Россия кучлари Украина чегарасига олиб келингани ва Донбассда ҳарбий ҳаракатлар бошланганлиги сабабли АҚШ қуролли кучларининг Европадаги қўмондонлиги армияни энг юқори даражадаги жанговар шайлик ҳолатига келтирди. Бу ҳақда kun.uz сайти Politico нашрига таяниб хабар бермоқда.
Нашрга кўра, Россия Шарқий Европа ва Арктикада фаоллашгани боис Пентагон ҳушёрликни оширмоқда.
Шу билан бирга, The New York Times нашрининг ёзишича, Донбассда тўрт нафар украиналик ҳарбийнинг ҳалок бўлиши ҳамда Украина билан чегарага Россия қўшинларининг келтирилиши Европа ва Вашингтондаги АҚШ юқори мартабали амалдорларининг эътиборини тортган.
26 март куни Донбассдаги Шума посёлкаси ўққа тутилиши натижасида тўрт нафар украиналик ҳарбий ҳалок бўлди, яна икки нафари жароҳатланди.
Украина қуролли кучлари бош қўмондони Руслан Хомчакнинг сўзларига кўра, охирги вақтда Россия бўлажак “Ғарб 2021” ҳарбий машғулотларига тайёргарлик баҳонаси остида Украина билан чегарага – Брянск ва Воронеж областлари ҳамда Қримга қўшинларини жойлаштирмоқда.