loader
Foto

ЕОИИ тартибга солувчи органининг ташкил этилиши жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин

Россия Евросиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ) умумий молия бозори қоидаларини белгилаш ва блок ичидаги гегемонлигини мустаҳамлашга имкон берадиган молиявий тузилмани яратиш режаларини амалга оширишга киришди, деб огоҳлантирмоқда Қозоғистондаги кузатувчилар.

Валюта сиёсати бўйича Маслаҳат кенгашининг 15 апрел кунги йиғилишида ЕОИИга аъзо давлатларнинг марказий банклари молия бозорларини тартибга солувчи миллатлараро органни тузишга оид келишувни муҳокама қилганлар.

Ягона тартибга солувчи орган концепцияси 2015 йил 1 январдан кучга кирган ЕОИИни тузишга оид дастлабки келишувда бор эди. У 2025 йилда офиси Олмаотада жойлашадиган ягона тартибга солувчи органни ташкил этиш учун ЕОИИга аъзо давлатлар молия бозорлари қонунларини уйғунлаштиришга чақиради.

Қозоғистонлик таҳлилчиларнинг огоҳлантиришича, янги субъектнинг ташкил этилиши Қозоғистон ва ЕОИИнинг бошқа аъзолари учун жиддий иқтисодий ва сиёсий оқибатларга олиб келади.

«Биз молия бозорларимизни бирлаштирганимиздан кейин, унда энг кучли ва энг йирик давлат қонун-қоидаларни белгилашни бошлайди», дейди олмаоталик иқтисодчи Арман Бейсембаев.

«ЕОИИ ичида бу давлат – Россия, демак, бу унинг иттифоқдаги таъсири янада кучайишини англатади», деди у.

Унинг айтишича, Россия Марказий банки мамлакатда юқори инфляцияга қарши курашар экан, нархларнинг кўтарилиб кетмаслиги учун иқтисодиётдан пулларни олиб чиқа бошлайди ва рубллар зарб қилишни тўхтатади.

«Одамлар кўп товар сотиб оладиган бўлса, инфляция кучайди. Бунинг олдини олиш учун Марказий банк турли усуллардан фойдаланиб, бозордан нақд пулларни «қуритишни» бошлайди ва янги купюралар босиб чиқаришни тўхтатади», деб қўшимча қилди Бейсембаев.

Аммо Қозоғистон Миллий банки бу муаммога бошқача ёндашади.

«Бизда кўп танга босиб чиқарилади», деди у. «Битта регулятор таъсирига тушиб қоладиган бўлсак, ортиқ бундай қилолмаймиз. Бошқача қилиб айтганда, бизнинг мамлакатимизда қачон ва қанча пул зарб қилинишини Россия ҳал қилади».

«Россия назорати остида»

Бейсембаевга кўра, ЕОИИ ягона валюта жорий қиладиган бўлса, аъзо мамлакатлар автономияси нуқтаи назаридан вазият янада оғирлашади.

2019 йил сентябрда «Российская Газета»га интервью берган Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) бошқаруви раиси Андрей Белянинов рублни ЕОИИнинг ягона валютаси қилиб танлашга чақирган эди.

Россия ва Қозоғистон ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларини кенгайтириш мақсадида 2006 январ ойида ЕОТБга асос солишган. Арманистон ва Тожикистон эса унга 2009 йилда аъзо бўлган, 2010 йилда Беларус ва 2011 йилда Қирғизистон қўшилган. Банкнинг бош офиси Олмаотада жойлашган.

ЕОИИ ягона тартибга солувчи органни ташкил этишда ЕОТБдан ўрнак олиши керак, деб айтган Белянинов.

«Менимча, бу ЕОИИ марказий банкининг пул босиб чиқариш ҳуқуқига эга бўлмаган келажакдаги прототипи», деган эди Белянинов.

Қозоғистон ҳукумати эса ҳар қандай эҳтимолий ўзгаришларга қарши чиқмоқда.

«ЕОТБ раҳбариятининг баёноти воқеликка тўғри келмайди ва ЕОИИ ичида қабул қилинган шартномаларга зид», деб баёнот берган Қозоғистон Миллий банки Беляниновнинг гап-сўзларига жавобан.

Бейсембаев Қозоғистон Миллий банки нима дейишидан қатъи назар, ЕОИИ учун ягона валюта жорий этилишига шубҳа қилмаяпти.

«Фонд бозорларимиз ва божхона сиёсатимиз бирлаштирилади, ягона молиявий бозор тузилади ва унда ягона тартибга солувчи орган пайдо бўлади», дейди у.

«Мантиқан, унинг асосида ягона валюта яратилади ва бундан Россия энг кўп манфаат кўради, чунки пул босмахоналари Россияда бўлади».

Доллардан воз кечиладими?

Россиянинг даъволарига кўра, ягона тартибга солувчи орган ЕОИИга аъзо мамлакатларни мустақил молиявий сиёсат олиб бориш имкониятидан маҳрум қилмайди, деб айтган Нур-Султондаги молия соҳаси таҳлилчиси Андрей Чеботарев.

«Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕОИИ ижрочи органи) аъзолари бир йил аввал Нур-Султонга ташриф буюришганида мен айрим йиғилишларда бўлиб, ягона молиявий бозор масаласини муҳокама қилганман», дейди у.

«Комиссия вакилларига кўра, ягона молия бозори ягона тартибга солувчи органни тақозо этади, аммо ЕОИИда қайси мамлакатда қанча пул чиқарилиб, кредитлар берилиши ва депозит ставкаларини ўша мамлакат Марказий банки белгилайди», деб айтган Чеботарев.

Олди-сотдида АҚШ долларидан воз кечишни кўзда тутувчи ягона молиявий бозор – иттифоқ ичидаги интеграцияни кучайтиришнинг бир йўли, деб айтган у.

«Ахир шу кунгача Қозоғистон ва Россия ўртасидаги ҳисоб-китобларнинг 50 фоизи долларда амалга оширилган», дея таъкидлади у. «Ягона молиявий бозор дунёнинг бу чеккасида АҚШ валютаси таъсирини камайтириши керак».

Бейсембаевга кўра, Марказий Осиёда доллардан фойдаланишни чеклаш имконсиз.

«ЕОИИ таркибида бешта мамлакат бор, Ўзбекистон аъзо бўлишга интилаётгандек, аммо қўшилмаслиги ҳам мумкин, чунки ўзбеклар биз қозоқлардан ақллироқ», дейди у.

«Мамлакатларимизнинг ҳеч бири доллар ва еврога сотиб олинадиган турли маҳсулотлардан воз кечиб, ўз-ўзини таъминлай оладиган даражада мустақил эмас», дейди Бейсембаев.

«Бундан ташқари, Қозоғистон ва Россиянинг халқаро бозорда долларга сотиладиган маҳсулотлари – нефт ва металлари бор», деб қўшимча қилди у. «АҚШ валютасидан воз кечиш ҳақидаги ҳар қандай гап-сўзлар шу ерга келганда тўхтайди.»

«Бизга пул бериш-бермасликни Россия ҳал қилади», деб қўшимча қилди у. «Бизда пул кўп деб қарор қилса, ўзимиз пул чиқара олмаймиз. Россия бизни тўлиқ назорат қилади».