loader
Foto

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: Бесоқолбозлик ҳақида

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу жиноятга қаттиқ қарши турганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу амални қилган одам ким бўлишидан қатъи назар, уйланганми-уйланмаганми, иккисини ҳам ўлдиришга буюрганлар. Саҳобаи киромлар эса, бу жинояткорларни қандай ўлдириш тўғрисида турли ижтиҳодлар қилганлар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу уларни қилич билан чопиб ўлдириб, жасадини куйдириб юборишни айтганлар. Ҳазрати Умар ва Ҳазрати Усмонлар (розияллоҳу анҳумо) эса, эски бинонинг тагига ётқизиб туриб, устидан деворни йиқитиб ўлдириш керак, дерлар. Ҳазрати Абдулоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу, юртидаги энг баланд жойдан бошини ерга қилиб ташлаб, кейин тошбўронга тутиш керак, деганлар. Мазҳаб имомлари ҳам шунга ўхшаш фикрлар ила ижтиҳод қилганлар. Имом Абу Ҳанифа, ҳар замоннинг ҳокими шароитга қараб, бошқалар ҳам ибрат оладиган қилиб жазолайди, дерлар. Баччабозликни одат қилган одамни ўлдириш шартлигини ҳам алоҳида таҳкидлайдилар.

Яна айтиб қўйиш лозим бўлган гаплардан бири шуки, эр киши ўз хотинининг орқасига яқинлик қилиши ҳам ҳаромдир.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким аёл кишига ортидан келса, лаънатидир», деганлар.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳайзли аёлга ёки аёл кишининг орқасидан яқинлик қилган ва фолбинга бориб, унга ишонган одам Муҳаммадга нозил этилган нарсага куфр келтирган бўлади», деганлар.

Шунингдек, ҳайвонларга яқинлик қилган одамлар ҳам катта гуноҳкор ва жиноятчи ҳисобланадилар. Баъзи уламолар уни ҳам зинокор ҳисоблайдилар ва зинонинг жазосига тортилиши зарурлигини таъкидлайдилар.

Аммо ҳанафий мазҳаби уламолари бу жиноятни қилган одамга ҳоким, қози ёки бошқа масҳул кишилар ўзлари билиб таҳзир берадилар, дерлар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни Лут қавми амалини қилаётганда топсангиз қилувчини ҳам, қилинувчини ҳам ўлдиринг», дедилар».

Шарҳ: Ҳадисдаги Лут қавми амали, дегани ливота, эркак кишининг эркак кишига жинсий алоқа қилишидир. Бу ифлос иш биринчи бўлиб Лут аҳлининг кофир қавмларидан чиққани учун шу ном аталиб қолган. Бу иш энг разил ва энг бемаҳни жиноятдир. Бу ишни фақат одамгарчилик эмас, балки ҳайвонлик доирасидан ҳам чиққан маҳлуқгина қилиши мумкин. Чунки, ҳеч қандай ҳайвоннинг эркаги эркагига жинсий яқинлик қилгани кузатилган эмас. Ушбу ишни биринчи бўлиб қилган қавм, Лут қавмига Аллоҳ таоло энг ашаддий азобни берган. Уларни ерга ютқазиб юборган. Осмондан устларига тош ёғдирган.

Моликий ва Ҳанбалий мазҳаби уламолари ушбу ҳадисга амал қилиб, ливота қилувчи ким бўлишидан қатъий назар ўлдирилиши шарт, дейдилар. Саҳобалардан Абу Бакр, Умар, Али, Ибн Аббос розияллоҳу анҳулар ҳам шу фикрда бўлган эканлар.

Ливота қилган ким бўлишидан қатъий назар қатл қилиниши керак, деган уламолар ливотачини қатл этишга далил ва ҳужжатларга суянган ҳолларида тўрт хил йўл билан қатл қилишни ихтиёр қилганлар:

1. Ҳазрати Абу Бакр ва Ҳазрати Али розияллоҳу анҳулар ливотачи, қилич билан бошини танасидан жудо қилиш керак деганлар.

2. Ибн АБбос розияллоҳу анҳу, Молик ва Аҳмад розияллоҳу анҳулар, тошбўрон қилиб ўлдириш керак, деганлар.

3. Моликий мазҳаби эса, баланд жойдан ташлаб ўлдириш керак, деганлар.

4. Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу, ливотачини деворнинг остига ётқизиб туриб, устидан деворни ағдариб юбориш керак, деганлар.

Эътибор берадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Лут қавмини ушбу азобларнинг барчасига дучор қилгандир.

Шофеъий мазҳабида эса, ливотачининг жазоси худди зинокорнинг жазосига ўхшайди, дейдилар. Бикр бўлса, дарра урилади, нобикр бўлса, тошбўрон қилинади.

Ҳанафий мазҳаби эса, ливота қаттиқ ва шармандали гуноҳ эканлигида ҳеч шубҳа йўқ, лекин у зино эмаслиги ҳам маълум. Шунинг учун, ливотага зинонинг азобини қўллаб бўлмайди. Ливота учун таъзир берилади дейдилар.

Ҳар мазҳаб ўз фикрини тасдиқлаш учун ҳужжат ва далилларни келтиришади. Замондош уламоларимиз биринчи мазҳабни рожиҳ дейишади. Шу ерда араб тилида «сиҳоқ» деб номланадиган ва аёл киши билан аёл киши орасида жинсий маънода бўладиган жиноятнинг ҳукмини ҳам айтиб ўтиш лозим бўлади. Уламои фиқҳнинг иттифоқи бўйича, бу жиноятни қилганларга шароитга қараб таъзир берилади.

Манба