувват билан, бир-бирларига ёрдам қўлини чўзиб яшашлари зарур, деб биласан ва ўзларига кўрсатилган меҳр-мурувват ва яхшиликларга шукроналик билан жавоб қайтаришлари керак, деб ўйлайсан. Шундайми?

- Ҳа, албатта.

- Агар бирор кимса яхшиликка нонкўрлик билан жавоб қайтарса ва куфрони неъмат қилса-чи?

- Заррача ҳаё ва виждони бор одам бундай қила олади, деб ўйламайман.

- Ахир сен ўзинг шундай қилаяпсан-ку!

Суҳбатдошнинг бу сўздан ғазаби қўзиб, шаҳд билан ўрнидан туриб кетди. Бироз вақтдан сўнг ўзини сал босиб олгач, сўради:

- Нега ундай деяпсан?

- Чунки сен Аллоҳнинг сенга бўлган фазли ва неъматини инкор қилаяпсан.

- Нега энди? Қанақасига?

- Аллоҳ фазлу-марҳамат соҳиби эканини тан оласанми?

- Ҳа, тан оламан.

- Ул зотга шукр қилишимиз керак эмасми?

- Керак, албатта.

- Қандай қилиб шукр бажо келтириш йўлини биласанми?

Ўйланиб қолди. Бироз жим тургач, хижолатомуз деди:

- Билмайман. Биродар, яхшиси ўзинг айтиб бер ва мени шукрни адо этиш йўлига йўлла.

- Унда эшит. Шукр бажо келтиришнинг икки йўли бор ва ҳар иккиси биргаликда адо этилиши лозим:



1) Нафақат тилинг билан, балки чин дилдан Аллоҳнинг фазлу-марҳаматини тан олишинг ва бунинг исботи ўлароқ хушуъ ила пешонангни саждага қўйишинг;

2) Ул зотнинг неъматларини асраб-авайлашинг ва Ўзи рози бўладиган ўринларга сарф этишинг.



- Сўзларинг ҳақ ва рост эканини тан оламан. Гувоҳ бўл, Аллоҳга аҳд-паймон бераман ва тирик эканман, намозни ташламасликка сўз бераман. Лекин менинг қадрдон бир дўстим ҳам борки, намоз борасида у ҳам худди мендек. Энди сендан илтимос, менга шу мавзуда бирор нарса ёзиб берсанг. Шояд, дўстим ҳам таъсирланса ва Аллоҳ унинг ҳидоятини сенинг қўлингда қилган бўлса, намозга бепарво бўлмайдиган ҳамда Аллоҳ билан ўзининг ўртасидаги алоқани узмайдиган кишилардан бўлса.

- Бош устига, албатта ёзиб бераман.

Шундан сўнг ушбу сўзлар сатрларга терилди:



Азиз биродар! Ассалому алайкум



Мен ўзим эшитган-билган ва қалбимга таъсир қилган пок сўзларни сизга етказиш истагидаман. Умид қиламанки, ушбу сўзлар сизга ҳам худди менга ўтказганидек таъсир ўтказса ва ҳаётингизда ўзгариш ясаса.



Ҳозирда кўпчилик намозга бепарво қарайдиган, уни ўзи учун кераксиз ва оғир бир иш деб кўрадиган бўлиб қолган. Намозга даъват қилсанг, узрлари ҳам тайёр. Баъзилари муҳим иш билан бандлигини рўкач қилса, бошқалари эгнидаги кийими пок ва намозга яроқли эмаслигини, уйига боргач, кийимини алмаштириб, сўнг ўқишини айтади. Сўзлари ёлғон экани эса шундоққина билиниб туради. Айримлар эса ўз қусурларини тан олади, бироқ: «Бизни ҳам бир кун Аллоҳ ҳидоят қилиб қолар» деб, қутулмоқчи бўлади. Яна бир тоифа кимсалар борки, гуноҳ ишларни очиқ-ошкор қилишдан уялмайдилар, Аллоҳнинг неъматларига нонкўрлик қиладилар, намоз ва намозхонларга камситиш назари билан қарайдилар. Кейин яна мусулмонлик даъвосини ҳам қилиб қўйишади. Ундай кимсаларга ягона Аллоҳни эслатилса, юраклари сиқилади. Аллоҳга даъват этилса: «Эшитдик ва лек итоат этмаймиз», дейишади. «Уларга нима бўлганки, худди шердан қочган ёввойи эшаклар мисоли эслатма-Қуръондан юз ўгиришади.![1]»



Келинг, энди ўшаларнинг намозга нисбатан тутган муносабатларини ва намозни тарк этишга сабаб қилиб кўрсатаётган баҳоналарини ўрганиб чиқайлик.



• Намоз зўравонлик билан солинадиган айрим солиқлар каби инсон адо қилиши шарт бўлган жаримами?

• Намоз вақтни зое қиладими? Инсоннинг шунчалик бўш вақти бормики, уни намоз билан зое қилса?!

• Намоз диктатура ҳукм сурган мамлакатларда халқларга сиёсий ғояларни мажбуран қабул қилдирилгани каби инсонларга зўрлик билан қабул қилдириладиган мажбурий қоидами?

• Намоз шахс эркинлигини чеклаш, ҳоҳиш-иродага тўсқинлик қилишми?

• Намоз ким хоҳласа қилиб, савоб олмайдиган ва хоҳласа қилмай, гуноҳкор бўлмайдиган ихтиёрий бир ишми?

• Аллоҳ бизнинг намозимизга муҳтожми?

• Киши намоздан қанчалик фойдага эга бўлади ва намоз ўқимаслиги билан қанча зиён кўради? ...? ...?



Инсонга нафс-ҳавоси ва шайтони олиб келаётган, унинг миясини чулғаб олаётган бу каби саволлар кўп. Агар жавобига ожиз бўлса, бу саволлар инсон онгига бутунлай ғолиб бўлади, унинг мафкурасига ўзининг ифлос таъсирини ўтказади ва охир-оқибат инсонни йўлдан оздиради. Ёмон амалларини яхши деб, бузуқ фикрларини тўғри қилиб кўрсатади. Уни бефойда мунозаралар сари етаклайди, пуч орзулар билан орзулантиради. Бора-бора қаъри 70 йиллик йўл бўлган дўзах сари шўнғиб бораётганини сезмай қолади.



Агар жавобига моҳир бўлса, шубҳаларни янчиб ташласа, ақлу-мантиқни ҳоким қилса, уларни мот ва мағлуб қилади.

Энди бу саволларни бирма-бир рад қилишга, шубҳа қилувчида бирор шубҳа қолдирмайдиган даражада аниқ-тиниқ жавоб беришга киришамиз. Ким шундан кейин ҳам юз ўгириб кетса, у ўзига зулм қилувчилардан бўлади.



Биринчи: Йўқ эй дўстим, намоз тўланадиган нақд жарима ҳам, йиғиб олинадиган солиқ ҳам эмас. Балки, у бир омонатки, у омонатнинг Эгаси ҳар куни унга беш марта назар солиб туради, сенинг вафодорлигингга, сидқу-ихлосингга, ҳақларни асраб-авайлашингга гувоҳ бўлади, омонатни гўзал риоя қилганинг эвазига сени улкан ажрлар билан мукофотлайди.



Ҳа, у солиқ ҳам, жарима ҳам, тўлов ҳам эмас. Балки, у ҳақни эътироф этиш, неъматга шукр бажо келтириш, пешвога итоат этиш ва унинг амрларини бажариш билан дилнинг тозаланишига далил, қалбда ўрнашган Аллоҳга бўлган муҳаббатнинг ифодасидир.

Кўрамизки, ҳамма одамлар ўзларича қандайдир нарсаларни улуғлашади, уларни қудратда ва манфаат беришда ўзларидан юқори кўришади, шунинг учун ҳам мусибатларида уларга илтижо қилишади, мушкулотларида мадад сўрашади, тўй-маросимларида баракотлар тилашади, ёдларидан чиққанда эслатиб турадиган эсталиклар қилиб олишади.



Нега насоролар Ийсо ибн Марям алайҳис-саломни илоҳ қилишади? Хочни черковлари узра белги қилиб кўтаришади, бўйинларига осиб олишади, ибодат учун черковларига шошилишади?



Нега яҳудлар Узайрни илоҳ тутишади ва сағанага ўхшаш бино атрофида тўпланиб, унга атаб шамлар ёқишади, Таврот ўқиб, ибодат қилишади? Нега диндорлари кичкина дўппини бошларининг учига қўндириб олишади? Нега Фаластинда давлатлари барпо бўлгандан бошлаб ўзларига олти юлдузни шиор қилиб олишган?

Нега мажусийлар оловга, ҳиндлар сигир ва маймунларга, айрим ботиний фирқалар шайтонга сиғинишади?

Улар ҳаммаси Аллоҳдан ўзга илоҳларга сиғинишмоқда, уларни муқаддаслаштирмоқда, уларга ибодат қилиб, қурбат ҳосил қилишмоқда. Ваҳоланки, булар худди уларнинг пуч мафкуралари каби ботил нарсалардир, уларга на фойда, на зарар етказа олишади. Шундай бўлса-да, сиз уларнинг ибодатини инкор қилмайсиз-у, менинг ҳақ, қадрли, манфаатли бўлган намозимни инкор қиласиз?!



Ўшаларга турли-туман ибодатлари қандай фойда келтиради-ю, маъбудлари уларни нимадан беҳожат қилади? Дуоларини ижобат қила оладими? Сўзларини тушунадими? Улар учун нима яхши-ю, нима ёмонлигини биладими? Уларга ризқ берадими? Ҳаёт ато эта оладими? Шифо берадими? Улардан зарарни даф қила оладими? Уларга ёмғир ёғдириб, экинларини ўстириб берадими?



Йўқ, асло! Буларнинг ҳеч бирини ҳеч қачон қилиша олмайди. Шундай бўлса ҳам уларга ибодат қилишмоқда, ич-ичларидан уларнинг муқаддаслигини эътироф этишмоқда, бу эътирофларига далил ўлароқ улар учун намоз ўқишмоқда.



Эй дўстим, ўйлаб кўринг, агар бир инсон сизга бир бўлак ҳолва тутса, ё юкингизни кўтаришга ёрдамлашиб юборса, ё йўл кўрсатса, ё тўхтаб қолган машинангизни юргизишса, ё тушириб юборган нарсангизни олиб берса, унга раҳмат айтмайсизми, қалбингизда унга нисбатан ҳурмат уйғониб, уни тақдирлашни ва қилган яхшилигига ундан-да яхшироқ жавоб қайтаришни ният қилмайсизми? ... Ҳа, албатта қиласиз.



Мен ҳам сиз каби инсонман, яхшиликни ёдда тутаман, хайр-саховатни тан оламан, ҳадяга ташаккур айтаман. Менга нисбатан марҳамат қанча катта бўлса, менинг шукронам ҳам шунча каттайиб боради. Менга Аллоҳ азза ва жалла каби неъмат бериб, марҳамат кўргизувчи бормики, Ул зот менга ақл-идрок ва ҳиссиётлар ато этди, мени ҳалол-пок ризқлар билан кўмиб ташлади, соғлик-омонлик берди, тўғри динга йўллади, оила ва фарзандлар ато этди, азиз дўстлар ва яхши қўшнилар орасида яхши бир ватан ичра сарафроз айлади!



Йўқ, албатта! Бу оламда менга Аллоҳ таборака ва таолоча эҳсон қилувчи зот йўқ! Модомики, бошқаларнинг озгина яхшиликларига шукр изҳор этарканман, нега энди шунча неъматлар ато этган Зотга шукр келтирмай?!



Шубҳа йўқки, У зотга шукр бажо келтиришда сиз ҳам мен билан биргасиз ва мени бунга тарғиб этасиз. Балки, агар уни адо этишда ноқислик қилсам, мени бунга мажбурларсиз ҳам. Чунки, сиз менинг яхшиликни билмайдиган, неъматга нонкўр инсон бўлишимни истамайсиз.



Табиийки, шукрнинг катта-кичиклиги ҳадянинг қиймати ва ҳадя қилувчининг қадри билан ўлчанади. Яъни менга бир бўлак ҳолва тақдим қилган кишига айтган раҳматим бир қути ширинлик тақдим қилган кишига айтган раҳматимдек эмас. Қаламим ерга тушса, уни менга олиб берган ёш болага айтган сўзим уни менга олиб берган катта кишига айтган сўзим каби эмас. Бинобарин, неъматларига шукроналик адо этишим учун Аллоҳ таоло мендан суядиган иш - У зотнинг рубубиятига иқрор бўлиб, улуҳиятини муқаддас санаб, фазл-марҳаматларини эътироф этиб пешонамни ерга қўйишимдир.



Одамлар бут-санамлар олдида бош эгишади. Аслида уларнинг ҳеч қандай фазилати йўқ, аксинча одамларни ҳақдан ва ҳидоятдан адаштиради. Кўпчилик ўз бошлиқларини улуғлаб, улар олдида бош эгади, ваҳоланки улар Аллоҳнинг энг ёмон халқи бўлишлари мумкин.

Шундай экан, нега энди мен барча мулклар Молики, борлиқни яратган, еру-осмоннинг парвардигори, фойда ва зарар етказишга қодир, ато этувчи ва ман қилувчи, тирилтирувчи ва ўлдирувчи, катта-ю кичик ишларимиздан ҳисоб қилувчи Зот олдида эгилмаслигим керак?!



Иккинчи: Намоз вақтни олмайди. Инсон тирикчилик югур-югурларидан, келиб-кетувчиларнинг ғовур-ғувурларидан бир оз тин олган пайтида, олди-сотди, талашиб-тортишиш, муомала, муҳокама, ўқиш ва ўқитиш, мурожаат қилувчиларнинг талабларидан ҳориб намозгоҳида турганда, бу ташвишларнинг барчасидан холи бўлади, нафси тинчланади, қалби ором олади, жисми роҳат топади, ғазаби сўнади, нафс-ҳавоси жиловланади ва бир неча дақиқа мобайнида ўзи суйган зотга муножот қилиб туради.



Ишқ оташин жўш урар они -

Маҳбуб ила хилват замони.



У зотдан ёрдам ва мадад тилайди, қийинчиликлар устида сабр беришини сўрайди, бирор кишига паст назар, аччиқ сўз ё қўпол муомала билан озор етказган бўлса, Аллоҳдан афв сўрайди. Ушбу дақиқалар у учун гўё кучсизланган аккумуляторни зарядлаш ва қизиган двигателни совутишдек бир вазифани ўтайди.



Шунинг учун ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирор ташвишли ҳолат пайдо бўлганда дарҳол намозга шошилардилар. Душман билан жанг қилиб, ҳолдан тойган пайтларида: "Эй Билол, бизни намоз билан роҳатлантиринг", яъни намозга азон айтинг, намоз ҳаёт қийинчиликларида, мушкулотларида биз учун роҳат бўлсин, дер эдилар.



Инсон заиф, қуввати чекланган, бетўхтов ишлашга қодир бўлмайдиган жонзот. У жисмонан ва ақлан дам олишга муҳтож. Бундай роҳат унга фақат намозда насиб бўлади. Инсон ҳаётининг ярми дам олиш билан ўтади. Шунинг учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло кечани сукунат пайти, уйқуни роҳат қилиб қўйди. Намоз ўқувчи намозига қанча вақт сарфлайди? Роса берилиб, узоқ ўқиганда ҳам чорак соатдан ортиқ вақт кетмайди. Эй оқил, меҳмондорчиликларда, гап-гаштакларда бекорга совурилаётган бир неча соатлаб вақтларингга сахийлик қиласан-у, ўзинг учун кўп манфаатлар ҳосил бўладиган бир неча дақиқа вақтингга қизғанчиқлик қиласанми?!



Учинчи: Намоз — фуқароларига ўз фикрларини мажбурлаб ўтказадиган золим ҳокимнинг сиёсий тартиб-қоидаси эмас. Балки, намоз инсон ўзи қаноатланиб ва рози бўлиб, ҳеч қандай зўрлов ва мажбурловсиз қабул қилган диннинг ҳаётдаги татбиқидир. Динда эса мажбурлаш йўқдир. Намоз шароитлар ўзгариши билан ўзгариб турадиган ёки ҳокимларнинг фикрларига тобе бўладиган сиёсий қоида эмас. У бугун биринчи кўриниши ёзилиб, эртага якуний мунозарага қўйиладиган, индинга эса қайта тузатиш киритиладиган, сўнг фавқулодда вазиятлар туфайли бутунлай қайта кўриб чиқиладиган ёхуд тасдиқлаш комиссияси аъзоларининг сони етарли бўлмагунича ижроси кечиктириладиган ёки мамлакатдаги олий ҳокимият эгасининг тасдиғидан ўтмагунича ортга суриб туриладиган қонун эмас. Намоз Ислом арконларидан бир рукн, балки у Исломдаги икки шаҳодат калимасидан кейинги энг катта рукндир.



Мусулмон биродар! Модомики, бу динни қабул қилишга сизни ҳеч ким мажбурламаган экан, ўзингиз уни очиқ кўнгил ила ихтиёр этган экансиз, энди унинг ҳукмларини тўла суратда адо этишингиз шарт. Ҳар қандай мамлакат фуқароси ўша мамлакат қонунларини татбиқ этиши керак, шундай эмасми? Агар буни истамаса, икки йўлдан бирини танлаши: ё ўзи истамаган ҳолда уни мажбуран татбиқ этиши ё эса фуқароликдан воз кечиб, мамлакатни тарк этиши лозим.



Бошқа бир мисол келтирай: Кўрамизки, светофорнинг қизил чироғи ўнлаб, балки юзлаб автоуловларни тўхтаб туришга мажбур этади, ҳайдовчи ҳар қанча мартабали шахс бўлмасин, ундан ўтиб кетишга ҳақли бўлмайди. Одамларга нима бўлганки, қизил чироқ ишорасига қарши чиқишга ботинишмайди-ю, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг амрларига қарши чиқишга журъат этишади, гуноҳ ва мункар ишларга қадам қўйишади, У зот чизиб берган чегараларни бузишади?! Бу уларнинг ақллари комиллигига далилми ё ноқислигигами?! Ўзингиз инсоф билан ҳукм чиқараверинг!



Тўртинчи: Намоз шахсий эркинликни чеклаш эмас ва у ҳеч кимни ўз шахсий эркинлигини рўёбга чиқаришига тўсқинлик қилмайди. Ер юзидаги барча жамият аҳллари ўзларининг ўрмонларда яшовчи ҳайвонлар каби эмасликларига, балки уларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқ ва эрклари бор эканига иттифоқ қилганлар. Яна шунга ҳам келишиб олганларки, уларнинг эркинликлари эътиқод, сўз ва иш борасида мутлақ ва шу билан бирга умумий тартиб-қоидалар ва бошқарувчи қонунлар билан чеклаб қўйилган. Зеро, шу чеклов бўлмаса жамият тартибланмаган, халқлар вужудга келмаган, ишлар ўзаро фойдали алоқалар асосида барпо бўлмаган бўлур эди.



Кўнгилларига нима келса шуни қиладиган, кўчаларда дайди итлар мисоли яшаб юрадиган кимсалар ҳам ҳукумат фармонларига ёки қонун бандларига қарши чиқа олмайди. Ҳатто, ўрмонлардаги ҳайвонларнинг ҳам ўзлари бўйсунадиган қонунлари бўлади. Ҳайвоншунос олимлардан бирортасидан сўраб кўрсангиз, сўзимнинг ҳақлигига амин бўласиз. Битта уядаги асалариларнинг қандай тартиб-интизом билан ишлашларини ё нон ушоғини тортиб кетаётган чумолига шериклари қандай ёрдам беришларини ўз кўзингиз билан кўрган бўлсангиз керак.



Эй мусулмон! Сиз хос ишларингизда, яъни ейиш, ичиш, ухлаш, бедор бўлиш, муқим ёки мусофир бўлиш, олиш, сотиш ишларингизда эркинсиз, бу эркинлик эса илоҳий низом билан иҳота қилинган, шариат ҳудуди билан чекланган. Ишларингиздан чекиниб, бир неча дақиқа масжидда ўтиришингиз ва унда яна ғайрат, фаолиятингизни тиклашингиз ҳам сизнинг эркингиздандир. Сўнг бир илоҳий мадад билан руҳланиб, янгиланиб масжиддан чиқасиз ва ишларингизни давом эттирасиз.



Шунингдек, дунё ва охиратингиз бахт-саодати сабабларини сизга муҳайё қилиб қўйган илоҳий низомга боғлиқ бўлиш ҳам сизнинг эркингиздандир.



Модомики, Аллоҳнинг қудрати сиз билан бирга, сизни ҳимоя ва мудофаа қилаётган экан, ердаги қандайдир кучга тобе бўлмаслигингиз ҳам сизнинг эркингиздандир.



Яхши кўрган ишингизни қилишингиз, истаган нарсангизни гапиришингиз, ўзингизга ёққан нарсани ёзишингиз, қизиққан нарсангизни сотиб олишингиз ҳам эркингиздан. Фақат шарти шуки, ҳаддингиздан ошмаслигингиз керак. Чунки чегарадан чиқиш билан ўзгаларнинг эркини поймол қилишингиз мумкин. Ўзингиз ҳам ҳаққингиз поймол қилинишини истамайсиз-ку! Бинобарин Ислом ҳам ушбуни ҳаром қилган, башарий тартиб-қоидалар ҳам буни ман этади.



Бешинчи: Намоз кундалик ҳаёт юмушлари каби хоҳлаган қилиб, савоб топмайдиган, хоҳламаган қилмай, гуноҳкор бўлмайдиган ихтиёрий-мубоҳ иш эмас. Балки у лозим ва лобуд бўлган бир амалдир. Унинг ўз белгиланган вақти, ўзига хос ҳайъати, алоҳида услуби бор. Ракъатлари сонини орттириб ёки камайтириш билан уни ўзгартиришга, вақтидан илгари ё кечиктириб ўқишга ҳақли бўлмайсиз. У худди қулоққа эмас, оғизга солиниши керак бўлган луқма кабидир ва ёки ўпкага товондан эмас, оғиз ё бурундан кирадиган ҳаво кабидир. Агар юрагингизнинг қисилиб-зўрайиши ёҳуд ўпкангизнинг кенгайиб-торайиши сизнинг аралашувингиз ва фикрингиз билан бўлган бўлса, майли, унда намоз ҳақида ҳам фикр билдираверинг.



Намоз ҳам ҳар куни ишга қатнайдиган ишчи-хизматчининг ўз ишини бажариши ёки савдогарнинг кундалик олди-сотдиси кабидир. Агар давомий ишласангиз, ишни кўзини билсангиз, ой охирида маошга эга бўласиз ёки савдогар бўлсангиз чўнтагингиз фойдага тўлади. Аксинча, ишга бепарво қарасангиз, вақтида бормасангиз, маошингиз ҳам шунга қараб бўлади, ўзингиз умид қилган фойдадан ҳам қуруқ қоласиз.



Аксарият ҳолларда одамлар ихтиёрий ишларда ҳам худди мажбурий ишларда бўлганидек жавобгарликка тортилишади. Мисол учун, туннинг қоқ ярмида радио эшитгингиз келиб, унинг мурватини охиригача бурасангиз ёки ўзингиз бор овозда куйлай бошласангиз, ўша заҳоти қўшнилар безовта бўлиб, норозилик билдиришади. Эшигингизни тақиллатиб, радиони пастлатишни ёки овозингизни ўчиришни талаб қилишади. Агар қулоқ солмасангиз, охир-оқибат жазога тортилишингиз аниқ. Хўш, ахир радио тинглаш ихтиёрий иш эмасмиди, қачон хоҳласангиз ва қандай хоҳласангиз шундай эшитишга ҳаққингиз йўқмиди? Унда нега эркингиз чекланди?



Жавоб шуки, сиз хос қонун ёки умумий тартиб-қоида билан чеклаб қўйилгансизки, ундан тажовуз қилиш мумкин эмас. Шундай экан, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Унинг улуҳиятига ва рубубиятига иймон келтирган, Унинг дини ва шариатини ихтиёрий равишда қабул қилган бандаларига фарз қилган нарсалар хусусида нима дейсиз?! Хўш, улар У зотга ибодат қилишда ва намоз ўқишда эрклимилар ёки Унинг буйруқларига муқайяд ва фармонларини ижро этишга мажбурмилар?



Олтинчи: Ҳа, намоз ғоят зарурий эҳтиёждир. Инсон ҳаёти учун емоқ-ичмоқ қанчалик зарурат бўлса, намоз ҳам шунчалик заруратдир. Чунки, емоқ-ичмоқ жисмнинг тиргаки ва ҳаёт моддаси бўлса, намоз руҳнинг тиргаки ва осойишталик моддасидир. У ўз соҳибини бемаъни ишлардан юксалтиради, натижада намоз ўқувчи киши намозида Рабби ҳузурида қандай тўғрилик билан турган бўлса, қолган ишларида ҳам шундай тўғриланади.



Намоз иймон билан куфр ўртасини ажратиб турувчи айирмадир. Ҳадиси шарифда ворид бўлганки: «Куфр ва иймон ўртасидаги нарса намозни тарк қилишдир[1].»



Исломнинг буйруқларига зид ишларни қилиб юрувчи сохта мусулмонлардан Исломга нима наф? Улар оиласига оқ бўлган фарзанд каби эмасмики, фақат насаб жиҳатидан боғлиқликлари бор-у, лекин уларнинг йўлини тутмайди? Ўзига яхшилик истамаган кишидан яхшилик кутиш мумкинми?!



Биз мусулмонлар сон жиҳатидан юз миллионлар билан ўлчанамиз, бироқ солиҳ кишиларнинг сони бир неча ўнлардан ошмайди. Душманни ер тишлатадиган бир дона ҳақиқий ўқ бир уюм ичи бўш патронлардан яхши эмасми? Ўртасида устуни бўлмаган чодирни мингта қозиқ тутиб тура оладими? Исломнинг устуни эса намоздир.



Намоз инсон учун ғоят зарурий эҳтиёждир. Зеро, у инсон ахлоқини поклайди, табиатини жилвирлайди, уни фасод ва тойилишлардан тўсиб қолади, бузуқ ва мункар ишлардан қайтаради. Бир оздан кейин Рабби ҳузурида қўл қовуштириб туришини, агар қалби, нафси ва аъзолари пок бўлмаса, бу вуқуфи ундан қабул қилинмаслигини билган инсон қандай қилиб гуноҳга қўл уриши мумкин?! Ахир жуда кўпчилик мусулмонлар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг «Маст ҳолларингизда намозга яқин келманглар[2]» ояти нозил бўлгач, маст қилувчи ичимликдан бутунлай тийилган эмасмидилар?! Қандай ҳам тийилмасинлар, ахир маст ҳолатда намозга яқинлашиш ман қилинган бўлса, намоз эса кунда беш маҳал такрорланувчи ибодат бўлса, намоздан ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳузурида муножот қилиб туришдан маҳрум бўлиш қўрқуви уларни ичкиликдан бутунлай воз кечишга ундади.



Дўстим, худди шифокор беморнинг ҳароратини вақти-вақти билан ўлчаб турганидек, намоз ҳам инсоннинг икки намоз оралиғидаги амалларини ўлчаб турувчи ўлчов асбоби мисолидадир. Агар амаллари солиҳ бўлса: «маҳкам бўл ва олға бос» деб айтади, бошқача бўлса: «қайт ва тўғрилан» дейди.



Муаззин: «Аллоҳу акбар» деб нидо қилса, мўмин киши дарҳол сергакланади ва албатта Аллоҳ ҳамма нарсадан буюк эканини идрок қилган ҳолда дунё ишларидан суғурилиб, Аллоҳнинг нидо қилувчисига «лаббай» деб жавоб беради.



Аниқ ишонаверинг, намоз ўқийдиган инсондан, гарчи кўп ишларида қинғирликлар бўлган тақдирда ҳам, яхшилик ва тўғриланишини умид қилса бўлади, бир кун келиб намози уни бу нотўғри ишларидан қайтаради. Чунки, у намозида Қуръон ўқийди ва ҳар қанча ғофиллик билан ўқиётган бўлса-да, ўқиётган оятларининг маъносини тадаббур қиладиган лаҳзалар албатта келади ва қалб торлари титраб, унга яхшилик эшиклари очилади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ушбу ояти ҳам шу маънодаки: «Албатта намоз бузуқ ва мункар ишлардан қайтаради.[3]» Аммо, кимки намоз ўқимаса, Қуръон ҳам ўқимайди ва ундан фойдалана олмайди, гуноҳларга ботиб, гумроҳлик ичида қолиб кетаверади.



Еттинчи: Аллоҳ таборака ва таоло бизнинг намозимизга муҳтож эмас. Балки биз У зотга ибодат қилишга муҳтожмиз. У зот халқдан беҳожат ва барча халқ Унга муҳтож: «Эй одамлар! Сизлар Аллоҳга муҳтожсиз, Аллоҳ эса беҳожат ва мақтовга сазовор зотдир. Агар истаса, сизларни кетказади ва янги бир халқни келтиради. Бу Аллоҳга қийин эмасдир.[4]»



У зот инсон фарзандини яланғоч, ялангоёқ, ҳеч вақосиз, ошни тошдан фарқлаёлмайдиган, фойда-зарарни ажратолмайдиган ақлсиз бир ҳолда дунёга келтирди. Ўзи унга ризқ берди, қувватга киргизди, соғлик, ақл, мол-дунё ато этди, еру-осмонлардаги нарсаларни унга бўйсундирди, унга неъматларини ошкору-махфий ҳолда ёғдирди. Шунча катта марҳаматлардан кейин ҳам барча мулклар молики, еру-осмон хазиналари қўлида бўлган зот бизнинг намозимизга муҳтож, деб ўйлайсизми?



Йўқ, балки бизнинг намозимиз У зотга бўлган муҳаббатимизнинг, фазлу-марҳаматларини тан олганимизнинг, неъматларига шукр қилганимизнинг ошкора эълонидир.



Аслида, ўша намозга беэътибор бўлаётган кимсаларга ҳам Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизга берганича ва ҳатто зиёдароқ неъматларни бериб қўйган. Бироқ, биз фазлу-марҳаматни тан олдик, улар эса инкор қилмоқдалар. Гўдаклик пайтларини, ҳеч нарсага молик бўлмаган кунларини унутдилар. Ўлимдан, жамлаган мол-дунёларини меросхўрларига қолдириб кетадиган кундан ғофил бўлдилар. Йиққан нарсаларининг ҳузурини бошқалар кўради, ҳисобини эса ўзлари беришади. Аллоҳга журъат қилиб, такаббурлик билан ибодатидан юз ўгиришди, яқин кунда бунинг жазосига йўлиқишади. «Албатта менга ибодат этишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларида жаҳаннамга кирурлар.[5]»



Эй намозни тарк қилувчи инсон, диндан беҳожат эсангиз, нега мусулмонлик даъвосини қиласиз?! Агар Исломга ишонсангиз, нега намоз ўқимайсиз?! Сизни Аллоҳдан қўрқадиган диндор дейишларини ёқтирмайсизми? Аллоҳга қарши чиқувчи фосиқ аталишни маъқул кўрасизми? Нега бошлиқларингиз фармонларига итоат этасиз-у, Аллоҳнинг амр-фармонларига осий бўласиз? Сизнингча, бошлиқларнинг қадр-қиммати Аллоҳникидан юқорими? Аллоҳ Энг олий ва Энг улуғ зот!



Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига Ҳусойн ибн Убайд келиб, у зотни Қурайш мушрикларига қарши чиқишда, уларни ахмоқ санаб, илоҳларини сўкканликда айблаб тергади. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ҳужжатни барпо қилдилар, ҳақ сўзлари ила ботилини кетказдилар. Охир-оқибат бўйин эгиб, иймон келтирди, ваҳоланки илгари қалби тошдан қаттиқ эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга дедилар:

- Эй Ҳусойн, сен нечта илоҳга сиғинасан?

Ҳусойн деди: - Ердаги еттитага ва осмондаги биттага.

- Агар сенга бирор мусибат етса қайсинисига дуо қиласан?

- Осмондагисига.

- Агар молингга талафот етса кимга дуо қиласан?

- Осмондагисига.

- Унинг бир ўзи ижобат қилади-ю, сен унга бошқаларни шерик қиласанми? Эй Ҳусойн, Исломга кир, саломат қоласан.



Мен ҳам сизга айтаман, эй намоз ўқимовчи ва эй сизни кузатиб турган Зотдан ва сизни кутаётган оқибатдан ғофил мусулмон: намоз ўқинг, Аллоҳнинг қаттиқ азобидан саломат қоласиз. Мусибат келганда Аллоҳга дуо қилиб, яхши кунларда У зотни унутиш сиз учун айбдир, айб!

Абдурроуф Ҳаннавий

Араб тилидан Умму Жамол таржимаси

[1] Сунан ат-Термизий. Ҳадис №2543.

[2]“Нисо” сураси 43 - оят.

[3] “Анкабут” сураси 45 - оят.

[4] "Фотир" сураси, 15,17-оятлар.

[5] "Ғофир" сураси, 60-оят.