Ўша даврдаги хоразмшоҳлар давлатини оқлаш фикримиз йўқ. Мамлакатга шиалар ва турли хил сўфийларнинг турфа тариқатларининг таъсири жуда катта бўлиб, жамиятда шундай илдиз отган эдики, буни фақат ташқи куч орқали ҳал қилса бўлар эди. Бундан ташқари Хоразм Бағдод халифасига бўйсунмасдан, унга қарши жанг қилиб келар эди. Муваффақият гоҳ у тараф, гоҳида бу тарафда эди. Ибн Асир ўша давр мусулмонларининг адашишлари ва гуноҳлари ҳақидаги мавзуга кўпроқ урғу берган (эҳтимол ўша гуноҳлар учун Аллоҳ таоло мусулмонларни мўғуллар билан жазолагандир). Аммо мен бу ҳақида қисқача тўхталаман.
Шундай қилиб, урушни ким бошлади? Мен уруш оловини мўғуллар ёққани ҳақида гапирадиган тарихчилар фикрига қўшиламан. Кимдир Ўтрор ҳокимининг қарорини нотўғри дейиши мумкин. Бироқ у душман жосусларини тутиб, қатл қилдириб жуда тўғри қилган. Ўша вақт мўғуллар босиб олган ерларнинг харитасига кўз югуртсангиз, уларнинг Ўрта Осиёга тўғридан-тўғри хавф солиб турганини англаб етасиз. Шимолда ваҳшийлар жанубдагиларга қараганда одам кам яшайдиган, қашшоқ ва иқлими совуқ бўлган Сибиргача етиб келган эди. Жануб ва Шарқ Чингизхон қўшинларининг зарбаларидан маҳв бўлди. Хитой йўқ қилинди, Жанубий-шарқий Осиёга юборилган Урйанх-Кадай бошчилигидаги мўғул қўшинлари катта талофат кўраётган эди. Беш йил давом этган бу юришларда қўшин таркибининг 80 фоизи йўқ қилинган ва мўғулларнинг маҳаллий аҳолидан қўшин тўплаб, жангларда қатнашиши уларни тўлиқ тор-мор бўлишдан асраб қолди.
Демак, мўғулларнинг мусулмонлар ерлари ҳисобидан ўз ерларини кенгайтиришдан бошқа йўли йўқ эди. Бундан ташқари, ақлдан озган мушриклар бутун ер юзини, то сўнгги денгизгача забт этишни орзу қилар эди.
Буни Чингизхоннинг “Нодир ривоятлар”да айтган сўзлари тасдиқлайди: “Мен бутун дунё мўғулларнинг даштига айланиши, унда подалар ўтлаб юриши ва мўғул аёллар кўкраклари билан болаларини эмдиришини хоҳлайман”. Мўғул ҳукмдорининг бу сўзларини амалга оширишга бўлган ҳаракатлар кўчманчиларнинг жиззаки ҳаракатларини, режаларини тушунишга ёрдам беради. Энг сўнгги “дарё”га қараб юриш қилган мўғуллар Балқоннинг ғарбий қисмларигача етиб борди. Ўша вақт мўғуллар империясининг ҳукмдори Чингизхоннинг ўғли Угедейнинг ўлими уларни тўхтатиб қола олган. Бўлмаса Римгача бир икки юз километр масофа қолган эди.
Айтмоқчи, Хара Даван ва Гумилев каби мўғулларни яхши кўрадиган тарихчилар Чингизхоннинг бу сўзлари, режаларини тушириб қолдирдилар ва урушни мусулмонлар бошлаганини эълон қилишди. Хоразм шоҳи Муҳаммаднинг тажрибасини ҳам инобатга олишимиз керак. У мўғулларнинг ҳарбий имкониятлари ва сўнгги ҳарбий муваффақиятларини жуда яхши билган. Чингизхон ўз атрофида Мўғулистоннинг барча қабилаларини бирлаштириб хитойликларни тор-мор қилгани мусулмонларни ташвишга солган эди.
Дарҳақиқат, агар адолат қарор топса кофир мушрикларнинг давлатлари кўтарилиши мумкин, агар адолат бўлмаса мусулмонларнинг давлати ҳам вайрон бўлиши мумкин. Агар биз Мўғуллар давлати асосчисининг сиёсатига холис назар ташласак, унинг ўз қўл остидагиларга адолатли бўлгани ҳақидаги жуда кўп мисолларни кўришимиз мумкин. Эҳтимол, ўша даврда улар шу жиҳати билан бошқалардан устун бўлгандир. Чингизхон мушрик бўлиб қолди ва мўғулларнининг жоҳил анъаналарини Аллоҳ таоло шариатидан устун қўйган. Чингизхон ўзининг “Ясиқ” китобида (Чингизхон тўқиган қонунлар) мусулмонларга қарши бандларни чиқарган эди. Масалан, “Агар кимдир мусулмонлар каби ҳайвонни сўйадиган бўлса, унинг ўзини сўйиш керак”, дейилган эди. Мўғуллар ҳайвонларни тамоғидан эмас, балки кўкрагидан сўйиб, юрагини суғуриб олиши керак эди.
Хоразмга юборган жосусларининг ўлимини эшитган Чингизхон ғазабдан қайнаб кетди ва шоҳ Муҳаммаддан Ўтрор ҳокими ва мўуғлларнинг карвонидаги юкларни қайтаришини талаб қилди. Аммо Хоразм шоҳи Чингизхон элчиларининг талабларини инобатга олмади. Сўнг элчилар уруш очиш билан таҳдид қилишни бошлаганида уларни қатл этишга буюради. Унинг бу қарори шариатга қанчалик мувофиқлиги ҳақида баҳс қилса бўлади. Чунки пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам ўзини пайғамбар деб эълон қилиб турган Мусайлима каззобнинг элчиларини қатл қилмаган эди. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи вассалам элчига ўлим йўқ, деган суннатни жорий қилганлар. Бироқ, Аловуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ мўғулларнинг элчиларини қатл қилишини тўғри тушунса бўлади. Элчилар димоғларини баланд қилиб, ҳаддан зиёд кеккайиш қилган. Ўзлари мушрик бўлиб, мусулмонларнинг амирлари билан бундай муаммола қилиб бўлмайди. Худди шунга ўхшаш воқеани яна бир мусулмон амири султон Бейбарс ҳам қилган эди. Ўшанда Қоҳирага келган мўғул элчиларининг каллаларини шаҳар дарвозаларига осиб қўйган эди. Ҳозир қадимги Қоҳира деворларидан деярли ҳеч нарса қолмаган бўлса ҳам ўша такаббур элчиларнинг калласи осилган дарвоза ва деворнинг баъзи қисмлари сақланиб қолган.
Абу Муслим. "Буюк синовлар даври" китобидан