loader
Foto

ИИВ: “Миразиз Бозоров ташқи кучлар қўллови остида ҳаракат қилмоқда”

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги мазкур ҳолат бўйича расмий видеобаёнот билан чиқди.

“Охирги кунларда Бозоров Миразиз исмли фуқаро ўзининг ижтимоий тармоқларида Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” масжиди олдида ва Aмир Темур хиёбонида ноанъанавий жинсий қарашларга эга шахслар томонидан оммавий намойишлар ўтказиш бўйича чақириқ билан чиққан. Таъкидлаш керакки, Бозоров бундан аввал ҳам бир неча бор жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, шахснинг қадр-қимматини камситувчи, миллатимизга хос бўлмаган хурмача қилиқлари акс этган видео лавҳаларини ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб, ўзининг бузуқ хулқ-атворини оммага намойиш қилиб келган

Натижада, 28 март куни унинг номақбул чақириқларини ўзларига нисбатан ҳақорат деб ҳисоблаган бир гуруҳ фуқароларимиз бу ҳолат юзасидан ўз фикр ва қарашларини билдириш мақсадида Тошкент шаҳридаги Aмир Темур хиёбонига тўпланишди. Бунинг оқибатида мазкур шахслар томонидан оммавий тартибсизлик содир этилиб, жамоат хавфсизлигига путур етказилган. Ўз навбатида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан мазкур тартибсизлик кескин бартараф этилиб, ҳуқуқбузарлик келтириб чиқарган шахслар қўлга олинган”, дейилади ИИВ баёнотида.

Ички ишлар вазирлигининг қайд этишича, Миразиз Бозоров илгари ҳам ўзига нисбатан ижтимоий тармоқларда билдирилган эътирозларга жавобан, ўзини жабрдийда қилиб кўрсатиб, Ўзбекистон ноанъанавий қарашларга эга шахсларга нисбатан гўёки босим ўтказилаётганилигига хорижий давлатларнинг вакиллари ва халқаро ташкилотларнинг эътиборини қаратишга уриниб келган.

“Бузғунчи ташқи кучлар ва ғараз ниятдаги турли халқаро ноҳукумат ташкилотлар кўмаги ва қўллови остида ҳаракат қилаётган ушбу шахс бесоқолбозлик ва шу каби салбий иллатларнинг Ўзбекистон қонунчилигида таъқиқланган бўлишига қарамасдан, уни оммавий тарғиб қилишга ҳаракат қилган ва фуқароларда норозилик, тоқатсизлик кайфияти шаклланишига сабаб бўлган”, дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, Бозоров кеча, 28 март куни ўз уйи олдида номаълум шахслар томонидан ўласи қилиб дўппосланди. У зудлик билан шифохонага ётқизилган.

Тиббиёт муассасасидан олинган маълумотга кўра, унда бош мия очиқ ва ёпиқ жароҳатлари, ўнг қош соҳаси йиртилган жароҳати, кўкрак қафаси ва қорин соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши, ўнг оёқ болдир суяги очиқ синиши жароҳатлари қайд этилган.

Маълумот ўрнида, бундан бир неча кун аввал Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти расмий Тошкентга янги таҳрирдаги жиноят кодексидан бесоқолбозлик моддасини чиқариб ташлашни сўраб, мурожаат киритган эди. Айни вақтда мазкур масала сиёсат ва дин вакиллари, жамоатчилик орасида кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Депутат Расул Кушербоев биринчилардан бўлиб Human Rights Watch’нинг талабига қарши чиқди...

Qalampir.uz Tahririyati